Одамлар ҳали ҳам сув ва лой оқимларини тақсимлаш учун қирғоққа перпендикуляр жойлаштириладиган қаттиқ тузилмалардан фойдаланишади. Мазкур турдаги технологиянинг кашфиётчилари хитойликлар эканлигига ишонилган ва бундай турдаги энг қадимги иншоотлар Сариқ дарёда жойлашган. Аммо Судандаги тизимнинг ёши Хитойникидан 2500 йил катта экани маълум бўлди.
Олимлар аввалги маълумотлар, сунъий йўлдош тасвирлари ва маҳаллий аҳолининг гувоҳликлари асосида Суданда юзлаб ана шундай тузилмаларни аниқлашди. Баъзилари Нил дарёси суви остида қолиб кетган, бошқалари қуриганига анча вақт бўлган дарё ирмоқлари ўрнида сақланиб қолган.
Тузилмалар нубияликларга унумдор лой тўплаш ва ерни суғориш, қирғоқ эрозиясига қарши курашиш ва мавсумий тошқинлардан ҳимояланиш имконини берган. Баъзилари эҳтимол балиқ овлашга мўлжаллан ҳовуз вазифасини бажарган бўлиши мумкин.
“Ушбу ниҳоятда бардошли технология 3000 йилдан ортиқ вақт давомида Нубиянинг мураккаб ландшафтларида жамоаларга экинларни етиштириш ва атрофни обод қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлди, дейди Ғарбий Австралия университети археологи Мэтью Дальтон.
Тузилмалар Нил дарёси оқими шимолда, Мисрдаги каби кучли ва барқарор бўлмаган жойларда одамларга омон қолишга ёрдам берди. Аммо милоддан аввалги 1000 йилларда Нубияда жуда қуруқ иқлим ҳукмронлик қилди ва гидротехник тизимлар вазиятни ўнглай олмади. Милоддан аввалги 200 йиллар атрофида айрим ҳудудларда дарёнинг оқими бутунлай тўхтади, қишлоқ хўжалиги ерлари яроқсиз ҳолга келди, деб хабар беради mir24.tv.