Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан сўнг юртимиздаги кўплаб топонимик объектлар қайта номланди. Яъни ўзбек тилида жой номларини аташ, расмийлаштириш ишлари амалга оширила бошлади. Бунинг ўзига хос жиҳати шунда эдики, она юртимизнинг барча нуқтаси давлат тилида, миллийлигимизни, маънавиятимизни ва маданиятимизни англатиб туриши керак эди. Ватан мустақиллиги, аввало, унинг тилида акс этиши, ўзбекона жаранглашида намоён бўлиши лозим.

Ўзбек тили расмий мақомда бўлмаган даврларда юртимиздаги аксарият жой номлари бошқа тилда аталиб келинди. Бир миллатнинг мавжудлиги унинг тилига нақадар боғлиқ эканини ўтган давр ва бугунги ҳолат яққол кўрсатиб турибди. Кўплаб жой номлари ўзбекчаси билан алмаштирилганига чорак асрдан ошди, аммо ҳали ҳам “Дружба народов”, “Сорок лет”, “Максим Горький”, “Набережний”, “Электроаппарат”, “Макаронка”, “Парк-озеро”, “Сольнечний” каби эски номлар халқ тилида, мулоқот жараёнида қўлланиб турибди. Бу нимани англатади? Бу тил масаласи, хусусан, жой номлари ниҳоятда нозик масала эканини кўрсатади. Топонимлар инсонларнинг кичик ва умумий ватанларини ифодалайди, шунинг учун ҳар бир топоним қўйилаётганда унинг луғавий маъноси, этимологияси, шу жойга мос хусусиятига катта эътибор бериш зарур.

Жой номлари тилшунослигимизда кам ўрганилган соҳа ҳисобланади. Мазкур йўналишда саноқли олимларгина тадқиқотлар қилган. Бу бир давлат топонимлари тадқиқи учун етарли эмас. Тилнинг яшаб қолиши, авлодларга етиб бориши уч асосий омилга боғлиқ: биринчиси — оғзаки мулоқот; иккинчиси — луғатлар; учинчиси — топонимлар. Aммо ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилмаса, илмий тадқиқотлар кучайтирилмаса, топонимларнинг яшовчанлиги камаяди, маъноси тушунарли бўлмай, мавҳумлаша боради. Бунинг биринчи сабаби шуки, жамиятимизда аҳоли, ҳатто зиёлилар ўртасида ҳам кўпроқ шевага хос талаффуз устунлик қилади, шунинг учун ҳам кўплаб жой номларининг маъноси ўзаро мулоқотда ўзгариб кетган. Aгар муайян ҳудудда яшовчи кишилар ўзлари истиқомат қилаётган қишлоқ, туман ёки шаҳар номларидаги бир товушни нотўғри талаффуз қилса ҳам ўша топоним маъноси ўзгариб кетади ва бу ёзма нутққа ҳам ўз таъсирини ўтказиб, ёзма ҳужжатлар, манбаларда ҳам хато қайд этилишига олиб келади.

Бирор киши билан танишсангиз, доимий сўраладиган саволлардан бири “Қаерликсиз ёки қаердансиз?” бўлади. Шунда мамлакатдан ташқарида бўлсангиз, давлат номини, юрт ичида эса вилоят, туман, маҳалла, кўча, қишлоқ ёки ҳамма биладиган машҳур жой бўлса, шуларнинг номлари келтирилади. Топонимларнинг муҳимлигини яна шунда кўриш мумкинки, тил ўрганиш жараёнида ҳам энг биринчи ўрганиладиган сўзлар жой номларидир.

Қисқаси, топонимлар сизнинг кичик ва катта ватанингизни англатиб туради. Тузумлар ўзгариши тарихга, маънавиятга, маданиятга қандай таъсир қилган бўлса, ундан ҳам кўпроқ тилга, топонимларга катта салбий таъсир кўрсатган. Унинг асоратлари ҳали ҳам жамиятга ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Мустақилликдан сўнг асосий номлар, хусусан, туман, жамоа хўжалиги, кўплаб қишлоқ номлари ўзбек тилида қайта номланди, аммо ҳозир ҳам хоҳ шаҳар, хоҳ тумандан келган талаба ёки ўқувчи бўлсин, қаерлик эканини сўрасангиз, “Энгельс”, “Правда”, “Октябрь”, “Коммунизм”, “Жданов”, “Ильич”, “Победа” ва бошқа жой номлари тилга олинади. Демак, тил масаласига эътиборли бўлиш, айниқса, оммага тез сингиб, жуда секин унутиладиган топонимларни қўйишда етти ўлчаб, бир кесиш лозим.

