Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган фуқароларнинг мурожаатини ўрганиш мақсадида вилоят Туризм ва спорт бош бошқармасининг бошлиғи Азамат Авазов Деҳқонобод туманида сайёр қабул ўтказди, деб хабар берди Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Сайёр қабул жараёнида, Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган жами 8 нафар фуқародан 4 нафари Деҳқонобод туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директор Анвар Тўлаевнинг устидан шикоят қилиб, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида қаноатлантирмаганини таъкидлаб ўтишган.

Шунингдек, спорт мактабида мусобақаларни ўтказиш орқали ўқувчиларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб қилиш бўйича кенг имкониятга эга бўлишига қарамасдан, ўз лавозимига совуққонлик билан ёндошгани боис, Анвар Тўлаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Хабарда айтилишича, Деҳқонобод туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорлиги лавозими учун очиқ танлов эълон қилинади.