Биласизми, инсон қадр топган юртда яшасангиз, имкониятингиз чекланганини ҳам ҳис қилмас экансиз. Мана шу ишонч сабаб ҳунар ўргандим. Республика “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб, қизиқувчиларга мунчоқлардан матога ва кулолчилик буюмларига безак беришни ўргата бошладим.
“Ташаббус” кўрик танловларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритганман. 2020 йилда “Жасорат” медали билан тақдирланганимда ўзимга бўлган ишончим янада ортди.
Жорий йилнинг 9 август куни эса Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори менга янада куч бағишлади. Боиси, бизга қаратилаётган ҳар бир эътиборга ватанга бўлган меҳримиз, садоқатимиз, меҳнатимиз билан жавоб қайтаришимиз керак, деб ўйлайман.
Қарорда серебрал фалажлик, шунингдек, умуртқа поғонасида паталогик синиш бўлган болаларда мустақил юриш қобилятини қайта тиклаш учун 54 та замонавий экзоскелет ускунаси харид қилиниши белгилаб қўйилгани қувончимни орттирди. Чунки авваллари мана шундай ускуналарга бўлган эҳтиёжнинг қондирилмагани мен каби кўплаб инсонларга ноқулайлик туғдириб келган.
Қарорни ўқиб англадимки, эндиликда ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизмат сифати янада яхшиланади. Ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин. Истаймизми, йўқми, имкониятимиз чеклангани боис, кўп ҳолларда ўзгалар парваришига, ёрдамига муҳтож бўламиз. Ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар соғлиги кескин ёмонлашган, турли даражадаги жароҳатлар олиб, фавқулодда вазиятларга дуч келганда тезкор ёрдам кўрсатиш ҳақида хабар беришнинг инновацион тизими жорий қилиниши, яъни махсус функцияларга эга “Ақлли соат” ёрдамида автоматик тарзда хабар юборишнинг йўлга қўйилишидан жудаям мамнун бўлдим. Бу ҳақиқатдан ҳам, оқилона ўйланган тадбир. Биз учун айни зарур бўлган восита.
Шунингдек, ҳужжат ижроси билан имконияти чекланган шахсларни замонавий электр юритмали ногиронлар аравачалари, кўзи ожизлар учун зарур бўлган техник воситалар билан таъминлаш йўлга қўйилади. Бу, албатта, қувонарли ҳол. Боиси мана шу воситаларга эга бўлишни авваллари узоқ вақт кутишга тўғри келарди, саргардонликларга сабаб бўларди. Ҳужжатда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратилганки, эндиликда бундай овворагарчиликларининг олди олинади: протез-ортопедия ва зарур воситаларга шаффоф электрон навбат тизимини яратиш, яроқлилик муддатини назорат қилиш, мавжуд эҳтиёжни аниқлаш ва ўз вақтида таъминлашга қаратилган “Ижтимоий хизмат” ихтисослаштирилган электрон платформаси йўлга қўйилади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасаларидаги эшитиш қобиляти паст болалар учун давлат томонидан 2 минг дона замонавий эшитиш мосламаси сотиб олиниши, 5 ёшгача бўлган болалар учун жами 615 та кохлеар имплантатлари харид қилиниб, жаррохлик амалиёти орқали уларга ўрнатишнинг йўлга қўйилиши ҳақидаги хабар кўплаб хонадонларга шодлик олиб кирди. Фарзандининг тузалишини ёки унга енгиллик яратиш имкониятини кутиб турган қанчадан қанча юракларга бахт улашди. Жорий йилда 2 минг, кейиги йилда эса 3 минг нафар болада туғма юрак нуқсони ҳамда бош миядаги паталогик ўзгаришлар бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказилиши шунчаки рақамлар эмас. Бу шунча бахтиёр оила дегани. Ҳаётидан мамнун, бахтидан масрур одамлар дегани. Президентимизни дуо қилиб очилган қўллар дегани.
Айтиш жоиз, туғма, паталогик ва орттирилган мушак-склет тизимида муаммоси бор беморлар, кўкрак қафаси деформациясини даволаш учун жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш, ҳамда махсус платинилар харид қилишинг йўлга қўйилиши бугунги кун учун айни муддао эди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг 2021–2025 йилларда электро-пултли махсус кресло аравачаси билан таъминланиши ҳам биз кабиларга катта ишонч, куч бағишлайди.
Жисмоний имконияти чекланган шахс саналсак-да, аслида, биз учун имкониятлар чегарасиз. Буни юртимиз, ҳукуматимиз яратиб бермоқда. Улардан, ақлий салоҳиятимиздан фойдалансак, кўплаб марраларни забт этамиз. Мен ҳаётни жуда яхши кўраман. Уни гўзал қилиш учун эса юқоридаги каби енгилликлардан янада самарали фойдаланаман, бу борада бошқаларга ҳам ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Ҳаётда қоқилишлар ҳаммамизда учрайди. Буни бир сабоқ деб қабул қилиш керак. Нолиш эмас, айнан тик тура олиш керак. Зеро, мазмунли яшашимиз, яхши кўрган касбимиз билан шуғулланишимиз учун зарур имкониятлар яратилган.
Мана шундай эътибор, оталарча ғамхўрлик учун Президентимизга раҳмат. Албатта, биз бунга катта ютуқларимиз билан жавоб қайтарамиз.
Барно НАРЗУЛЛАЕВА,
тадбиркор, Республика “Ҳунарманд” уюшмасига аъзоси,
Ғаллаорол тумани.