Об-ҳаво ҳақидаги тезкор, аниқ ва ишончли маълумотлар нафақат кундалик ҳаётимизда, балки ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ривожида ҳам муҳим ўрин тутади. Бироқ мамлакатимизда йиллар давомида мазкур соҳага етарли эътибор берилмагани оқибатида бу йўналишга замонавий ускуналар ва технологияларнинг татбиқ этилиши талаб даражасида эмас эди. Аэрологик кузатув 1995 йилдан буён ўтказилмайди. Бу эса об-ҳаво маълумотларининг ишончли ва аниқ бўлиш даражасини пасайтирмоқда. Шу боис, гидрометеорология хизматини замонавий илм-фан ютуқлари асосида ривожлантириш, аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.
Жорий йил 3 ноябрда Президентимиз томонидан мамлакатимизда гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда соҳа фаолияти чуқур таҳлил этилиб, гидрометеорология хизматини ривожлантириш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу йўналишда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ўз ифодасини топди.
Хусусан, 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси, уни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”, Гидрометеорология хизмати маркази кузатув тармоғини кенгайтириш ва автоматлаштириш бўйича дастур тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази бош директори Шерзод ҲАБИБУЛЛАЕВ билан мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, гидрометеорология хизмати тизимини такомиллаштириш, соҳада илм-фан, инновациялар ютуғидан кенг фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашдик.
— Мамлакатимиз гидрометеорология хизмати минтақамизда гидрометеорология, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасидаги масалаларни ҳал этиш учун махсус ваколатли орган ҳисобланади, — дейди Ш.Ҳабибуллаев. — Бугунги кунда миллий гидрометеорология хизмати 330 дан ортиқ гидрометеорологик кузатувлар ва атроф-муҳит ифлосланиши мониторингини олиб борувчи пунктларни бирлаштириб, улар ёрдамида 240 турдан ортиқ прогностик, сунъий йўлдошлардан олинадиган, таҳлилий, ихтисослаштирилган ва маълумотнома тусидаги гидрометеорологик маҳсулотлар тайёрланмоқда. Тўпланган маълумотлар нафақат мамлакатимиз аҳолиси ва ишлаб чиқариш тармоқларимиз учун, балки минтақа ва халқаро миқёсда ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Шу боис, соҳани замон талабидан келиб чиқиб тубдан ривожлантириш хавфсизлик ва барқарор ривожланишга эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йил 3 ноябрда бўлиб ўтган йиғилишда соҳанинг бугунги ҳолати чуқур таҳлил этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб берилди. Амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар тўртта йўналишни ўз ичига олади. Аввало, замон талабига мос келмайдиган техника-технологияларни янгилаш лозим. Техникаларни шунчаки янгилаш эмас, янги замонавий постлар яратиш, автоматлаштирилган тизимга солиш, замон талабларига мос равишда реал вақт ичида маълумотлар олиш бўйича тизим яратиш олдимизда турган муҳим вазифадир.
Ҳозирги фойдаланиб турган сунъий йўлдош маълумотлар базаси, ер усти станциялари ва постлари етарли даражада бўлмаганлиги ва уларнинг тўлиқ автоматлашмаганлиги ҳисобига тизимдаги маълумотларни тезкор олиш имконияти паст эди. Шундан келиб чиқиб, ҳавонинг ўзгариши, булутларнинг йўналиши, шамол, сувларнинг оқим, атроф-муҳит ифлосланиши мониторинги бўйича ягона географик ахборот-таҳлилий геопорталини ишга тушириш режалаштириляпти. Шунингдек, 2022 йилнинг якунигача Ўзгидрометнинг архив фондида қоғоз шаклида сақланиб келинаётган гидрометеорологик ва атроф-муҳит ифлосланиши мониторинги маълумотларини рақамлаштириш орқали маълумотларнинг ягона электрон фонди шакллантирилади. Гидрометеорологик кузатув тармоғи станциялари ва постлари сони амалдаги 335 тадан 397 тага, яъни 62 тага ортади. Соҳа фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланиш ҳамда ҳозирги кун талабларига жавоб берадиган веб-ресурсларни шакллантириш ва уларнинг мобиль иловалари жорий этилиши кутилмоқда. Соҳадаги бу туб ўзгаришлар фаолиятимизга замонавийлик олиб киради, тезкорлик ва маълумотлар аниқлигини оширади. Энг асосийси, рўй бериши мумкин бўлган табиий офатлардан олдиндан хабардор бўлиш тизими йўлга қўйилади. Бу эса аҳоли хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омилидир.
— Соҳада хизмат кўрсатиш жараёнларини босқичма-босқич тижоратлаштириш масаласи кун тартибига кўтарилмоқда. Бу гидрометеорология соҳаси ривожида қандай ўрин тутади?
— Метеорологик маълумотларга бугун инсон эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ошган. Кундалик ишларимизни режалаштиришда об-ҳаво қанчалик муҳим ўрин тутса, турли соҳаларда ишларни ташкил этишда ҳам шунчалик аҳамиятли. Шу боис, об-ҳаво ҳақидаги аниқ ва тезкор маълумотларнинг қиймати баланд хисобланади. Бироқ ҳозирги кунда бизнинг тизимда хизмат нархлари харажатга нисбатан кам бўлиб, 15 йилдан буён кўриб чиқилмаган. Шу боис, бу йўналишдаги ишларни қайта кўриб чиқиш ва пулли хизматлар қамровини кенгайтириш лозим. Бу борада фойдаланилмаётган имкониятлар кўп. Масалан, келгуси йили давлат-хусусий шериклик асосида Кармана ва Нуробод туманларида биттадан қуёш электр станцияси, 2022 йилда учта қуёш ва битта шамол электр станцияси барпо этилади. Уларда ишлаб чиқариш ҳажмини режалаштириш учун метеорология хизматларига зарурат мавжуд. Шунингдек, об-ҳавони прогноз қилувчи интернет платформалар, кластерлар ва хорижий илмий муассасаларга пулли хизматлар кўрсатиш мумкин бўлади.
— Ўзгидромет Жаҳон метеорология ташкилотининг минтақавий маркази ҳисобланади. Бу мақомни сақлаб қолиш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш борасида қандай чора-тадбирлар режалаштириляпти?
— Дарҳақиқат, Ўзгидромет Марказий Осиё давлатлари учун Жаҳон метеорология ташкилотининг минтақавий ихтисослаштирилган метеорология маркази, шунингдек, Жаҳон метеорология ташкилоти Жаҳон об-ҳаво хизматининг гидрометеорологик маълумотларни тўплаш, ишлов бериш ва тарқатиш бўйича минтақавий телекоммуникация маркази функцияларини бажариб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу мақомни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаб, 2022 йилда Самарқандда захира маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича минтақавий хаб ташкил қилишга кўрсатма берди.
Гидрометеорология хизмати марказига келгуси йилда ҳар бир вилоятда қўшимча агрометеорология постларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг грант лойиҳалари доирасида Жиззах ва Қашқадарёда агрометеорология ва метеорология станция ва постларига автоматик ўлчов воситалари ўрнатилиб, хизматлар сонини амалдаги 9 тадан 14 тага етказиш, кейинчалик буни барча ҳудудларда кенг жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. Фермер хўжалиги ва кластерларга онлайн хизмат кўрсатадиган дастурий таъминот ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, соҳадаги илмий ишларни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга эътибор кучаяди. Бу борада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзгидрометнинг Тошкент гидрометеорология коллежи негизида Тошкент гидрометеорология техникумини ташкил этилиши айни муддао бўлди. Айтиш жоизки, техникумда Жаҳон метеорология ташкилотининг минтақавий ўқув маркази сифатида гидрометеорология соҳасида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш баробарида гидрометеорология, хавфли гидрометеорологик ҳодисалардан огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш, авиацияга метеорологик хизмат кўрсатиш ва атроф-муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида фаолият юритувчи ходимларнинг малакаси оширилади.
Бундан ташқари, Ўзгидрометнинг БМТ Жаҳон Метеорология Ташкилоти, Европа об-ҳавони прогнозлаш маркази (ECMWF), МДҲ мамлакатлари миллий гидрометеорология хизматлари билан ҳамкорлик кенгаяди.
— Об-ҳавони олдиндан аниқ ва тезкор прогноз қилишда ўзимиздаги метеостанцияларнинг маълумоти етарлими ёки бу борада хорижий метеостанциялар билан маълумот алмашиш зарурми?
— Об-ҳавони прогноз қилишда Жаҳон метеорология ташкилотининг ўз талаблари бор. Синоптик мутахассисларимиз об-ҳавони прогноз қилишда, яъни далиллар ва маълумотлар асосида олдиндан айтиб беришда ана шу талаблар асосида иш юритади. Прогнозларни ишлаб чиқишда, асосан, об-ҳаво хариталари асосида тузилган метео маълумотлардан фойдаланилади. Об-ҳаво хариталари уч турда бўлади. Булар — ер устидаги метеорологик маълумотлар, атмосфера ҳавосининг баландликлар кесимидаги метеорологик маълумотлар ҳамда турли Ер сунъий йўлдошлари ёрдамида олинган метео тасвирлар асосида ишлаб чиқилган хариталардан иборат.
Дунёда мавжуд метеорология станцияларида ҳар уч соатда бир вақтда узлуксиз метеомаълумотлар узатиб борилади. Бу маълумотлар асосида ер устидаги об-ҳаво хариталари ишлаб чиқилади. Бу маълумотлар метеорологияда энг ишонарли маълумотлар бўлиб, бунда бир вақтнинг ўзида бутун дунёдаги об-ҳаво маълумотлари битта харитада мужассамлашади. Унда турли оқимлар ҳаракати яққол тасвирланади. Ҳар бир оқимнинг физик хоссалари иқлимшунос олимлар томонидан атрофлича ўрганилган бўлиб, оқимлар ҳаракатига қараб, кейинги кунлик об-ҳаво прогнозлари ишлаб чиқилади. Дунёда барча метеорологик станциялар бериб бораётган маълумотлар бир тизимга жойлашган.
— Гидрометеорология соҳасида илмий салоҳиятимизга қандай баҳо берасиз ва бу борада қайси хорижий илм-фан марказлари билан ҳамкорлик қилинади?
— Барча тармоқларда бўлгани каби гидрометеорология соҳасида ҳам илм-фан ютуқларидан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда мамлакатимизда бу йўналишда турли илм-фан муассасалари қаторида минтақамизда ягона Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти фаолият юритади. Институтда уч йўналишда — метеорология, гидрология, атроф-муҳит мониторинги йўналишида илмий изланишлар олиб борилади. Олимларимиз илмий лойиҳаларни амалга оширишда Германия, Россия, Япония, Жанубий Корея, Туркия каби мамлакатларнинг жаҳондаги етакчи илмий марказлар мутахассислари билан ҳамкорлик қилмоқда.
Айни пайтда тизимда амалга оширилаётган амалий ишлар билан бир қаторда илмий тадқиқот лойиҳалари кўламини кенгайтириш юзасидан ҳам изланишлар йўлга қўйилган. 2021-2023 йилларда бу йўналишда ўн бешта илмий лойиҳа бўйича изланишлар олиб бориш кўзда тутилган. Бу лойиҳаларда ривожланган давлатларда бўлиб турган мутахассисларимиз салоҳиятидан ҳам фойдаланиш режалаштириляпти.
Суҳбатимиз хулосасида таъкидлаш жоизки, жамиятимизнинг бошқа соҳалари каби гидрометеорология хизмати ва илм-фан тизимида ҳам бугун янгиланишлар жараёни бошланди. Бу ўзгаришлар натижасида қисқа муддатда гидрометеорология тизими қиёфаси буткул янгиланади. Бу янгиланишлардан, энг аввало, халқимиз, жамиятимиз, қолаверса, бутун инсоният, дунё илм-фани катта фойда кўради.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Баҳор ХИДИРОВА суҳбатлашди.