Мазкур Фармоннинг мақсади – ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муомаласининг объекти сифатида эркин муомалага киритишдан иборат.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан:

  • Ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши;
  • Ер участкалари давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
  • Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниши (бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар сақланиб қолади);
  • Ижарага олинган ер участкасидаги кўчмас мулк бошқа шахсга ўтган тақдирда, ер участкасига ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши;
  • Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов орқали фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши;
  • Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши;
  • Барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши (айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтда ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади);
  • Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши (ушбу ерлар хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин);
  • Кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси мулкдорларга умумий фойдаланиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, 2021 йил 1 августдан Вазирлар Маҳкамаси фақат қуйидаги ҳолларда ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳақли:

  • Давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига – Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан;
  • Агросаноат кластерларига – ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан;
  • Энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 млн. АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун – лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисоб рақамга жойлаштирилганда;
  • Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга – ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда (халқаро бирлашмалар ва ташкилотлардан ташқари).

Ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилди (ишчи орган - прокуратура).

Фармонда кадастр органлари ердан мақсадсиз фойдаланишни аниқлаганда, ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкинлиги қайд қилинди.

Бундан ташқари Фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг ерга оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинди:

  • Ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;
  • Туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
  • Суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
  • Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
  • Хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш;
  • 2020 йил 1 августдан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар тўлиқ бекор қилинади.

Давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланди.

Мақсудбек Саидов,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси