Қайд этилганидек, ҳозир вилоятда 2,9 миллион аҳоли бўлиб, шундан 30 ёшгача бўлганлар 1,6 миллион (53 %) нафарни ташкил этади.

Маълумки, авваллари давлат органлари ва ташкилотларида 30 ёшгача бўлган ёшларнинг улуши камлиги (Тошкент вилоятида мавжуд 9 минг 647 нафар давлат фуқаролик хизматчиларидан 2 минг 628 нафари яъни 27,2 фоизи ёшлар), ёшларни давлат хизматига кенг жалб этиш юзасидан ишларнинг тизимли равишда ташкил этилмаганини кўрсатди. Ёшлар ва давлат ташкилотлари раҳбарлари орасида алоқа йўқлиги, ушбу ташкилотлар фаолиятида уларнинг бевосита иштирок эта олиш имконияти расмийлигича қолаётгани каби бир қатор муаммолар мавжуд эди.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 30 июнда Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида сўзлаган нутқида истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида «Келажак лидерлари» клублари ташкил этилиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш Агентлиги томонидан олий таълим муассасалари талабалари, давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритиб келаётган 21 ёшдан 35 ёшгача бўлган йигит-қизлар учун мазкур клубни ташкил этиш бўйича танлов эълон қилинди. Барча ҳудудлар қатори Тошкент вилоятида ҳам катта қизиқиш билан ташкил этилган лидерлар клубига 40 нафар йигит-қиз саралаб олинди. Уларининг 30 нафари давлат хизматчилари, 10 нафари талаба ҳисобланади.

Форумда клуб аъзоларининг 90 кунлик иш фаолияти бўйича махсус видеоролик намойиш қилинди. Унда бевосита клуб аъзоларининг жойлардаги ишлаб чиқариш, халқ хўжалигининг турли тармоқлари ва давлат идораларидаги фаолияти, иш юритиш тартиби билан яқиндан танишувлари акс этган.

Клуб аъзолари орасида Янгийўл шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирзобек Хасанов ҳар жабҳада ижтимоий фаоллик кўрсатиб, ҳудуд ёшларига ўрнак бўляпти. Жумладан, «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати доирасида туманида Ёшлар боғи барпо этиш, «Бизнес марафон» лойиҳаси каби кўплаб амалий тадбирларда туман ёшларини бирлаштиришдан чарчамайди. Айниқса, ёшлар ўртасида «Бир лидерга бир китоб» шиори остида #Kitobxon_lider_chellenji эстафетасини оммалаштириш бўйича ишлар самарали бўлди. Шу асосида клубнинг махсус кутубхонаси ташкил этилди.

Жорий йил мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеалардан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этди. Хусусан, сайловолди ташвиқоти даврида фаол иш олиб борган 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси таркибида ҳудудда сайлов жараёнини яхши ёритиш мақсадида Матбуот маркази ташкил этилган эди. Матбуот маркази округ сайлов комиссиясининг календарь иш режаси доирасида ўзини медиа-режа ишлаб чиқиб, шу асосда фаолият олиб борди. Унга «Келажак лидерлари» клуби аъзоси А. Мусаев раҳбарлик қилиб, самарали тарзда иш олиб борди.

Шунингдек, айни пайтда талаба бўлишига қарамай Ўрта Чирчиқ тумани, Нурафшон шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётга оид мавзуларини кенг ёритувчи «Машъал» газетаси мухбири Отабек Исроилов ҳам кўплаб натижаларга эришди. Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ватан тараққиётига менинг ҳиссам» республика танловининг Тошкент вилояти босқичи «Адабиёт ва публицистика» йўналишида Тошкент вилояти «Келажак лидерлари» клуби аъзоси Отабек Исроилов турли мавзулардаги журналистик материаллари учун биринчи ўринни эгаллади.

Аслида барча клуб аъзолари ўзи фаолият юритаётган ва ўқиётган йўналишда жуда кўп ютуқларга эришяпти.

Ҳозир клубда фаоллик кўрсатган аъзоларга кредит-балл тизимида тегишли баллар қўйиб бориляпти. Ёш лидерлар ушбу балларни клуб томонидан тақдим этиладиган имтиёзларга алмаштириш имконияти бор. Бундан ташқари, клуб аъзолари билим ва тажрибасини ошириш мақсадида чет тилларни бўйича билимини ошириш, компьютер дастурларини ўрганиш мақсадида турли йўналишларда онлайн дарслар ўтиляпти.

Тадбирда ёшларнинг турли стартап лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди. Клуб аъзоларининг фаолият самарадорлигини баҳолаш натижалари бўйича энг фаолларга эсдалик совғалари топширилди.

Элдор Исаев,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Тошкент вилояти филиали бош инспектори.