Қишлоқ одамлари қуёшдан эрта уйғониб, меҳнат қилишга одатланган. Ерга офтоб тушмай уй, томорқа ишларига улгуриб қолайлик, деймиз. Болалигимиз меҳнат билан ўтган бўлса-да, шамоллашга мойиллигим сабаб отам саломатлигимга жиддий эътибор қаратар, унча-мунча ишга қўл урдирмасди. 

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Мактабни битириб, институтга ўқишга кирдим. Янги кийимларим қаторига онам 3-4 чойшаб тикиб қўшиб қўйди. Чунки яқин орада пахтага кетишимиз айтилган. Соғлиғимдаги муаммо ҳисобга олинмади. Тўрт йил давомида кузни бир хил кайфиятда ўтказдик. Тўғри, биз — талабалар учун у даврнинг ҳам гашти бўлган, бироқ Фурқат, Данғара, Ўзбекистон туманлари атрофидаги далаларнинг, чўлларнинг зах ҳавоси туфайли кўп касал бўлиб қолардим. Тўйиб овқатланиш қаерда дейсиз?! Кимнингдир ота-онаси кўришга келса, “штаб”да байрам бўлиб кетарди.

Институтдан сўнг Бувайда туманидаги боғчада ишладим. Мутахассислигим психолог бўлгани боис, болалар билан ишлаш — жони дилим. Сўнг 38-мактабга ўтдим. Ҳар иккала муассасада ҳам психолог штати битта, бироқ 
пахта терими дейсизми, кўчат ёки гул экиш дейсизми, оқлаш-кўклашми — барча ишни қилдик. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демадик. Бора-бора кўчага ишга чақиришларига ўрганиб ҳам қолдик. Ахир бу фаолиятимизнинг бир қисмига айланиб улгурган эди-да. Супурги кўтариш майли, курак ёки кетмон билан юришга одатландик. Буйруққа итоат қилмасак, ҳайфсан олардик. Энг оғриқлиси, тарбиячиларнинг меҳнатга мажбурланиши ортидан гуруҳдаги 25-30 бола биргина мутахассис қўлида қолиб кетарди. Ясли гуруҳларида ҳали боғчага мослашмаган кичкинтойларга жавобгарлик оғир эди.

Мажбурият ва мажбурлик ўртасида фарқ бор экан. Одам қайси касбга қизиқса, унинг этагидан тутишга ҳаракат қилади. Қайси касбга меҳр қўйса, тизимдаги ҳар бир масала мажбуриятига айланади. Муаммоларнинг ечимини топмагунча тинчимайди. Болаликдан қизиққан соҳам психология бўлгани учун болалар руҳиятини ўрганиш, улар билан ишлашдан завқланаман. Таълим жараёнидан ташқари ҳолатлар эса, ўша пайтларда табиийки, ўз устимизда ишлашга, ўзимизни кашф этишга имкон бермасди.

Кейинги йилларда ҳаммаси ўзгарди, психологлар таъбири билан айтганда, “ижтимоий руҳиятда туб бурилиш” юз берди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда педагоглар шаъни ва қадр-қиммати давлат ҳимоясига олиниши, мажбурий меҳнатга барҳам берилишидан ким энг кўп қувонди? Биз! Бу янгилик ҳақиқий байрамга айланди. Ниҳоят, биз ҳам ўз фаолиятимиз билан машғулмиз.

Бу ўзгариш ва эътиборнинг кичкина муассасамизга ижобий таъсирини айтай. Ўрта маълумотли ёрдамчи тарбиячилар ҳам олий таълим олишни, кичкинтойлар билан профессионал ишлашни истаяпти. Уларни рағбатлантираман, чунки давлатимиз ўқинг, таълим олинг, келажак сизники, дея ёшларни, айниқса, хотин-қизларни руҳлантиряпти. Гуруҳлардаги муҳит ўзгаряпти, тарбиячилар интиляпти, шунга яраша ота-оналар фарзандини мактабгача таълим ташкилотларига беришга ҳаракат қиляпти. Буларнинг бари ҳаётимиз ўзгараётганидан дарак.

Соҳиба ЮСУПОВА,

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 11-ДМТТ директори