Адлия вазирлиги доимий равишда аҳолининг ҳуқуқий онгини оширган ҳолда 2019 йилдан буён фуқаролар томонидан қонун билан кафолатланган ва ҳимояланган меҳнат ҳуқуқлари қай даражада амалга оширилишини ҳамда иш берувчи томонидан ушбу ҳуқуқларга риоя этилишини аноним сўров ўтказиш орқали ўрганиш амалиётини йўлга қўйди.

Мазкур сўровлар амалиётда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши ҳолатига баҳо беришга асос бўлмоқда.

Сўров республиканинг барча туман ва шаҳарларида анъанавий ва онлайн шаклда ўтказилди. Сўровда 40 470 нафар 16 ва ундан катта ёшдагилар иштирок этди.

Сўровда таълим, соғлиқни сақлаш, банк ва молия ташкилотлари, давлат бошқаруви, хўжалик бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа соҳа вакиллари иштирок этди.

Қонунчилик талабига кўра иш берувчи ва ходим ўртасида ёзма шаклда меҳнат шартномаси тузилиши лозим. 2020 йилда 94,2фоиз билан меҳнат шартномаси тузилганлиги маълум бўлди (2019 йил – 96,3фоиз).

Меҳнат шартномасини тузмаслик асосан тадбиркорлик соҳасида ишловчилар орасида қайд этилган.

Дам олиш ва байрам кунлари ходимларни ишга жалб этиш ҳолатлари 2020 йилда камайган. Бу албатта ижобий баҳоланади. 2019 йилда иш берувчиларнинг иш вақтига риоя этилиши ҳақида 68,9фоиз ходимлар хабар берган бўлса, 2020 йилга келиб бу ҳақда 73,7фоиз ходимлар хабар берган. 

Шундай бўлсада, иш вақтига риоя этмаслик ҳолатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ошган (2019 йилда 15,7фоиз, 2020 йилда 19,5фоиз).

Ходимга унинг вазифаларига кирмайдиган ишларни бажартириш ҳолатлари кескин камайган. Хусусан, 2019 йилда вазифаларига кирмайдиган ишларни бажариш 16,2фоиз ходимлардан талаб этилган бўлса, 2020 йилда бундай ҳолатга 8,9фоиз ходимлар дуч келган. Албатта бу ижобий ўзгариш ҳисобланади.

Бундай ижобий ўзгаришларга аҳолининг ҳуқуқий онги ошиши ҳамда уларда ўз ҳуқуқларини талаб қилиш кўникмалари шаклланиши биринчи сабаб бўлса, иккинчи сабаб – иш берувчининг қонун олдида жавобгар эканлигини тушуниши ва хис этишидир.

Ходимларга ўз вақтида меҳнат таътилини бериш ҳолати салбий томонга ўзгарган. Хусусан, 2019 йилда респондентларнинг 90,1фоиз ўз вақтида йиллик меҳнат таътилини олган бўлса, 2020 йилга келиб 87,2фоиз ходимлар ўз вақтида йиллик меҳнат таътилини олган.

Респондентларнинг жавобига кўра 2019 йилда меҳант таътили давомида ишга жалб этилган ходимлар 3,2фоиз ташкил этган, 2020 йилга келиб улар сони 4,4фоиз етган. Таҳлилларга кўра 2019 йилда ҳам 2020 йилда ҳам меҳнат таътили вақтида ишга чиқишга мажбур қилинганларнинг энг кўпи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидир.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тартибига риоя этиш аҳволи ҳам салбий томонга ўзгарган. Хусусан, 2019 йилда 83,3фоиз ходимлар ўз вақтида ойлик иш ҳақларини олишган бўлса, 2020 йилга келиб улар сони 79,3фоиз ташкил этди.

Ойлик иш ҳақини сурункали равишда кечиктириб тўлаш ҳолатлари ҳам ошган, хусусан 2019 йилда мазкур кўрсаткич 3,8фоиз ташкил этган бўлса, 2020 йилда – 5,7фоизга етган.

Шу ўринда, 2020 йилга келиб ходимларнинг ойлик иш ҳақидан уларнинг розилигисиз пул ушлаб қолиш ҳолатлари камайганлигини кўриш мумкин. Ойлик иш ҳақидан ходимнинг розилигисиз ушлаб қолиш ҳолати 2019 йилда 22,5фоиз ташкил этган бўлса, 2020 йилда бундай ноқонуний ҳаракатлар 17,6фоиз ташкил этди.

Қонунчиликка кўра хизмат сафари, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа шу каби хизмат билан боғлиқ харажатлар иш берувчи ҳисобидан амалга оширилиши лозим. Шундай бўлсада, мазкур харажатлар бевосита ходим томонидан амалга оширилиши ҳолатлари кўплаб учрамоқда ва йилдан йилга ортмоқда.

Масалан, 2019 йилда сўров иштирокчиларининг 44,7фоиз ушбу харажатлар иш берувчи томонидан олдиндан тўланишини қайд қилган бўлса, 2020 йилда ушбу ҳолат 38фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, 2019 йилда бундай харажатлар иш берувчи томонидан қоплаб берилмаганлиги ҳақида 28фоиз сўров иштирокчилари хабар берган бўлса, 2020 йилга келиб бу ҳақида 34,7фоиз хабар берган.

Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, хусусан меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш воситалари ва усуллари борасида олиб борилаётган манзилли ишлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда.

Хусусан, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганда ваколатли органларга мурожаат этган ҳолда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолатлари ортмоқда.

2019 йилда ўтказилган сўров қатнашчиларининг 20фоиз уларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганда ҳеч қаерга шикоят қилмасликларини билдирган бўлса, 2020 йилда қонунбузилиш ҳолатига кўз юмадиганлар 13,3фоиз ташкил этди.

Шу ўринда, меҳнат ҳуқуқлари бузилганда ваколатли органга мурожаат қилиши ҳақида 2020 йилда 42,6фоиз сўров қатнашчиси хабар берган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони 2,5 баравар кам бўлган ва 19,4фоиз ташкил этган.

Қайд этилганлардан келиб чиқиб, мамлакатимизда аҳолининг меҳнат ҳуқуқларига риоя этишда қонунбузилиш ҳолатлари учраётганлигини инкор этиб бўлмайди.

Шундай бўлсада, умуман олганда 2020 йилда 2019 йилга нисбатан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи ижобий томонга ўзгарган деса ҳам ўринли бўлади. Буни сўровда қатнашганларнинг жавобидан ҳам кўриш мумкин.

Масалан, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши қониқарли даражада деб 2019 йилда 71,4фоиз сўров қатнашувчилари хабар берган бўлса, 2020 йилда бу ҳақида 81,2 фоиз респондент хабар берган.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими