Ҳозирги кунда фуқароларда вақт тиғиз. Оила, иш, юмушлар барчамизни бирдек банд қилди. Шу сабабдан давлат хизматларини кўрсатишда креатив ёндашув билан иш олиб бориляпти. Яъни инсонлар гавжум ҳудудлар мобил хизматлар учун танланди.

Сайёр қабулларда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилиши билан бирга, соҳага оид бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди ҳамда сайлов қонунчилиги бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари ҳам ўтказилди.

Албатта фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида ташкилланган мобил давлат хизматлари кўрсатиш ўз самарасини берди. Масалан, 10 октябрда айнан бозорларда кўрсатилган хизматлари сони биргина Фарғона вилоятида жами 758 тани, берилган бепул ҳуқуқий маслаҳатлар эса 1 226 тани ташкил этган бўлса, 16-17 октябрь кунги ана шундай мобил хизматлар вилоятда 2 271 тага етди (16 октябрда 980 та, 17 октябрда 1 291 та). Мобил хизматлар давомида энг кўп СТИР аниқлаш, Пенсия (нафақа) ҳақида маълумот олиш ва Болани давлат мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш учун ариза бериш хизматлари кўрсатилди. Шунингдек, фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш билан биргаликда, тадбиркорлик фаолияти, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр паспортини шакллантириш, ипотека кредити учун субсидия олиш хизматлари кўрсатилди.

— Бахтсиз ҳодиса туфайли оёқларим ярим фалаж бўлиб қолган. Ҳассасиз ёки бирон кишининг ёрдамисиз юролмайман, — дейди Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Собитали Қаххоров. — Бозордан тирикчилик қилишга ҳаракат қиляпман. Уйда ўтиргим келмайди. Оиламга фойдам тегса дейман. Шунинг учун бугунги сайёр қабул давомида тадбиркорлик фаолияти учун ҳужжатлар тайёрлаш масаласида ҳуқуқий тушунча олдим. Тўғриси, ҳужжат ишлари жуда мураккаб деб тасаввур қилардим. Давлат хизматчисининг тушунтиришича, ҳаммаси давлат хизматлари марказларида 15-20 дақиқада ҳал этиларкан. Дўкон очиб иш юритмоқчиман келгусида.

Сайлов қонунчилиги ҳамда ФҲДЁ бўлими хизматлари бўйича 3 428 та бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, деб хабар беради ДХА Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати.