Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар беришича, 1968 йилда туғилган А.О. ўз қорамолларини бошқа ер участкасидан яшаш уйига олиб келаётган пайтда, уйи олдида ўйнаб юрган 2023 йилда туғилган Х.Р.ни ва уни ҳимоя қилмоқчи бўлган онаси — 1989 йилда туғилган А.Д. ни қорамоллардан бири сузиб, тан жароҳати етказган.

Янгиқўрғон туманлараро суд-тиббий экспертизасининг 2025 йил 22 июль санасидаги хулосасига кўра, фуқаро А.Д. ўртача оғир, вояга етмаган Х.Р. эса енгил тан жароҳати олгани аниқланган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали маълум қилишича, жабрланувчилар 18 июль куни шифохонадан рухсат этилган бўлиб, ҳозирда амбулатор шароитда даволанмоқда.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Янгиқўрғон тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.