Орадан кўп ўтмай ишга тушган “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали фуқаролар нафақат бу борадаги маълумотлари билан танишиб боришлари, балки бушбу жараёнда ўзларини қийнаб келаётган муаммоларни айнан  ўзларининг ташаббуслари асосида ҳал қилиш имконияти яратилди. 2021 йилда эса, “Ташаббусли бюджет” тизимига  асос солинди.

Унинг тартиб-тамоилига кўра,  қиймати бир миллиард сўмгача бўлган ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини шакллантириш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ва ободонлаштиришга доир таклифларни портал орқали илгари суриш мумкин. Энг кўп овоз олган таклифлар ғолиб деб топилади ва давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиб, муаммо ўз жойида ҳал этилади.

—  Ўтган йили уч босқичда ўтган “Ташаббусли бюджет” жараёнида фуқаролар томонидан 41 мингдан ортиқ таклиф билдирилди, —  дейди Молия  вазирлиги бўлим бошлиғи ўринбосари Азим Ҳасанов. — Улар таҳлил қилинганда,   энг қийнаб келаётган муаммо сифатида 13 853 таси,  яъни жами таклифларнинг 34 фоизи ички йўлларни таъмирлаш ва тартибга келтиришга қаратилгани, ғолиб деб топилган қарийб 1600 ташаббуснинг  400 га яқин  айнан ана шу масалани ўзида мужассам этгани аён бўлди.

Барча ғолиб деб топилган ташаббусларни молиялаштириш учун “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” маблағлари хисобидан жами 407,1 миллиард сўм йўналтирилди, Уна шу маблағлар доирасида ҳудудларда қарийб 300 километрга яқин ички йўллар ва пиёдалар йўлаклари таъмирланди. Жумладан, биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида 46 та таклиф доирасида 13,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши натижада 37,8 километр йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шундан, қарийб 28 километри асфальтлаштирилган бўлса, 10 километрга яқин тупроқли йўлларга шағал ётқизилган.

ТЎРТ ЙИЛДА ТУПРОҚЛИ ЙЎЛЛАР  ҚОЛМАЙДИ

Бу фикрни Автомобиль йўллар қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев Олий Мажлис Сенатининг ўтган йил октябрь ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисида билдирган эди.  Унинг изоҳлашича, 2016 йил бошида мамлакатимиздаги умумий йўлларнинг 121 минг километри ўта ёмон аҳволда бўлган. Соҳага ажратилган маблағларнинг кўпайиши эвазига кейинги беш 5 йил давомида 56 700 километр йўл таъмирланди. Айни пайтда республикамиздаги 64 минг километр атрофидаги йўл таъмирталаб, шундан умумий фойдаланишдаги йўллар 5100 километрни ташкил этади, қолгани ички хўжалик йўллари ҳисобланади.

Бунга таъмирталаб бўлган 29 минг километрлик тупроқ йўлни ҳам қўшиш керак бўлади. Кейинги пайтда 11 400 километрга яқин тупроқ йўл шағаллаштирилди, 5 минг километрдан ошиқ ички хўжалик йўллари асфальт қилинди. Бу ишлар ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда.

Тупроқ йўллар нафақат бизда, балки бошқа давлатларда ҳам бор. Ҳатто, АҚШда бундай йўл 400 минг километрдан зиёдни ташкил этади.

Президентимизнинг топшириғига биноан, уч йил давомида, яъни 2022 - 2023 йилларда 9 минг километрдан, 2024 йилда 10 минг километр, жами 29 минг километр масофадаги тупроқ йўллар тўлиқ асфальтлаштирилади. Қолган йўлларнинг ҳаммасини – ички хўжалик ва умумий фойдаланишдаги йўллар 4 йил давомида тўлиқ таъмирланади.

Қўмита раисининг маълумотига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 209 минг километр масофадаги йўллар мавжуд, шундан 42254 километри қўмита тасарруфидаги, қолгани ички хўжалик йўллари ҳисобланади.

АСФАЛЬТ ЎРНИГА ЦЕМЕНТ ИШЛАТИЛГАНДА...

Президентимиз раислигида шу йил 7 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ички йўлларни яхшилаш масаллалари ҳам муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари ички йўллар аҳволи одамларни энг кўп қийнайдиган муаммо бўлиб келаётганидан, яқинда “Ташаббусли бюджет” портали орқали аҳолидан тушган 20 мингта таклиф ёки жами мурожаатларнинг 25 фоизи шу масалага оид бўлгани унинг ўта долзарблигидан далолат эканини таъкидлади.

Маълумки, ички йўллар сифатини яхшилаш бўйича Андижон вилоятида янги тажриба бошланган. Бу ҳақда газетамизнинг жорий йил 4 февралдаги сонида чоп этилган “ Андижон тажрибаси: соз ва қулай ички йўллар” номли мақолада ҳам атрофлича сўз юритилган эди.

Вилоятда цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан кластер ташкил этилиб, 31 та чекка маҳалладаги 23 километр йўл цемент-бетон қопламага ўтказилган. “Раш милк” МЧЖ бу борада янги лойиҳа ташаббускори бўлди. Хўжаобод туманида йиллик қуввати 1,5 миллион тонна бўлган завод қурилиши туфайли вилоятда цементга бўлган талаб тўлиқ қопланди. Энг асосийси, ушбу кластер ўзи қурган йўлларни 10 йил давомида кафолатли сақлашни зиммасига олган.

Мутахассисларнинг қайд этишича, асфальт йўлнинг даврийлик муддати 5 йилгача бўлса, бетон йўл 15-20 йилгача хизмат қилади. Табиий иқлимга бардошли бўлиб, тайёрлашда ички хомашёлардан фойдаланилади. Бу эса харажатни сезиларли иқтисод қилишга, йўл қурилиши ҳажмини оширишга имкон беряпти. Хусусан, вилоятда асфальт ўрнига цементдан фойдаланиш орқали қурилишдан 600 миллион сўм иқтисод қилинган, 350 минг долларлик битум импорти учун маблағ тежалган.

— Бу усул ҳар жиҳатдан фойдали, — дейди Балиқчи тумани “Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси раҳбари Маъруфжон Мадаминов. — Бетон нафақат арзонлиги, балки пишиқ ва пухталиги, узоқ вақт хизмат кўрсатиши билан ажралиб туради. Иқтисод қилинган маблағ ҳисобига биргина “Оқтепа” маҳалласининг ўзида икки километрга яқин қўшимча йўл қуриш ва таъмирлаш имкониятига эга бўляпмиз.

Эндиликда ушбу тажриба асосида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 2 минг 300 километр цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этиш вазифаси қўйилди. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланади.

Йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун, 1 майдан бошлаб йил якунига қадар, цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари импорти божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилинади.

Жорий йилда туман марказлари ва шаҳарларда 670 километр пиёда ва велосипед йўлаклари барпо этиш режалаштирилган. Уларни ҳам цемент-бетондан қуриш, лойиҳалашда дренаж тизимига алоҳида эътибор қаратилади.

ҚАРОР ҚАТЪИЙ: 50 ФОИЗ МАБЛАҒ ТАКЛИФЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ

Ҳақиқатан, шундай. Вазирлар Маҳкамасининиг 2022 йил 2 февралдаги “Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорида бу масала қатъий белгилаб қўйилган. 

— Бундан кўзла тутилган мақсад — бюджет маблағларини сарфланишида фуқаролар фаоллигини янада ошириш ва юртимиздаги мавжуд ички йўллар сифатини яхшилаш, — дейди Молия вазирлиги бўлим бошлиғи ўринбосари Азим Ҳасанов. — Шу асосда  2022 йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилади. Бу тизми “Ташаббусли бюджет” жараёнларидан фарқли равишда ҳар йили бир маротаба ўтказилади.

Бунинг учун ахборот порталига ички йўлларнинг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номлари, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотлари тўлиқ киритилади ҳамда фуқаролар ички йўллар реестридан геомаълумотлар асосида тегишли ички йўлни танлаш орқали ўз таклифларини қолдириш имкониятига эга бўлади.

Ахборот портали автоматик равишда таъмирлашга доир ўртача нархни ва туман (шаҳар) бюджети параметрларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуд бўйича таъмирланадиган ички йўлларнинг умумий ҳажмини аниқлайди. Портали орқали жамоатчилик фикри бевосита фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар асосида шакллантирилади. Улар ҳар йили ички йўлларни таъмирлашга фақат битта таклифни илгари суриши ва битта таклифга овоз беришлари мумкин. Фуқаролар ўзлари томонидан киритилган таклифга овоз бериши тақиқланади.

Тасдиқланган низомга мувофиқ, ҳар бир туман ва шаҳарда билдирилган таклифлар берилган энг кўп овозлар сонидан келиб чиққан ҳолда сараланади. Уларнинг ғолиблари маҳаллий бюджетлар параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизи доирасида автоматик тарзда кетма-кетлик бўйича аниқланади.

Агар ғолиб деб топилган таклифда кўрсатилган ички йўлларни таъмирлаш жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ҳукуматнинг тегишли қарорлари ёки ривожлантириш дастурлари доирасида бошқа манбалар ҳисобидан таъмирланиши назарда тутилган бўлса, ахборот порталига Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бош бошқармалари томонидан рўйхатдан чиқарилади, бундай ҳолларда ахборот порталида кетма-кетлик бўйича ғолиблар рўйхати қайта шакллантирилади.

“Очиқ бюджет” ахборот порталидаги “Менинг йўлим” лойиҳаси яқинда ўз фаолиятини бошлади. Бунинг учун 271 миллиард 71 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, таклифлар 4 апрелдан 20 апрелгача қабул қилинди. Унинг дастлабки босқичи якунларига кўра, мамлакатимиз бўйича жами 9212 та лойиҳа илгари сурилди. Ушбу лойиҳаларда кўзда тутилган йўлларнинг умумий узунлиги 26, 7 минг километрни ташкил этади. Эндиликда ой охирига қадар ҳар бир таклифга берилган овозлар кўриб чиқилади. 

Йўл қуриш ва унинг ободлигини таъминлаш савобли иш. Чунки, бу вазифа инсон қадри, эл розилиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис жойларда ички йўлларни таъмирлаш бўйича мавжуд муаммоларнинг айнан фуқароларнинг талаб ҳамда таклифлари асосида ҳал этилиши уларнинг сифатли ва равон, манзилларнинг яқин бўлишига хизмат қилади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

 иқтисодий шарҳловчи