Ер ости бойликларидан фойдаланишда жорий этилган шаффофлик механизмлари ва қонунчилик базасининг такомиллаштирилиши Ўзбекистонни глобал минерал бозорининг муҳим иштирокчисига айлантириб, халқаро миқёсдаги стратегик ҳамкорликлар учун мустаҳкам замин яратди.
Айниқса, 2026 йилнинг бошида Вашингтонда бўлиб ўтган кенг кўламли халқаро тадбир доирасида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида имзоланган стратегик ҳужжатлар пакети ушбу йўналишдаги муносабатларни декларатив босқичдан амалий-саноат босқичига ўтказган муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Шу билан бирга, 2024 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси ҳамда АҚШ ҳукумати ўртасида критик хомашё соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Англашув меморандуми имзоланиши икки томонлама шерикликнинг институционал асосини мустаҳкамлади.
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ва энергетик ўтиш жараёнлари учун ўта муҳим ҳисобланган стратегик ресурслар — муҳим минерал хомашёлар (Critical Raw Materials) ва нодир минераллар нафақат икки давлат, балки бутун дунё саноат хавфсизлиги ва юқори технологиялар ривожи учун фундаментал аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда қиймат занжирини “upstream–midstream–downstream” тамойили асосида ривожлантириш — қазиб олишдан тортиб, қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ технологик циклни йўлга қўйиш устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Инвестиция ва савдо йўналишларида “Traxys” ва “Cove Capital” каби жаҳон компаниялари билан ўрнатилган шериклик Ўзбекистоннинг глобал таъминот занжирини диверсификация қилишдаги стратегик ролини янада мустаҳкамлади. Ушбу ҳамкорликлар шунчаки ресурс қазиб олиш эмас, балки минерал-хомашё базасини юқори қўшилган қиймат занжири асосида ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли иқтисодий стратегиянинг бир қисмидир.
Жумладан, “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ ва “Cove Capital” ўртасидаги мулоқотлар натижасида инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. Ҳозирда ҳамкорлик доирасида конларни ўзлаштириш ва янги истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Саноатни модернизация қилиш ва технологик жараёнларни маҳаллийлаштириш доирасида жаҳоннинг етакчи оғир техника ишлаб чиқарувчиси “Caterpillar” компанияси ва унинг расмий ҳамкори “Zeppelin Uzbekistan” билан эришилган келишувлар алоҳида аҳамиятга эга. Ўтказилган музокаралар натижасида республикамиздаги тоғ-кон корхоналари учун замонавий техникаларни етказиб бериш, уларга юқори сифатли сервис хизмати кўрсатиш ҳамда энг муҳими — бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича қўшма дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шунингдек, “FLSmidth” компанияси билан эришилган келишувлар Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш қувватларини тубдан кенгайтириш ва энг илғор технологик ечимларни жорий этиш имконини бермоқда. Мазкур ҳамкорликнинг асосий устуворлиги технологик ускуналарни маҳаллийлаштириш ва бутловчи қисмларни бевосита республикамизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, махсус сервис марказларини ташкил этиш орқали технологик мустақилликка эришишдан иборатдир.
Молиялаштириш йўналишида соҳадаги йирик лойиҳаларни илгари суришда халқаро молиявий инструментларни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, АҚШнинг етакчи молия институтлари — Халқаро ривожланиш молия корпорацияси (DFC) ҳамда АҚШ Экспорт-Импорт банки (EXIM Bank) билан турли даражада музокаралар ва мулоқотлар ўтказилди. Бу ташаббуслар инвестиция муҳитини янада жозибадор қилишга хизмат қилади.
Соҳанинг истиқболли келажаги бевосита илм-фан ва юқори технологиялар уйғунлигига таянади. Геология фанлари университети ҳамда дунёнинг етакчи Колорадо кончилик мактаби (Colorado School of Mines) ўртасидаги ҳамкорлик доирасида белгиланган стратегик йўналишлар бу борада янги уфқларни очмоқда. Мазкур интеграция доирасида геология-қидирув ишлари мураккаб бўлган ҳудудларда сунъий интеллект ёрдамида янги конларни аниқлашга ихтисослашган замонавий Компетенциялар марказини ташкил этиш, қидирув жараёнларига рақамли ечимлар ва аэрогеофизик технологияларни татбиқ этиш кўзда тутилган.
Шу билан бир қаторда, ТМК ва Массачусетс технология институти (MIT) ўртасида ходимларни MIT Horizon платформасида замонавий рақамли ва ахборот технологиялари, ақлли ишлаб чиқариш, автоматлаштириш ҳамда барқарор ва келажак технологиялари йўналишлари бўйича онлайн ўқитишга қаратилган ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Бундай илмий-техник, саноат ва инвестицион ютуқларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилиши Ўзбекистоннинг минерал-хомашё секторини инновацион асосда тараққий эттириш ҳамда глобал миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.