Чунки Алишер Навоий туркий адабиётни юлдузлар ёнига олиб чиқди, туркий тилли адабиётнинг мукаммал андозасини яратди, Ҳазратдан кейин туркий тилда адабиёт иншо қилиш расм бўлди, бошқа туркигўй шоирлар ҳам ўз она тилида дадил ёза бошлади. Мирзо Бобурнинг нафис ва мардона рубоий ҳамда ғазаллари, “Бобурнома”, яна бошқа асарлари беқиёс жозибаси, бадиий ва ижодий қиммати билан жаҳон аҳлини мафтун этиб келади.
Қиш фаслининг сўнгги ойи — февраль кейинги йилларда юртимизда адабиёт ойлиги сифатида нишонлаб келинмоқда. Дунёда байрамлар, турли анжуманлар кўп. Шулар орасида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд санаси билан боғлиқ тантаналар нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда кенг миқёсда нишонланади.
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномасида Соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий каби буюк боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмини юксак даражада, ҳар томонлама муносиб ўтказишда маҳаллалар, таълим-тарбия масканлари, меҳнат жамоалари, зиёлилар, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари, умуман, бутун халқимиз фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлаган эди. Бу борада “Ватандошлар” жамоат фонди ҳам ибратли ишларни қилмоқда.
— Президентимизнинг адабиёт ва санъатни, маданият ва китобхонликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини ёш авлодга бекаму кўст етказиш борасидаги сиёсати ижтимоий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этяпти, — дейди “Ватандошлар” жамоат фонди бошқаруви раиси ўринбосари Болиддин Санаев. — Алишер Навоийнинг 585 йиллиги, Мирзо Бобурнинг 543 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида фондимиз томонидан Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан ҳамкорликда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Жанубий Корея, АҚШ, Европа мамлакатларида маданий-адабий тадбирлар уюштирилмоқда. Бу тадбирларда шоир, ёзувчилар, адабиётшунос ва тарихчи олимлар, санъаткорлар, маданият соҳаси вакиллари фаол иштирок этяпти. Бугун турли давлатларда истиқомат қилаётган миллатдош ва ватандошларимиз орасида она тилимиз, маданиятимиз, урф- одатларимиз, санъатимиз, қадрият ва анъаналаримизни ёйиш, тарғиб этиш ҳамда ватандошларимизнинг кейинги авлодлари ҳам улардан тўла-тўкис баҳраманд бўла олишини таъминлаш фондимизнинг асосий вазифасига киради.
Буюк бобомиз Алишер Навоийнинг ҳайкали Токио, Шанхай, Вашингтон, Москва, Минск, Боку, Мозори Шариф, Ўш, Душанбе, Сеул сингари йирик шаҳарларда қад ростлаган эди. 2023 йили Қозоғистон пойтахти Остонада ҳам ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоийга муҳташам ҳайкал ўрнатилди. Ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этган ва нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари: “Ишончим комилки, Алишер Навоий ҳайкали икки халқ ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарининг яна бир ёрқин рамзига айланади, унинг мероси эса яна кўплаб авлодларни буюк ютуқларга илҳомлантиради”, деган эди.
— Ўзбек-қозоқ адабий алоқаларининг илдизи чуқур, — дейди Ўзбекистоннинг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси вакили Баҳром Бердиев. — Қозоқ мумтоз адабиётининг ёрқин вакили Абай Қўнонбоев Алишер Навоийни устоз деб билган. Ғафур Ғулом, Миртемир, Мухтор Авезов, Собит Муқонов даврида қарор топган адабий алоқалар бугун ҳам шукуҳ билан давом этмоқда.
2021 йили Қозоғистон давлат мукофоти совриндори, таниқли қозоқ шоири Насипбек Айтули Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” ҳамда “Садди Искандарий” достонларини қозоқ тилига ўгирган. Кейинги йилларда “Маҳбуб ул-қулуб” асари қозоқ тилига муваффақиятли таржима қилинди. Шунингдек, Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-бадиий асарлар қардошлар тилида чоп этилмоқда. Айни жараён Навоий мероси бутун туркий дунёда фаол ўрганилаётганини кўрсатади.
— Мен ўзбек адабиётини қозоқ тилига, қозоқ адабиётини ўзбек тилига ўгириш билан шуғулланиб, ўзимнинг ижод қаламим ҳам чархланиб бораётганига амин бўлдим, — дейди қозоғистонлик ўзбек шоираси Раъно Дўсанова.
