Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекция», ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ишчи гуруҳ аъзолари билан ўтказилаётган назорат тадбирларида фуқаролар томонидан нефть маҳсулотларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Хусусан, 15 декабрь куни Тошкент шаҳридаги «Назарбек» йўл патруль постида фуқаро А.Ю. бошқарувидаги Газел русумли автомобиль юкхонасида Ф.Я.га тегишли бўлган 500 литр дизель ёнилғиси ностандарт елим идишларда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига зид равишда олиб кетаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, нефть маҳсулотларини ноқонуний сақлаш, ташиш ва сотиш инсонлар ҳаёти ва мол мулкига жиддий зарар етказиши ҳамда оғир асоратлар қолдириши мумкин. Шу боис, Энергетика вазирлиги тадбиркор ва фуқароларни нефть маҳсулотларини ноқонуний сақлаш, ташиш ва сотишдан огоҳлантиради.
Бу каби ноқонуний ҳолатлар аниқланганда, биринчидан, аниқланган нефть маҳсулотлари мусодара бўлади. Шунингдек, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Қолаверса, юқоридаги каби қоидабузарликларга йўл қўйган шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз.
Ҳозирда ишчи гуруҳлар томонидан туну кун назорат тадбирлари олиб борилмоқда.