Мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшларнинг ота-онаси, оиласидан узоққа кетмай олий маълумотли бўлишига кўмаклашиш, ўқитиш тизимининг ишлаб чиқариш билан уйғунлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қатор салмоқли янгиланишларга асос бўлаётир. 

Илгари олий таълимга қамров жуда оз бўлиб, ёшларнинг ўсиб бораётган эҳтиёжига жавоб беролмас эди. Шу туфайли кўп-кўп фарзандларимиз қўшни давлатлардаги ОТМларга бориб ўқишга мажбур бўларди.

Мана шу ҳаққоний талабни теран англаган ҳолда мамлакатимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари сони кескин оширилди. 2017 йилда ОТМлар сони 80 тага ҳам етмаган бўлса, ҳозир давлат ва нодавлат ОТМларни қўшганда 200 тадан кўпроқни ташкил қилади. Шунингдек, олий таълим қамрови ҳам 2016 йилда атиги 9 фоиз бўлган бўлса, ҳозир 40 фоиз атрофида. 2030 йилга бориб битирувчиларнинг 50 фоизини олий таълим билан қамраб олиш режалаштирилган.

Айниқса, олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома нархларининг аҳоли даромадига мос тарзда белгиланаётгани, 2022 йилдан бошлаб илк марта масофавий таълим шакли жорий этилгани, сиртқи таълимда йўналишлар ошаётгани талабаларга ўқиш билан бирга ишлаш учун яхши имконият бўлди.

Олий таълимдаги ижобий ўзгаришларда нодавлат ОТМлар улуши ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, нодавлат ОТМлар сони 20 баробар (2016 йилги 4 тадан 2023 йилда 80 та)дан зиёд ошди. Нодавлат таълим шаклининг янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамлангани ҳам хусусий ОТМлар ва уларда таълим олаётган ёшларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлади. Шунингдек, хусусий университетларда ўқиб, олий маълумотли бўлишга қизиқиш ортмоқда. Бу эса, ўз навбатида, таълим бозорида рақобатни ошириб, нодавлат ОТМларнинг сифатли таълим таклиф қилишга интилишини кучайтирмоқда.

Жумладан, ўтган йили Наманган шаҳрида фаолият бошлаган “University of business and science” нодавлат олий таълим муассасаси жамоаси ҳам олий таълимга қамровни ошириш, ёшларга сифатли таълим бериш йўлида мунтазам изланмоқда. Дастлаб университетга бухгалтерия ва молия, иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича), ахборот тизимлари ва технологиялари, бошланғич таълим, мактабгача таълим, педагогика ва психология, хорижий тил ва адабиёт йўналишлари бўйича абитуриентлар талабаликка қабул қилинди. Айни пайтда ОТМда магистратура ихтисослиги бўйича йигит-қизлар ҳам ўқимоқда. Бакалавриат таълим йўналишлари сони ошган. Айниқса, кундузги, кечки ва сиртқи таълим олиш имконияти мавжудлиги талабаларга ишлаш учун қулайлик яратади.

Бундан бир неча йил олдин хусусий университетларга ҳужжат топширишдан аввал абитуриентларни “Дипломи Ўзбекистонда тан олинадими?” деган савол қизиқтирган бўлса, бугун уларни қай даражада сифатли таълим бериши кўпроқ ўйлантиряпти. Дипломга оид саволлар камайиб, ўқитиш сифатига доир саволлар кўпайгани ёшларда хусусий таълимга ишонч ортаётганини кўрсатади.

“University of business and science”да ривожланган давлатлардаги етакчи университетлар таълим жараёнида қўлланиладиган методлардан фойдаланилади. Бундан мақсад талабаларга мамлакатимизнинг ўзида чет элдагидан кам бўлмаган замонавий ва сифатли таълим беришдир.

Университетда таълим жараёнида эгалланган билим ва кўникмани кейинчалик иш жараёнида қўллай олишга алоҳида эътибор қаратилади. Талабаларга малакали ўқитувчилар дарс ўтади. Замонавий кутубхона ва АКТ хоналари хизмат кўрсатади. Қолаверса, университет юртимиздаги бошқа ОТМлар ва вилоятлардаги тегишли бошқармалар билан амалий тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорликни йўлга қўйган.

“University of business and science”да иқтидорли талабаларнинг илмга интилишини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кундузги таълим шаклида таҳсил олувчи талабаларнинг иқтидори, илмий салоҳияти, маданий-маърифий ва ташкилий ишлардаги фаоллигини рағбатлантириш мақсадида бир семестр учун грант бериш амалиёти жорий қилинган. Яъни грант ютган талаба бир семестр давомида тўлов-шартнома суммасидан озод қилинади. Яқинда 10 нафар талаба айнан шу грантга сазовор бўлди.

Университет ҳудуддаги илмга иштиёқи кучли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга ҳамиша тайёр. Хусусан, шундай лойиҳалардан бири мактаб битирувчилари ўртасида яқинда ўтказилган, умумий мукофот жамғармаси 2 миллиард сўмлик фан олимпиадаси бўлди. Инглиз тили, математика, тарих, она тили ва адабиёт фанларидан ўтказилган олимпиада ғолиблари “University of Business and science”га грант квоталари ва ноутбуклар билан, ўқитувчилари эса қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

“University of business and science” таълим соҳасидаги ислоҳотларга хайрихоҳ сифатида узоқ йиллар фойдали таълим лойиҳалари ташаббускори бўлиб, меҳнат бозорига сифатли ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаб беришга ҳисса қўшишга тайёр.

Исломжон ОЛИМЖОНОВ,

“University of business and science”

нодавлат олий таълим ташкилоти ректори