Жорий йил 9-13 февраль кунлари “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан Қозоғистоннинг Туркистон вилояти, Чимкент, Оқтов ва Атирав шаҳарларидаги мактаблар, олий ўқув юртлари, театрлар ва маҳаллаларда адабий учрашувлар, китобхонлик кечалари, қизғин мушоиралар бўлиб ўтди. Туркистон вилояти Келес туманидаги Т. Бегманова номидаги 8-мактабда бўлиб ўтган учрашувда ватандошларимиз ҳамда Абай, Чуқурсой маҳаллаларида яшаётган аҳоли вакиллари билан бирга, нуронийлар, хотин-қизлар, ўқувчи ёшлар, маҳаллий ижодкорлар иштирок этди. Қизиқарли ўтган тадбирда Алишер Навоийнинг 585, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 543, қозоқ ёзма адабиёти асосчиси Абай Қўнонбоевнинг 180 йиллигига урғу берилди.
Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Султонмурод Олим ўзбек ва қозоқ халқларининг уч буюк шоири — Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абай Қўнонбоев адабий меросининг умумбашарий аҳамияти тўғрисида гапирди. Нафақат туркий халқларнинг, балки бутун инсониятнинг маънавий даҳолари бўлган шоирлар асарларининг илмий-амалий талқини, маънавий- маърифий аҳамияти, адабий тафаккур тараққиётидаги ўрни ҳақида атрофлича мулоҳаза юритди.
Ушбу адабий кеча ёш авлод қалбида китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этди. Мактаб кутубхонасига Тошкентдан олиб борилган янги бадиий китоблар, мусиқа асбоблари ҳамда ўзбек миллий либослари совға қилинди. Шунингдек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ҳамда ўзбек тили билимдонлари фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланди. Мактаб директори Мерует Амированинг таъкидлашича, мактабда ўзбек ва қозоқ тилларида таълим берилади. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича мунтазам танловлар ўтказилади. Ғолиблар олий ўқув юртларига имтиёз ва грантлар асосида ўқишга қабул қилинади.
Чимкент шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги 11-мактабда ўтган маънавий- маърифий тадбир шоир бюстига гул қўйиш билан бошланди. Шу ерда улуғ маърифатпарвар жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатларининг энг улуғи мактабдир” деган ҳикматли сўзига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Чунки мактаб энг илғор замонавий жиҳозлар билан таъминланган.
Таълим муассасасидаги тадбирда Тошкентдан борган санъат усталари, маҳаллий санъаткорлар, шоирлар ва адиблар, ватандошларимиз, маҳаллий аҳоли ҳамда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳамда бош консулхона вакиллари иштирок этди. Ўқувчилар томонидан “Хамса” достонлари ҳамда “Бобурнома” асосида тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилгани тўпланганларнинг олқишига сазовор бўлди. 23 та қозоқ, 24 та ўзбек синфи мавжуд бўлган мазкур мактаб директори Гулзина Носир қизи мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанларининг ўқитилиши, адабиёт тўгарагининг фаолияти, аксарият ўқитувчиларнинг Тошкентдаги олий таълим муассасаларида ўқигани ҳақида сўзлаб берди. Мактабнинг ўқувчи ва ўқитувчилар жамоасига Тошкентдан махсус олиб борилган бадиий китоблар, миллий кийимлар, ўзбек чолғу асбоблари совға қилинди.
— Ҳозир Туркистон вилоятида Алишер Навоий номи билан аталган бешта мактаб, музей ва бошқа муассасалар бор, — дейди мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Бегмат Турдиқулов. — Ҳар йили улуғ шоирнинг таваллуд куни арафасида навоийхонлик анжуманлари, мушоиралар ўтказиб келинади.
Шу мавзудаги суҳбатни Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Абдулла Исматуллаев давом эттирди:
— Алишер Навоий ва Мирзо Бобур таваллуди муносабати билан қадимдан Қозоғистон заминида яшаб келаётган биз — ўзбеклар учун бир неча йилдан буён алоҳида дастур асосида маънавий-маърифий тадбирлар уюштириб, ўзбек-қозоқ халқлари ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб келаётган Ўзбекистондаги “Ватандошлар” жамоат фондига, ушбу тадбирларда фаол қатнашиб, ўз ижоди, санъати билан биродарлик алоқалари мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўзбекистонлик шоирлар, олимлар, санъаткорларга самимий миннатдорлик билдирамиз.
