Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 10 июль куни Наманган вилояти инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Илхомжон Сатторов ва Ўзбекистон қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси бошқарув раиси Абдураззоқ Ибрагимовлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Унга кўра, Чуст инновацион ҳудудида Хикол ва Хиплюс қуён зотларини инновацион технологиялар асосида ҳудудий иқлим шароитига генетик мослаштириш ва аҳолининг кам таъминланган қатламида “хонадонбай” усулда кўпайтириш, унинг замонавий селекциясини яратиш лойиҳасини тижоратлаштириш бўйича келишувга эришилган.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида 1,38 миллиард сўм миқдорида молиялаштирилди.

Лойиҳа давомида Чуст туманида истиқомат қилувчи ижтимоий муҳофазага муҳтож, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалардан 50 та хонадонларнинг ҳар бирига 40 тадан зотли қуёнлар тарқатилиб, аҳолини бандлиги таъминланади ҳамда уларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилади.