— Юрак хуружи таҳдид солаётганини билдирувчи белгилар борми?

— Тўш соҳасидаги оғриқ, нафас қисилиши, тез-тез ҳолдан тойиш, юракнинг бетартиб ва тез уриши, бош айланиши, кўнгил айниши ҳолатлари юрак хуружидан огоҳлантираётган бўлиши мумкин. Юрак-қон томир касалликларининг атипик кўринишларида ошқозон соҳасидаги, пастки жағдаги оғриқ ҳам юрак хасталиги белгиси бўлиши мумкин. Бундай беморлар ўз билганича дори-дармон ичмасликни, зудлик билан шифокор кўригига бориб, тиббий кўрикдан ўтиши керак. Ўз вақтида кўрилган ҳар бир чора юрак касалликларининг олдини олишга сабаб бўлади.

— Миокард инфарктини бошидан кечирган беморларга уй шароитида қандай ёрдам бериш мумкин?

— Бундай беморлар стационарда даволаниб уйига қайтгач, диспансер назоратига олинади. Уларни уй шароитида реабилитация қилишда енгил машқларни бажартириш мумкин.

Масалан, енгил бадантарбия тавсия қилинади. Бемор қонидаги биокимёвий кўрсаткичларни, жумладан, липидлар миқдорини доимий текшириб туриш керак. Ўз вақтида тиббий кўрикларга жалб этиш, парҳезга амал қилиши, шифокор буюрган дориларни вақтида қабул қилишини кузатиб, оиладагиларга бемор парвариши бўйича маслаҳатлар бериш лозим.

— Қон босимининг пасайиши сабаби нимада? Бундай беморларга уй шароитида қандай ёрдам кўрсатиш керак?

— Қон босими пасайишининг бир неча сабаблари бор. Масалан, беморда ўткир миокард инфаркт ҳолати бўлса, қон босими бирдан тушиб кетиши мумкин. Юрак ритмининг кескин бузилиши ҳам қон босими пасайишига олиб келади.

Шундай ҳолатларда зудлик билан тез ёрдам чақириб, у етиб келгунига қадар беморни текис ҳолатда ётқизиш, хона эшик-деразаларини очиш, сиқиб турган кийимларни ечиш лозим. Қора чой, кофе бериш мумкин. Билиб-билмай ҳар хил дори-дармон бериш беморнинг аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.

— Юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда оддий ва осон усуллар борми?

— Бу борада ҳар бир инсон қуйидаги шартларга амал қилиши керак. Шу талаблар ортида соғлом юрак сири яширинган, дейиш мумкин:

— чекмаслик;

— бир кунда ўртача 3 километр пиёда юриш;

— доимий равишда мева-сабзавот истеъмол қилиш;

— қон босимининг 140 миллиметр симоб устунидан кам бўлиши;

— юрак уруши бир дақиқада ўртача 70 тадан ошмаслиги;

— қондаги холестерин миқдори ўртача 5 ммол/л дан ошмаслиги;

— липидлар миқдори ўртача 3 ммол/л дан юқори бўлмаслиги;

— ортиқча вазндан холи бўлиш.

Булар ҳар бир инсон амал қилиши мумкин бўлган энг осон ва оддий қоидалар. Профилактиканинг бундай самарали усуллари ҳақида аҳолини хабардор қилишда патронаж ҳамширалар бизнинг асосий таянчимиздир. Х. Фозилов билан кардиология соҳасига оид савол-жавобларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.