— Айрим давлатларда вакцина олганларга ниқобсиз юриш ва ижтимоий масофани сақламасликка рухсат берилаётган экан. Бу қанчалик тўғри?
— Вакцинация жараёнларига аҳолининг 60-70 фоизи қамраб олиниши таъминланса, оммавий иммунитет ҳосил қилиниши тўғрисида кўп бора таъкидлаймиз. Оммавий иммунитетнинг ҳосил қилиниши коронавирус инфекциясини назорат қилиш ва енгиб чиқишда эришилган катта ютуқдир.
Вакцинациянинг тўлиқ босқичларини олган инсон организмида коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилувчи иммун ҳужайралари ишлаб чиқилади. Мазкур ҳужайралар қанча муддат ҳимоя қилиши борасида тўлиқ маълумот бўлмаса-да, бу ҳужайралар титри юқори бўлган даврда инсонга коронавирус инфекцияси юқмайди.
Албатта, бундай ҳолатда вакцинация тўлиқ босқичларини олган ва иммунитет ҳужайралари мавжуд инсонларгина ниқобсиз юриши ва ижтимоий масофани сақламаслиги мумкин.
Баъзи давлатларда вакцинация олганларга ниқобсиз юриш ва ижтимоий масофани сақламасликка рухсат берилиши, шу давлатлар аҳолиси орасида эмланганлар салмоғи 50 фоиз ва ундан ҳам кўпроқ бўлганлиги ҳамда аҳоли орасида оммавий иммунитет ҳосил қилинишига асос мавжудлиги боис бўлиши мумкин. Лекин бундай давлатлар жуда ҳам саноқли.
Шуни унутмаслик керакки, ўтаётган пандемия даври тиббий ниқоблар ва ўзаро масофа сақлашнинг самарасини исботлаб берди.
— Ҳиндистонда кузатилаётган коронавирус инфекцияси мукормикоз билан бирга кечиши ўлим ҳолатининг кўпайишига сабаб бўлаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Бу биз учун қанчалик ҳавфли?
— Ҳа, афсуски, бугунги кунда дунё бўйича касаллик аниқланаётганларнинг 53 фоизи Ҳиндистон аҳолисига тўғри келаётгани ЖССТ томонидан эътироф этилмоқда. Мукормикоз ҳам ҳиндистонлик коронавирусга чалинганлар орасида аниқланаётгани ва ўлим ҳолатини кучайтираётгани тўғрисида ҳам маълумотлар бор.
Мукормикоз – бу замбуруғлар туркумига мансуб инфекцион омил бўлиб, у иссиқ ўлкаларда кўп учрайди. Инсон организмида касаллик учрашига сабаб иммунитетнинг пасайишидир, яъни коронавирус инфекцияси ҳам инсон иммунитетининг пасайишига кучли таъсир қилмоқда. Шу боис, коронавирус билан касалланганларда ҳам мукормикоз кузатилиш ҳолатлари учраб турмоқда.
Олимларнинг фикрига кўра, иккинчи омил антибиотикларни узоқ муддат ёки ноўрин қабул қилиниши иммунитет пасайишига таъсир қилади ва бу ўз ўрнида мукормикоз ривожланишини келтириб чиқариши мумкин.
Инсон организмида мукормикоз, асосан, бурун, томоқ ва ҳалқумда кўпроқ жойлашиши маълум.
Шу боис, аҳолимиздан доимий равишда карантин қоидаларига риоя қилишларини талаб қиламиз. Шу билан бирга вакцинация касалликдан ҳимояловчи ишончли омил эканини яна бир бор таъкидлаймиз.
Мутахассис билан суҳбат Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан уюштирилди.