Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонун ижроси Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Мазкур ўрганиш якунлари  қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинди. Унда депутатлар, соҳага масъул вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ) тизимини ривожлантириш ва улар майдонини халқаро ҳужжатлар талаблари даражасига етказишнинг ташкилий-уқуқий асослари ишлаб чиқилди ҳамда соҳанинг молиявий манбалари аниқлаб берилди. Тизимни тартибга солувчи қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 га яқин фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукуматнинг махсус дастурлари қабул қилинди ва улар ижроси билан 5 та янги МЭТҲларга асос солинди.

Мамлакатимизда олиб борилган ушбу янгича ёндашувлар натижасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар  майдони мамлакат умумий майдонининг 8,3 фоизига етказилди, ваҳоланки ушбу кўрсаткич 2017 йилда 5,2 фоизни ташкил этган эди.

Ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар таҳлили шуни кўрсатадики, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг ижросини таъминлаш юзасидан ҳар иккала вилоятда муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, Жиззах вилоятида “Зомин” ва “Нурота” давлат қўриқхоналари, “Зомин” миллий табиат боғи, “Арнасой” давлат буюртмахонаси, 5 та ўрмон ва 2 та ўрмон-ов хўжалиги, Сурхондарё вилоятида “Сурхон” давлат қўриқхонаси, 6 та ўрмон ва 3 та ўрмон-ов хўжалиги ҳамда қатор сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари, ер ости сувлари ҳосил бўладиган МЭТҲ мавжуд бўлиб, улар турли давлат бошқаруви органлари таркибида фаолият олиб бормоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, ҳар иккала вилоятда МЭТҲни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш борасида амалдаги қонунчиликка риоя қилинган ҳолда фаолият олиб борилган. Қўриқхоналарда илмий ишлар олиб бориш сифати яхшиланган, илмий ишлар ҳажми кенгайган. Ҳудудлардаги МЭТҲда олиб борилган мониторинг натижалари жойларда ноёб ҳайвонлар сони кўпайгани ва нодир ўсимлик турларининг майдони кенгайганини кўрсатмоқда.

Шунингдек, МЭТҲда давлат назорати кучайтирилган, давлат инспекторлари сони оширилган ва уларнинг моддий-техник таъминоти яхшиланган. Ушбу фаолиятда жамоатчилик назоратига ҳам эътибор қаратилган, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор амалий тадбирлар олиб борилган. МЭТҲ илмий ходимлари билан ҳамкорликда биологик ресурсларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ва тарғибот–ташвиқот ишлари олиб борилган, МЭТҲ ходимларига кадастр фаолиятни юритишда услубий ёрдам кўрсатилган. 

Ўрганиш натижаларининг таҳлили соҳада муайян ишлар амалга оширилиши билан биргаликда айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги, қонун нормаларининг тўлақонли бажарилиши таъминланмаётганлиги ва соҳада баъзи муаммолар мавжудлиги маълум бўлди. Хусусан, МЭТҲ бошқарув режаси давлат бюджетидан молиялаштирилиши туфайли барча ҳудудларнинг бошқариш режаси  ички имкониятлардан келиб чиққан маблағлар доирасида ишлаб чиқилган. Бироқ, мазкур бошқарув режаларнинг барчаси ҳам Низомга асосан давлат экологик экспертизасидан белгиланган тартибда ўтказилмаган.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳамда биологик ресурслар давлат кадастрини ўтказиш учун бюджет маблағлари ажратилмаган, ички имкониятлардан фойдаланилган ҳолда кадастр юритиш бўйича бир қатор ишлар бажарилган бўлса-да, аммо замонавий ахборот технологияларидан (GPS, хариталар, расмлар ва бошқа.) фойдаланилмаган. Бу ўз навбатида, ҳайвон ва ўсимлик популяцияларининг тарқалиш жойлари, биомассаси, зичлиги ва шу каби бошқа материаллар кадастрнинг янада тўлақонлилигини таъминлаган ва амалиётда ундан фойдаланиш имконини оширган бўлар эди.

Тадбирда ўрганилган МЭТҲда мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, бугунги кунда Айдар-Арнасой кўллар тизимига сўнгги 5 йилдан бўён Сирдарёдан сув ташланмаётганлиги, қурғоқчилик йилларда коллекторлардан ташланадиган сув ҳажмининг камайиши сабабли кўллар тизимида сув ҳажми камайиши кузатилмоқда. Шунингдек, қирғоқ бўйида айрим фуқаролар томонидан ноқонуний фаолият юритиш ҳолатлари (ноқонуний қурилишлар, сунъий кўллар барпо этиш, чорва молларини ўтлатиш) ҳам учраб турибди. Бу ўз навбатида, ҳудуднинг экологик барқарорлигига, хусусан кўллар тизимининг бир қисмида жойлашган “Арнасой” давлат орнитологик буюртмахонаси биологик ресурсларига хавф солаётганлиги таъкидлаб ўтилди.