Ушбу қонун Президентимизнинг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унда қонунчилик ҳужжатлари билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифава функцияларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида ихтисослаштириш, 33 та ваколатни маҳаллий кенгашлар иҳтиёрига ўтказишбўйича вазифа белгиланган эди.
Мазкур қонунни тайёрлаш жараёнида мамлакатимизда қабул қилинган минглаб қонун инвентаризациядан ўтказилиб, уларнинг 78 таси алоҳида ажратиб олинди ҳамда ушбу қонунларгамаҳаллий вакиллик ва ижро этувчи органларнинг ваколатлари аниқ белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шу кунга қадар қонунларда “маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари” деган норма мустаҳкамланар, лекин улар айнан кенгашга тааллуқлими ёки ҳокимликка деган тушунча мавҳум бўлиб қоларди.
Бу жараёнда ваколатларни ажратишда асосий эътибор, фармонда белгиланганидек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган, маҳаллий кенгашларнинг қонунчиликда белгиланган ваколатларига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъуллиги белгиланди.
Фармонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиёти жорий этилиши белгилаб қўйилди. Шу боис, бугун умумий “маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари” деган мавҳум тушунча қўлланмаяпти.
Қонундаги асосий янгиликлар сифатида қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин.
Биринчидан, маҳаллий кенгашлар қонунларда белгиланган ҳудудий дастурлар, режаларнитасдиқлаши ва ижросини назорат қилиши белгиланди. Ижро органлари эса ушбу дастурлар лойиҳасини тайёрлаб, кенгашга киритиши ва ижросини таъминлаши аниқ-тиниқ мустаҳкамланди.
Қабул қилинган қонун матнининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий кенгашлар 39 турдагисоҳавий ҳудудий дастурларни, 2 турдаги режанитасдиқлаши лозим бўлади.
Иқтисодий йўналишда транспорт соҳаси, шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, автомобиль транспортини ривожлантириш, яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, туризм, деҳқон ва томорқа хўжаликларини кучайтириш, ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариб юбориш соҳасини такомиллаштириш, энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, креатив иқтисодиёт соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлаш маҳаллий кенгашлар ихтиёрига берилди.
Шунингдек, маҳаллий кенгашлар зиммасига аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ва транспорт ҳаракатини ташкил этиш режасини тасдиқлаш, қисқа ҳамда ўрта муддатли истиқболда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича тадбирлар режасини тасдиқлаш каби вазифалар ҳам юкланди.
Шаҳар йўловчи транспорти бўйича йўналишларни ташкил этиш, жумладан, янги йўналишлар очиш ва ишлаб турганларини ўзгартириш, бекатлар, тўхтаб ўтиш ва диспетчерлик манзиллари жойлашган манзилни аниқлаш шаҳар йўловчи транспортини бошқариш органи томонидан маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мустаҳкамланди.
Бу жуда муҳим ваколат. Кўп ҳолларда фуқаролар ўз депутатига транспорт хизматини тўғри йўлга қўйиш, аҳолига қулай жойда бекатлар ўрнатиш, автобуслар йўналишларини ўзгартириш каби масалалар бўйича мурожаат қилар эди. Энди маҳаллий кенгаш ушбу масалаларни ҳокимлик орқали эмас, балки ўз қарори билан белгилаши мумкин.
Ижтимоий йўналишда йод етишмаслиги касалликлари ва аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги, репродуктив саломатлигини сақлаш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлаш белгиланган.
Шунингдек, бу йўналишда ёшларга оид давлат сиёсати, болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, мактабгача таълим-тарбия, илмий, инновацион фаолият, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, маданий фаолият соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлаш бўйича маҳаллий кенгашлар ваколатлари мустаҳкамланди.
Экология йўналишида ҳудудий экологик муҳит, атмосфера ҳавоси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш, чиқинди билан боғлиқ ишларни бажариш, гидрометеорология фаолияти, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлаш белгилаб қўйилди.
Суд-ҳуқуқ йўналишида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати, туманлар (шаҳарлар), шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг кўчаларида, шунингдек, хўжалик йўлларида йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича комплекс дастурларни тасдиқлаш ҳам уларнинг ваколати сифатида қайд этилди.
Албатта, ушбу ҳудудий дастурларни тасдиқлаш депутатларга мазкур соҳалар бўйича ўз округидагиаҳоли муаммоларини ҳал қилиш, келгусида масъулларнинг ҳисоботини эшитишда дастурлар ижросига эътибор қаратиш имконини беради.
Иккинчидан, маҳаллий кенгашлар аҳоли учун муҳим соҳа ва йўналишлар бўлган шаҳар йўловчи транспорти, шунингдек, ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учунтарифларни белгилаш ваколатига эга бўлмоқда. Аввал бу ваколат ҳокимларда эди.
Шаҳар жамоат транспортида йўловчи ва багаж ташиш ҳақи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари белгилаган тариф бўйича тўланиши, ушбу органлар шаҳар йўловчи транспортидан фойдаланиш чоғида фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун имтиёзли тарифлар жорий этиши, ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун тарифларни тасдиқлаши белгиланди.
Учинчидан, маҳаллий кенгашларга шаҳарсозлик соҳасида ваколатлар юклатилди. Хусусан, маҳаллий аҳамиятга молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегараларини ҳамда тегишли объектлар ҳудудида шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш тартиботини тасдиқлаш, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига маҳаллий шароитларга мувофиқ ҳудудий зоналарни белгилаш, шунингдек,шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ҳисобга олган ҳолда уларга ер участкаларини ҳамда бошқа объектларни киритиш ваколати берилди.
Табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсирига тушган ҳудудларда алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини умумдавлат аҳамиятига молик объектлар қаторига киритиш, шунингдек, уларнинг чегарасини белгилаш энди ҳудудий кенгашларнинг тақдимномаларига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
Худди шундай ҳудудларда алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларини маҳаллий аҳамиятга молик (умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритилмаган) объектлар қаторига киритиш, чегараларини белгилаш ҳам ҳудудий кенгашларнинг тақдимномасига кўра Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Тўртинчидан, 3 та муҳим экологик масалада маҳаллий кенгашларнинг розилиги олиниши, улар билан келишилиши, жой кенгаш томонидан белгиланиши мустаҳкамланди.
Хусусан, тегишли органларнинг радиоактив чиқиндилар ва кимёвий моддаларни кўмишга ижобий хулосаси бўлиб, масъул орган билан келишилганда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашларининг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланди.
Атмосфера ҳавоси ҳолатига салбий таъсир кўрсатувчи корхоналар, иншоотлар, транспорт магистраллари ва бошқа объектларни қуриш жойларини белгилаш, уларни қуриш ҳамда қайта қуриш лойиҳалари тегишинча ҳудудий кенгашлар, экология ва иқлим ўзгариши соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиб олиниши қайд этилди.
Қонунга кўра, энди чиқиндилар кўмиб ташланадиган жой (бундан хавфли чиқиндилар мустасно) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари томонидан қонунчиликка кўрабелгиланади.
Бешинчидан, 11 та ижтимоий ва экологик, рекреацион объектни ташкил қилиш маҳаллий кенгашлар қарори билан амалга оширилишимустаҳкамланди.
Масъул органлар билан келишган ҳолда тегишли ҳудудда давлат мактабгача таълим ташкилотлари, давлат таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш, айрим турдаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш шулар жумласидан. Шунингдек, ҳудудий кенгашлар қарори билан рекреация зоналари, маҳаллий аҳамиятга молик ботаника, дендрология, табиат ва буюртма қўриқхоналари, табиий питомниклар, курорт табиий ҳудудлар ташкил этилиши белгилаб қўйилди.
Табиий объектлар ўрнатилган тартибда тақдимнома ёки таклиф келиб тушганда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳрикенгашларининг қарори билан давлат табиат ёдгорликлари деб эълон қилиниши мустаҳкамланди.
Маҳаллий кенгашлар айрим муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқаришга аҳолини жалб этиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролар вакиллари маслаҳатлашув комиссияларини тузиши мумкин.
Олтинчидан, маҳаллий кенгашларга авиация, меҳнат, соғлиқни сақлаш, экология йўналишларида муайян чекловлар ўрнатиш ваколати берилди.
Хусусан, ҳудудий кенгашлар ҳудудларнинг экологияси ёки транспорт воситалари ва одамлар ҳаракатининг алоҳида тартибидан келиб чиқиб, авиация ишларини бажариш шартлари ва чекловларни белгилаш ҳуқуқига эга.
Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келганда маҳаллий кенгашлар масъул орган тақдимномасига кўра тегишли ҳудудлар ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин. Бунда чекловчи тадбирлар ўтказиш тартиби ва муддати маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари томонидан белгиланади.
Бундан ташқари, ҳудудий кенгашлар ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни маҳаллий меҳнат органларининг тақдимномаси бўйича ёки мустақил равишда олти ойгача муддатга тўхтатиб туриши мумкин.
Шунингдек, маҳаллий кенгашлар гидротехника иншоотларини жойлаштириш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилган ҳолларда улардан фойдаланишни чеклаш ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда қарорлар қабул қилиши ҳам белгиланди.
Еттинчидан, 3 йўналиш – ўсимлик дунёси объектларидан умумий фойдаланиш, табиий пичанзорлар ва яйлов жойларда пичан ўриш ҳамда чорва молларни ўтлатиш, ҳовли, уй атрофидагиҳудудларини сақлаш ва турар жойлардан фойдаланиш нормалари, тартиби, қоидаларини белгилаш маҳаллий кенгашлар ваколатига ўтказилди.
Аҳоли ҳовлиси, уйи атрофидаги ҳудудларни сақлаш ва турар жойлардан фойдаланишнинг маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари томонидан тасдиқланган қоидаларини бажариши шарт.
Саккизинчидан, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг давлат қўшимча кафолатларни таъминлайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини яратиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини тасдиқлашга оид ваколати белгиланди. Аввал бу ваколатлар ҳокимликда эди.
Қонунга асосан халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан ходимларининг сони йигирмадан ортиқ бўлган ташкилотларда иш ўринларининг камида уч фоизи ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сони сифатида белгиланди.
Иш ўринларини ташкил этишга эҳтиёжнинг дастлабки параметрлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан шакллантирилади, аниқлаштирилади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига киритилади.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш мақсадида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан иш ўринларининг энг кам сони белгиланади, ташкилотлар томонидан эса иш ўринлари захирага қўйилади.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг қарорига мувофиқ белгиланадиган иш ўринлари энг кам сонининг жами сони ташкилотнинг рўйхатдаги ходимлари ўртача сонининг етти фоизидан ортиқни (жумладан,ногиронлиги бўлган шахслар учун уч фоиздан камни) ташкил этиши мумкин эмас. Маҳаллий меҳнат органи томонидан олинган маълумотлар асосида иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисидаги таклифлар шакллантирилади ва туман (шаҳар) ҳудудида жойлашган ташкилотлар кесимида тегишли қарор қабул қилиниши учун халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига ҳар йили 1 октябрдан кечиктирмай киритилади.
Маҳаллий меҳнат органи томонидан тақдим этилган умумлаштирилган таклифлар асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида ҳар йили 1 ноябрдан кечиктирмай қарор қабул қилади.
Ушбу қарорлар асосида маҳаллий меҳнат органлари захирага қўйиладиган иш ўринлари сони, захирага қўйиладиган иш ўринларига қўйиладиган талаблар, рағбатлантириш чоралари тўғрисида, шунингдек, энг кам миқдорда иш ўринларини ташкил этиш ҳақидаги қарорлар бажарилмаган тақдирда, ташкилотнинг мансабдор шахслари жавобгарликка тортилиши ҳақидаги ахборотни 15 ноябрдан кеч бўлмаган муддатда ташкилотларга етказади.
Тўққизинчидан, ички ишлар органлари раҳбарларининг маҳаллий кенгашларга ҳисобот бериш муддати кенгашлардаги иш юкламаси ва ички ишлар органлари раҳбарларининг ўхшаш ҳисоботлари мавжудлигидан келиб чиқиб мақбуллаштирилди.
Яна бир муҳим жиҳат: маҳаллий кенгашларга маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш ваколати берилди.
Ўнинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари табиий объектлар, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектларига ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш ваколатига эга бўлди.
Ўн биринчидан, маҳаллий кенгашларнинг давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мувофиқ бўлмаган давлат иштирокидаги корхоналарни сотиш, қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилиши, муниципал мулкни белгиланган тартибда ижарага ёки ишончли бошқарувга бериш ваколатлари мустаҳкамланди. Яъни уларнинг бинолар ҳамда иншоотларнинг умумий майдони 2000 квадрат метрдан ортиқ бўлган, бироқ 5000 квадрат метрданкўп бўлмаган муниципал мулкни сотиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди.
Қонунда, шунингдек, маҳаллий кенгашларнинг Давлат чегарасини делимитация, демаркация, редемаркация қилиш ва унинг ўтиш чизиғини аниқлаштириш натижаларига кўра эгалик қилиш, фойдаланиш, ижарага берилган ёки бошқа асосларга биноан олинган ер участкаларининг, Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликларининг чегаралари ўзгариши масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш ваколати қайд этилди.
Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган, ҳокимлар ва халқ депутатлари кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, маҳаллий даражада халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш, ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини ошириш, бир сўз билан айтганда, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида номарказлаштиришгазамин яратади.
Сакинахон САИД ГАЗИЕВА,
халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши депутати