Ташриф доирасида Москва ҳукумати вазири, Москва шаҳар иқтисодий сиёсат ва ривожлантириш департаменти раҳбари К.Пуртов билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда делегациянинг Россия Федерациясига ташрифи доирасида ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилинган Ўзбекистон фуқароларининг муаммоларни ўрганиш ҳамда Ўзбекистонда хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни касбга ва рус тилига ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг турли “воситачилар” хизматларидан фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш, уларни Россияга ишга жалб қилиш жараёнида учраётган муаммолар, Москва шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг қонуний ишлаши масалалари муҳокама қилинди.

Э.Муҳитдинов вазирликка хорижий фуқароларни ишга жалб қилиш масаласида мурожаат қилган иш берувчи ташкилотлар билан учрашув ташкил этиш ва ушбу учрашувда ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиш таклифини билдирди.

Учрашув якунида Э.Муҳитдинов Москва ҳукумати вазирлиги делегациясини юқоридаги масалаларни муҳокама қилиш ва аниқ келишувларга эришиш учун Ўзбекистонга таклиф қилди.