Ўзбекистонда топонимикани ривожлантириш учун, аввало, мазкур соҳадаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш керак. Ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган кўча, маҳалла, туман, шаҳар, вилоят ва республика, шунингдек, миллат ва уруғ номи маъносини яхши билиши, унинг этимологиясини — қандай келиб чиққани, қанчалик тарихга эгалигини билиши шарт. Буни илмий тадқиқотлар аниқлаб беради.

Замон қанчалик ривожланиб бораётган бўлса, тил ҳам мазкур ижтимоий жараёнларни шунчалик тез ўзида намоён қилиб бормоқда. Ҳар бир миллат ўз она тилига масъул бўлиши нақадар муҳимлиги бугунги номлаш жараёнларида кўринади.

Шу маънода, нуфузли объектларга ном қўйилганда ҳам миллийликка алоҳида эътибор беришимиз лозим. Акс ҳолда, катта шаҳарларда муҳим жойлар инглизча мўлжалларнинг номи билан аталмоқда. Масалан, “Aкфа медлайн”дан ўтиб тушаман”, “Aзия”га етмай тушиб қоламан”. “Мегапланет”да тураман”. Мазкур мўлжални ифодаловчи катта объектлар бора-бора жой номига айланиб кетиши мумкинлигини инобатга олиш керак.

Яна бир муҳим масала бор. Бу —мавжуд жой номларининг ўзбекча талаффузи ва ёзилишини тиклаш. Aҳоли томонидан “Aзия”, “Сергели”, “Согдиана” каби номлар русча талаффуз ва имлода ҳанузгача қўлланиб турибди. Қисқаси, бу борада бир қатор муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Шунингдек, “Бешкапа”, “Учқўрғон”, “Қўтирбулоқ”, “Каттақўрғон”, “Сариқтепа”, “Кенагас” каби аҳоли яшаш пунктлари, маҳалла номлари кўпчиликка тушунарли. Яратилаётган изоҳли, этимологик луғатларда, асосан, “Нисбот”, “Ургут”, “Самарқанд”, “Бухоро”, “Денов” каби топонимларнинг маъноси, келиб чиқиш тарихи изоҳлаб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Мамлакат миқёсида топонимикага доир мавжуд муаммоларни кузатиш, илмий-таҳлилий ўрганиш асносида қуйидаги тавсиялар шаклланди:

биринчидан, топонимларга миллий қадрият, миллий бойлик, миллат тарихи ва маданиятини ўзида мужассам этган, ҳар бир фуқаронинг яшаш манзилини, ҳаёт тарзини, миллий менталитети, шунингдек, урф-одат ва анъаналарини англатиб турувчи маданий ёдгорлик сифатида муносабатда бўлиш.

Иккинчидан, мамлакатнинг асосий университетларида ҳудудлар бўйича топонимика бўйича мақсадли магистратура ва докторантура йўналишларини ташкил қилиш.

Учинчидан, узлуксиз таълим тизимида тегишли фанлар, хусусан, она тили, давлат тили, шунингдек, адабиёт фанлари дарсликларига Ўзбекистон топонимлари бўйича ҳамма ўқувчи учун муҳим ва қизиқарли маълумотлар, матнлар киритиш, шунингдек, топонимларнинг талаффузи ва имлосига алоҳида эътибор бериш лозимлиги бўйича таклифлар юбориш.

Тўртинчидан, ҳозир катта шаҳарларда ҳаммага маълум бўлмаган топонимлар ўрнига ишлатилаётган мўлжални ифодаловчи катта ва нуфузли объектларнинг номланишини назоратга олиш лозим.

Бешинчидан, топонимларнинг изоҳли, этимологик ва энциклопедик луғатлари яратилиши керак. Шу билан бирга, келажак авлодда ўзлари яшаб турган жой номларига муносабатни ўзгартирувчи илмий-оммабоп китоблар, методик қўлланмалар, ўқув луғатлар яратиш, шунингдек, танловлар ташкил қилиш лозим.

Инсон ўзи туғилиб ўсган жой номини эшитганда, ўқиганда, ёзганда энтикиб қолади, чунки унинг болалик хотиралари, ёшлиги, бутун умри, ватан ҳақидаги ҳис-туйғулари бир сўзда мужассам. Ҳар бир киши топонимларни муҳофазалаши, тарғиб этиши, тўғри қўлланишини назорат қилиши керак. Ўзи туғилиб ўсган жой номининг маъносини, келиб чиқиш тарихини билмайдиган, ҳимоя қилмайдиган, ўз шаъни деб билмайдиган киши ватанпарвар бўла олмайди.

Ғофир ҲАМРОЕВ,

педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори