Қувонарлиси, қўлёзмалар орасида Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асари туркий таржимаси ҳам бор. Ушбу таржима ўзбек адабиёти ва таржимонлик мактабига улкан ҳисса қўшган Муҳаммадризо Огаҳий қаламига мансуб дастхат экани аниқланди.

Илм-фан, адабиёт, санъат тарихида таржималарнинг ўрни беқиёс. Улар туфайли халқлар ва маданиятлар ўртасида алмашувлар бўлган. Шукрки, бугунги Ўзбекистон замини ҳам асрлар давомида таржимонлик ривожланган маскан бўлиб келган. Бироқ бу тарих тўлиқ ва тизимли ўрганилган, дея олмаймиз. Афсуски, юртимиздаги таржимонлик жараёни адабиётшунослик, таржимашунослик ва тарихшунослик нуқтаи назаридан қониқарли тавсифланган. XX аср ўрталаридан бошлаб Ўзбекистондаги таржимонлик мактаби тарихига доир тадқиқотлар олиб борилган. Аммо бу уммондан бир томчи холос. Жуманиёз Шарипов, Субутой Долимов, Ғайбулла Ас-Салом тадқиқотлари тамалтоши ҳисобланса, Ваҳоб Раҳмон, Нажмиддин Комилов сингари йирик олимларимиз томонидан таржима назариясининг умумий хусусиятлари ва қонуниятлари тавсифланган.

Таржима мактаблари Марказий Осиё минтақасида ҳар доим ҳам бир ерда тараққий этмаган, ҳудудлар ўзгариб турган. Сулолаларнинг илм-фан ва адабиётга раҳнамолик жуғрофиясини тадқиқ этиш алоҳида масала.

Сўзсиз, XIX асрдан то XX аср бошларига қадар Хива хонлиги таржима мактабининг пешқадами эди. Хонликда қалам аҳлига алоқадорлар таржима ишига жалб қилинган. Ҳатто бир асарнинг 5 хил таржимаси бўлиши мумкин эди, таржимон маҳорати эса саройда хон бошчилигидаги илмий кечаларда баҳоланарди. Энг яхши таржимага хон ва сарой аёнлари томонидан пул мукофоти ва совғалар берилган.

Муҳаммадризо Огаҳий (1809-1874) Марказий Осиё тарихида энг сермаҳсул ижодкорлардан биридир. У тарихчи, шоир ва таржимон сифатида олтита тарихий асар, битта девон ва ўн тўққизта таржимани мерос қилиб қолдирган.

Огаҳий Хива хонлиги Қўнғиротлар сулоласининг (1804-1920) форс тилидан туркий тилга таржима қилувчи таржимонлар мактаби пешқадами эди. У ижодини форс тилидан тарихий асарларни таржима қилишдан бошлаган ва маҳорати ошиб борган сайин бадиий асарларни назмдан насрга ўгирган. Бугунги кунга келиб Огаҳий ҳаёти ва ижодининг салмоқли қисми яхши ўрганилган. Аммо адибнинг таржима асарларини замонавий талаблар асосида тадқиқ қилишга эҳтиёж сезилмоқда.

Муҳаммадризо Огаҳийнинг таржимон экани ҳақидаги илк маълумот венгриялик олим Арминий Вамбери (1832-1913) тадқиқотида келтирилган. Арминий Вамбери Хоразмда шеъриятга бўлган катта қизиқиш тўғрисида гапира туриб, бундай ёзади: “Хивада мен икки ака-ука билан танишдим. Бири Мунис бўлиб, у ажойиб шеърлар ёзган, мен уларнинг айримларини кейинчалик нашр қилдирмоқчиман. Иккинчиси Мироб. У улкан сабр билан Мирхонднинг катта тарихий асарини ўғли учун, гарчи ўғлининг ўзи ҳам форс тилидан хабардор бўлса-да, ўзбек туркий лаҳжасига ўгирмоқда. Бу иш 20 йил давом этган, лекин у буни бирор кимса олдида эътироф этишдан уяларди, зеро, диний илмлардан бошқаси билан шуғулланиш юзакичилик ҳисобланади”.

Ушбу иқтибосдан маълум бўладики, Огаҳий Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарини кўп йиллар давомида таржима қилган ва бошқа таржимонларга ҳам бош-қош бўлган. Огаҳий форс тилидан ўн саккизта ва усмоний туркчасидан битта асар таржима қилган. Йирик олим Ю.Брегел (19252016) таржима асарларнинг йиллар кетма-кетлигини аниқлашга қийналган эди. Аммо огаҳийшунос олим Н. Тошев бу хронологияни шоир ўз девонида кетма-кетликда берганини аниқлаган.

Саъдий Шерозийнинг (1210–1292) дунёга машҳур асарларидан бири “Гулистон” таржимаси шаҳзода Муҳаммадраҳим II буюртмаси билан амалга оширилган. Форс-тожик адабиётида Саъдийнинг мақоми жуда юксак. Хусусан, “Бўстон” (1257) ва “Гулистон” (1258) асарлари унга оламшумул шуҳрат келтирди.