Аҳмед Бойтурсунов номидаги мактабда ўтган маънавий-маърифий тадбир ҳам қизиқарли, ранг-баранг дастур асосида тайёрлангани билан ёдда қолди. Мактаб директори Лариса Сиротина ушбу таълим даргоҳида ўзбек тилини ўқитиш ва ўрганиш илғор инновацион воситалар асосида олиб борилаётгани тўғрисида маълумот берди:
— Мактабимизда ўзбек тилида ўтказиладиган “Она тилим — жону дилим” халқаро танлови, фан олимпиадалари ғолиблари кўп, — дейди у. — Маҳоратли ўқитувчимиз Ҳуснобод Саидалиева ўқувчиларга ўзбек миллий қўшиқ ва рақсларини ўргатади. Ўқувчиларимиз шаҳар ва вилоят миқёсида ўтадиган санъат ва маданият тадбирларида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқда.
Туркистон вилояти ва Чимкент шаҳридаги мактаб ўқувчилари ўртасида Алишер Навоий асарларини тарғиб этиш ва ўрганишга қаратилган уч босқичдан иборат танлов Чимкент шаҳридаги Ўзбек драма театрида бўлиб ўтди. Кўрик-танлов қизғин баҳслар билан кечди. Танловни навоийшунос, адабиётшунос олимлардан иборат нуфузли ҳайъат баҳолаб борди. Ҳайъат аъзолари таркибида ўзбекистонлик олим, филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева ҳам бор. Ушбу танлов ҳамда “Она тилим — жону дилим” халқаро танлови, фан олимпиадалари ғолибларига бир неча ташкилотларнинг, жумладан, қўшни республикада ўзбек тилида нашр этиладиган “Жанубий Қозоғистон” газетаси томонидан ҳам қимматбаҳо эсдалик совғалар топширилди. Тажрибали журналист ва публицист Райимжон Алибоев бош муҳаррирлик қилиб келаётган ушбу газета ҳозир катта ададда чоп этилади. У ватандошларимиз орасида қизиқиб ўқилаётганини ҳам айтиб ўтмоқ жоиз, албатта.
Чимкент шаҳридаги Жумабек Ташенов номидаги университет ўқитувчиси Шаҳло Норалиева кўп йиллардан буён шу танловларни ўтказишда ташаббускор ва масъул. Унинг таъкидлашича, Алишер Навоий асарлари ёшларнинг онгига куч-қувват беради, инсонларни, элларни, халқларни бирлаштиради.
Муҳташам театр саҳнасида ўтган бадиий- маданий анжуман якунида Ўзбекистон давлат филармонияси яккахон хонандалари Дилшод Ҳайитбоев ва Дилноза Отахўжаева ижросида Алишер Навоий ва Заҳириддин Бобур ғазаллари асосида халқона, замонавий қўшиқлар ижро этилди.
— Қозоғистон заминидаги миллатдошларимиз, ватандошларимизнинг ҳаёти билан яқиндан танишиб, кузатиб, улар ҳар доим юртимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни диққат билан кузатишига амин бўласиз, — дейди Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консулхонаси биринчи котиби Эркинжон Абдуқаюмов. — Хориждаги ватандошларимизнинг фарзандлари асосан инглиз, рус ёки маҳаллий тиллардаги мактабларда таълим олади. Улар учун, айниқса, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини чуқур ўрганиш ғоят муҳим. Чунки аллома шоирларнинг байтлари, ҳикматлари, рубоийлари ўзга юртларда униб-ўсаётган ўзбек болалари ва ўсмирлар учун кучли тарбиявий аҳамиятга эга.
Консулнинг фикрларини Қозоғистондаги ўзбек диаспораси фаоли, катта ҳаётий ва меҳнат тажрибасига эга инсон — Икром Ҳошимжонов ҳам қўллаб-қувватлади:
— Ўзбек — қозоқ, қозоқ — ўзбек азалдан бир-бирига қиз олиб, қиз берган халқ. Бир-бирининг хонадонидан ҳеч қачон қадами узилмаган. Қадимдан буён давом этиб келаётган ана шу қондошлик, жондошликни янги даврда янги босқичга кўтарган Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларига биз, нуронийлар, фахрийлар раҳмат айтамиз. Кейинги йилларда дунёда рўй бераётган кескин ва зиддиятли воқеалар минтақа давлатларининг ўз келажагини қуришда ҳамжиҳат, ҳамкор бўлишини тақозо этмоқда.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг:
Олам аҳли, билингизким,
иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш
деган ҳикматли сўзлари бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолди.
— Фаолиятим давомида юртимиз бўйлаб ёки хорижий мамлакатларда кўп сафарларда бўлганман ва кузатиб амин бўлдимки, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллат вакиллари бўлган юртдошларимиз, қолаверса, бошқа юртлардаги аҳоли орасида ҳам дўстлик, биродарликни мустаҳкамловчи аҳамиятга эга, — дейди тележурналист Иқболой Қирғизбоева. — Шу боис, Навоий ва Бобурдан бошланган адабий анъаналар ҳозир ҳам яшаб, давом этиб келмоқда.
Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмига бағишланган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир Оқтов шаҳридаги “Дўстлик уйи” бўлиб ўтди. Унда ватандошларимиз — ўзбек ва қорақалпоқлар, шунингдек, озарбайжон, турк, туркман, чечен, осетин, эрон, рус ва беларусь миллий-маданий марказлари вакиллари иштирок этди. “Дўстлик уйи”нинг узун, кенг ва ёруғ залларида ўзбек миллий либослари кўргазмаси ташкил этилди. Бу ерда ҳам мезбон томонга ўзбек тилидаги бадиий китоблар, миллий чолғу асбоблари совға қилинди.
Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси, тарих фанлари доктори Қаҳрамон Матхолиқов таассуротлари, фикр-мулоҳазаларини баён этар экан, Навоий ва Бобур асарларининг Ўзбекистонда ва халқаро миқёсда ўрганилиши, уларни нашр, таржима қилиш борасида қилинаётган ишлар юзасидан янги маълумотларни тақдим этди. Навоий меросини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш ҳамда ёш авлод онгига сингдириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Анжуманда сўзга чиққанлар Навоий ва Бобурнинг бой маънавий мероси, жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр- мулоҳазалар билдирди, маданий чиқишлар намойиш этилди. Мезбон ва меҳмонлар ўртасида бўлиб ўтган самимий суҳбатлар, илиқ мулоқотлар ва айтилган эзгу тилаклар кечага алоҳида файз бағишлади.
— Ўзбек куй-қўшиқлари, шеърларини юракдан соғинган эканмиз, — дейди чимкентлик миллатдошимиз, бир неча йилдан буён “Ватандошлар” жамоат фонди тадбирларида фаол қатнашиб келаётган Юлдуз Жаҳонгирова. — Аслида, она тилимизда жонли ижро этилган қўшиқларга нима етсин.
“Ватандошлар” жамоат фонди, Ўзбекистон Республикасининг Оқтов шаҳридаги бош консуллиги, Қозоғистон халқлари ассамблеяси, Қозоғистондаги ўзбек ва қорақалпоқ миллий маданият марказлари ҳамкорлигида Атирав шаҳридаги “Дўстлик уйи”да Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига бағишлаб ўтказилган адабий кеча адабиёт, маданият ва санъат анжуманига, дўстлик, биродарлик байрамига айланиб кетди.
— Ўзбекистонда аждодлар меросига ҳурмат, миллий қадриятлар ва урф-одатларни асраб-авайлашга эътибор жуда юқори, — деди Атирав шаҳри ҳокими ўринбосари Эрдўст Абдусатторов. — Нафақат олимлар ва кекса зиёлилар, балки ёшлар ҳам Навоийни, Бобурни яхши билади. Уларнинг шеърлари, ғазалларини ёддан айтади. Ҳақиқатан, Навоий ва Бобур асарлари нафақат ўзбек ва туркий тилли халқлар, балки бутун дунё халқларининг ноёб бойлиги эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Қозоқ ва ўзбек халқлари ўртасидаги адабий дўстлик абадий дўстликка айланиб бораётир.
Дилтортар куй-қўшиқлар барчани даврага чорлади, ўйин тушмаган бир киши ҳам қолмади, десак муболаға бўлмайди. Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Жуматоевнинг қўшиқларини залда ўтирган ватандошларимиз жўр бўлиб куйлади.
“Ватандошлар” жамоат фонди фаоллари Ҳожиакбар Исҳоқов, Одилбек Комилов, Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги бош консули Жамолиддинхўжа Абдукаримовнинг жонбозлиги билан юқори савияда ташкил этилган ушбу байрамда миллий маданият марказлари, ўзбек ва қозоқ ёшлари вакиллари иштирок этди. Тантанали тадбир ўзбек, қорақалпоқ ва қозоқ санъат усталарининг куй-қўшиқлари, рақслари билан якун топди. Шунингдек, “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Қозоғистондаги ўзбек ва қорақалпоқ миллий марказлари билан келгусидаги ҳамкорлик режалари муҳокама қилиниб, янги лойиҳалар бўйича келишувларга эришилди.
Хуллас, Қозоғистонда инсониятни камолотга чорловчи ғоялар ижодкори бўлган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди. Юқори савияда ўтган барча тадбирлар ва анжуманларда улуғ мутафаккир ва аллома шоирларнинг улкан маънавий мероси бугун ҳам миллатларни, қалбларни яқинлаштиришга хизмат қилиб келаётгани таъкидланди.
Салим АШУР,
Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист