«Таълим сифати» тушунчаси кенг қамровли бўлиб, таълим олувчи миқёсида таълим мазмуни (билим, фаолият юритиш усуллари, ижодий фаолият тажрибаси, ҳиссий-аҳамиятли муносабатлари)ни ўзлаштириш, индивидуал имкониятлари, таълим-тарбия интилишлари ва мақсадларига мувофиқ таълим жараёнининг турли босқичларида эришадиган жисмоний, психик, ахлоқий ва фуқаролик ривожланишнинг маълум бир даражаси тушунилади.

Таълим сифатини бошқариш деганда лойиҳалаштиришни таъминлаш, таълим жараёнлари шароитларига эришиш ва қўллаб-қувватлаш, уни амалга ошириш ва бунинг натижалари тушунилади. Бугунги кунда таълим сифатини назорат қилиш бўйича «Европа ҳудудида Олий таълим сифатини кафолатлаш стандартлари ва кўрсатмалари» (ENQA), Сифат менежменти бўйича Европа фонди стандартлари (EFQM) ва ISO 9000:2000 церийали сифат менежменти бўйича стандартлар (ГОСТ Р ISO 9000–2001) каби халқаро ташкилотлар ўз фаолиятини олиб боряпти. Ўзбекистон таълим тизимига ISO 9001:2000 ни қўллаш бўйича истиқболга мўлжалланган дастурлар амалга ошириляпти.

Дунёда таълимнинг бешта сифат босқичи мавжуд:

  • фаолиятга йўналтирилган;
  • жараёнга йўналтирилган;
  • тизимга йўналтирилган;
  • занжирсимон тизимга йўналтирилган;
  • умумий сифат менежменти. Ҳар бир сифат даражаси oлий таълим муассасасининг такомиллашганлик даражасини аниқловчи саволлар ва воситалар орқали аниқланади. Бу бешта такомиллашиш даражаси ўсишнинг йўналиши ёки бошқа сўз билан айтганда, такомиллашиш учун йўналиш, бунда ОТМ барча беш даражани тартиб бўйича, кетма–кет, биринчидан бошлаб ва такомиллашишнинг охирги энг юқори даражаси билан тугатади. Ҳар бир мезонда «Деминг цикли» (Plan – Do – Cheсk – Act) амалга оширилади, яъни доимий такомиллашиш жараёнини кўзлайди. Мазкур цикл ОТМ ларда сифатни таъминлашда методологик асос сифатида хизмат қилади.

Олий таълим сифатини таъминлаш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича фаолият доирасида республикамизда иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, илм-фан, технологиялар, меҳнат бозори ва уларни ривожлантиришнинг устувор эҳтиёжлари талабларига мувофиқ олий таълим мазмуни ва тузилиши модернизацияланган; халқаро тенденцияларни ҳисобга олиб, меҳнат бозорининг турли малакали кадрларга бўлган эҳтиёжларини мониторинг қилиш тизими яратилди; битирувчиларни иш билан таъминлаш тизими яратилди; таълим муассасаларининг моддий-техник базаси ва инфратузилмаси модернизация қилинмоқда; халқаро сифат стандартларига мослашган ҳолда таълимнинг бошқа босқичларида олий ўқув юртларида тайёрлаш мазмуни ўзгартирилмоқда; олий таълим интеграциясининг турли моделларини қайта ишлаш таъминланмоқда; интеграцион ва фанлараро дастурлар олий мактабида чуқурлаштириш, уларнинг юқори технологиялар билан бирлашиши содир бўлмоқда; фаннинг мутахассисларни тайёрлашда юқори сифатни таъминлашнинг асосий омилларидан бири сифатидаги мақоми ошмоқда; олий таълим муаммоларини хал қилишда иш берувчи ҳамда бошқа ижтимоий шерикларнинг иштироки такомиллашмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида жорий қилинаётган таълим тизимининг миллий модели таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва мамлакатимизга хос бўлган жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2909–сонли қарорида минтақавий ва халқаро тенденциялар доирасида олий таълимнинг долзарблиги ва унинг сифатини таъминлаш мақсадида олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган.

Ушбу вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган воситаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Таълим сифати муҳим категориялардан бири бўлиб, унга мувофиқ халқаро амалиётда беш асосий йўналиш ажратилади: биринчидан, таълимнинг сифатини таъминлаш – олий ўқув юртининг нуфузини ошириш, чунки бундай олий ўқув юртининг битирувчиси меҳнат бозорида қулайроқ мавқега эга бўлади; иккинчидан, таълим стандартларига мувофиқлик; учинчидан, мижозни қаноатлантирувчи таълимгина сифатли ҳисобланиши мумкин; тўртинчидан, истеъмолчи сифатни белгилайди ва унинг ҳар қандай истаги бажо келтирилади. Энг муҳими, олий ўқув юрти бунга пул олади; бешинчидан, олий ўқув юрти жамиятга, ўзи жойлашган минтақага фойда келтиради.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда минтақавий ва халқаро тенденциялар доирасида олий таълимнинг долзарблиги ва унинг сифатини таъминлаш: олий таълим тизимида малакали ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш долзарб ижтимоий-иқтисодий масала бўлиб, олий таълим тизимида мутахассисларни тайёрлаш жараёнига хорижий тажрибаларни татбиқ этиш ва ахборот коммуникация технологиялардан фойдаланиш, олий таълим тизимни бошқаришнинг замонавий модернизациялашган корпоратив ҳамкорликни ривожлантириш, таълимнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, таълим муассасаларининг таълим жараёнини ташкиллаштириш ва молиявий-хўжалик фаолиятини юритишдаги ҳуқуқ ва эркинлигини кенгайтириш бугунги куннинг долзарб масаласи саналади.

А.Р.Ҳамроев,

Бухоро давлат университети

Бошланғич таълим методикаси

кафедраси мудири,

педагогика фанлари доктори.

Қ.Р.Тўхсанов,

Бухоро давлат университети

Мактабгача ва бошланғич

таълим факультет декани.