“Гулистон” саккиз бобдан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича: дебоча; биринчи боб — подшоҳлар сийрати зикрида: иккинчи боб —  дарвешлар ахлоқи зикрида; учинчи боб — қаноат фазилати зикрида; тўртинчи боб — сукут сақлашнинг фойдалари зикрида; бешинчи боб — ишқ ва ёшлик зикрида; олтинчи боб — қарилик ва заифлик зикрида; еттинчи боб — тарбият таъсири зикрида; саккизинчи боб — суҳбат одоби зикрида.

Саъдийни ғазал жанрининг кашшофи ва устоди сифатида ҳам улуғлашади, чунки унгача форсий шериятнинг етакчи жанрлари қасида, достон, маснавий, қитъа ва рубоий эди. Рудакий, Саноий, Хоқоний, Жамолиддин ва Камолиддин Исфаҳоний кўплаб ғазаллар ёзган бўлса-да, улар қасида ва қитъа характерига эга бўлиб,  ўз аро мустақил алоҳида байтлардан ғазал яратиш анъанасини Саъдий бошлаб берди. У ғазалчиликдаги ўзигача олиб борилган изланиш ва таж рибаларни ривожлантириб, ғазални такомилга етказди.  “Гулистон”га эргашиб кўплаб асарлар ёзилган, лекин улардан фақат 3 таси: Абдураҳмон  Жомийнинг “Баҳористон”и, Мажиддин Хофийнинг  “Хористон”и, Ҳабиб Қоонийнинг “Паришон”и шуҳрат қозонган.

Саъдий Шерозийнинг ушбу асари таржимаси турли даврларда ўзбек тилига Сайфи Саройи, Муҳаммадризо Огаҳий, Мулла Муродхўжа Солиҳхўжа, Ғафур Ғулом ва Шоислом Шомуҳаммедов, Рустам Комилов томонидан таржима қилинган. Яқинда асарнинг филология фанлари доктори Афтондил Эркинов томонидан яна бир туркий таржимаси аниқланди. Таржима ўрта асрларда қарлуқ лаҳжасида Олтин Ўрдада амалга оширилган, деган фикр илгари сурилди.

Огаҳий таржимасининг 3 та қўлёзмаси маълум бўлиб, 2019 йилда асарнинг яна бир қўлёзмаси аниқланди. Етук олимларимиз Ваҳоб Раҳмон ва Нажмиддин Комиловнинг илмий ишларида Огаҳийнинг айнан шу таржимаси тўғрисида батафсил маълумот берилади ва шоирнинг маҳорати юксак баҳоланади.

Қўлёзма шарқ қоғозига кўчирилган, ҳошияларда тузатиш ва қўшимчалар бор. Асар таржимаси тўлиқ — 220 варақ. Асосан, шеър таржималарининг қўшимчалари ҳошияда берилган, бу ҳам, ўз навбатида, шоир дастхати эканидан далолатдир. Қўлёзмада колофон йўқ бўлиб, ҳижрий 1279/1862-1863 йиллар санаси кўрсатилган.

Огаҳий дастхатларида деярли ҳар доим колофон мавжуд бўлмайди. Айни ҳолатни фақат Огаҳий дастхатига нисбатан эмас, балки Хива хонлигида битилган бошқа дастхат нусхалар учун ҳам хос, дея оламиз. Афтидан, мазкур жиҳат ўша давр Хива хонлиги китобат ишининг ўзига хос хусусияти бўлиши мумкин.

Унинг дастхатини мутахассислар томонидан тез аниқлаш услублари мавжуд. Аввало, дастхат нусхалари колофонларида котиб исми кўрсатилмайди. Қўлёзма ёзуви нуфузли тадқиқотчилар томонидан Огаҳий дастхати сифатида баҳоланган ва у шоирнинг бошқа қўлёзмалардаги ёзув услуби билан бир хилдир. Огаҳийнинг дастхати уни осонлик билан таниб олиш мумкин бўлган қатор хусусиятларга эга. “Ҳойи хутти” ح, “нун”  ,ن “син” س каби ҳарфлар ёзилиши ҳамда ҳамза  ء белгисидан фойдаланувдаги ўзига хосликларга қараб Огаҳий дастхатини ажратиб олиш мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, биз кўриб ўтаётган қўлёзма тўлдириш ва ўчиришлар билан кўчирилган. Бунинг сабаби мазкур нусханинг қоралама эканидир. Унда Марказий Осиё минтақасига хос ва Огаҳийда ҳам учрайдиган имловий фарқларни кўрамиз.

Огаҳийда: (арабча сўз бирликл арида)                           Сўзнинг тўғри ёзилиши:

          نصرت عیسا سراه خذف                                                              نصرة عیسی ثراه خزف

Ушбу топилган дастхат нусхасини бошқа қўлёзмалар билан солиштириш лозим. Огаҳий давлат арбоби, мироблик касбида расман фаолият юритганига қарамай, Қўнғирот хонлари уни ўткир қалам соҳиби, таржимон, шоир ва муаррих сифатида қадрлашган. Адибнинг салмоқли ижодини таржимонлик фаолияти ташкил қилган бўлса-да, унинг ушбу қирраси ҳали тўлалигича ёритилмаган.  Бу эса, ўз навбатида, Ўрта Осиё туркий тилига  “энг кўб ва энг хўб” таржима қилган мутаржимнинг фаолияти чуқур тадқиқотларга тортилиши лозимлигини кўрсатади.

Ҳилола НАЗИРОВА,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),

Дилмурод БОБОЖОНОВ,

Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходим