NATO 2024 йил учун фуқаролик ва ҳарбий бюджетини оширди. Фуқаролик бюджети 438,1 миллион еврони, ҳарбий бюджети эса 2,03 миллиард еврони ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 18,2 фоизга ва 12 фоизга ошган. Бу ҳақда 13 декабрь, чоршанба куни NATO матбуот хизмати хабар берди.

NATO Бош котиби ўринбосари Мирча Жоане таъкидладики, NATOнинг умумий маблағларини кўпайтириш ва кенгайтириш Альянс аъзоларига умумий хавфсизлик муаммоларини янада самаралироқ ҳал қилиш имконини беради.

NATOнинг фуқаролик бюджети NATO ходимлари, штаб-квартиранинг операцион ва дастур харажатлари, халқаро ходимлари учун маблағларни таъминлайди. Ҳарбий бюджет НАТО қўмондонлик тузилмаси штаб-квартираси, миссиялари ва бутун дунё бўйлаб операцияларининг операцион харажатларини қоплайди.

NATOни биргаликда молиялаштиришнинг учинчи асосий элементи, бу – NATO хавфсизлик инвестиция дастури (NSIP) бўлиб, асосий қурилиш ишлари ва қўмондонлик ва бошқарув тизимларига инвестицияларни қамраб олади. 2024 йил учун NSIP чегараси 1,3 миллиард еврони ташкил этади, бу 2023 йилга нисбатан 30 фоизга кўпдир, деб хабар беради korrespondent.net.