Унда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, сифат жиҳатидан такомиллаштириш, тарбиявий чора-тадбирларни янада кенгайтириш бўйича бошқа соҳалар қатори олий таълим муассасалари учун ҳам муҳим вазифалар белгиланди.

Маънавий-маърифий соҳадаги ишлар бугунги кун талабига мувофиқ эмаслиги, ҳар бир соҳада тарбиявий тадбирлар мазмунан эскиргани, ёшлар тарбиясини мустаҳкамлаш йўналишидаги фаолиятни танқидий-таҳлил қилган ҳолда амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш чораларини кўриш вазифаси юкланди. Шунингдек, узлуксиз таълим тизимида маънавий тарбия асосларини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари телефонлар ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланганига алоҳида эътибор қаратди. «Бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбияламоқда. Мобил телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда. Маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар чегарани бузмасдан, билдирмасдан хонадонимизга, жамиятимизга кириб келяпти. Соат сари эмас, дақиқа сари кириб боряпти.

Буларнинг барчаси биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши зарур», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Узлуксиз таълим тизими жамиятнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини кенгайтиради, давлатнинг ижтимоий ва илмий-техникавий тараққиётини такомиллаштириш омили сифатида ишлаб чиқаришнинг барқарор ривожланишини таъминлайди. Мамлакатимизда инсонларни маънавий ва ақлий эҳтиёжларини қондириш ва истеъдодларини рўёбга чиқаришга таъсирини аниқлашда таълимга аҳамиятли хусусиятлардан бир-бири билан боғлиқ давлат, жамият ва шахс нуқтаи назаридан қараш қабул қилинган. Ушбу хусусиятларни бир-биридан фарқлаш ва моҳиятига етиш, таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадли йўналишларини шакллантириш имконини беради.

Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш зарурлигига қайта-қайта тўхталган. «Хабарингиз бор, биз мамлакатимиздаги 10 мингдан ортиқ мактабга таниқли адиб ва журналистларни, маънавиятчиларни ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида бириктирдик. Улар мактабда маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларнинг адабиёт, маданият ва санъатга қизиқишини ошириш ҳамда ижодий тафаккурини ривожлантириш орқали ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаш учун масъул бўлади. Яна бир масала. Мактабларда 5-синфдан бошлаб ягона синф раҳбарини тайинлаш амалиётини йўлга қўйишимиз керак. Бу ўқитувчи 11-синфга қадар болаларнинг маънавий тарбиячисига, ота-онасидек қадрдонига айланиши зарур», дея урғу берди Юртбошимиз.

Айтиш жоиз, замонавий ўзбек жамиятида таълим-тарбияни ривожлантиришнинг янги даври бошланмоқда. Миллий тарбия тизимини шакллантириш, барча соҳаларда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва ундан фойдаланиш, жаҳон ахборот ресурсларидан баҳраманд бўлишни кенгайтиришга мустаҳкам замин яратилган. XXI асрда мамлакатнинг иқтисодиёти, инсонлар ҳаёти ва жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ахборот-технологияларининг ривожланиши билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Маълумки, фан ва техника жадал суръатлар билан ривожланаётган даврда илмий билимлар, тушунча ва тасаввурлар ҳажми кескин ортиб бориши сезиларли даражада кундалик турмуш тарзига айланмоқда. Бу, бир томондан, фан-техника янги соҳа ва бўлимларининг тараққий этиши туфайли унинг дифференциаллашувини таъминлаётган бўлса, иккинчи томондан, фанлар орасида интеграция жараёнини вужудга келтирмоқда.

Ҳар қандай жамиятда ахборот ҳамиша мамлакат тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши ва сиёсий савиясининг шаклланишида асосий восита бўлиб хизмат қилиб келган. Ушбу ҳолат, айниқса, шиддатли кечаётган ҳозирги глобаллашув замонида ҳар қачонгидан кўра кенг қулоч ёймоқда. Бинобарин, кундалик ҳаётнинг бирорта соҳасини оммавий ахборот ва коммуникация воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Ёшларимиз ҳам кечагидек эмас, фикрлаши ва дунёқараши бутунлай ўзгача. Шу маънода, бугун ўз ўғил-қизларимиз, талаба-ёшларимизнинг онгу шуурини, тарбиявий эҳтиёжларини, дунёқарашига оид чанқоғини фақат мобил телефон ва интернет тармоғидан қондиришининг олдини олиш, улар истагани каби замонавий тарбия контентлари ва маънавий-маърифий майдон яратиш ишларига ҳар бир зиёли масъулдир.

Зеро, ривожланаётган мамлакатларда ахборот миллий ресурс бўлиб, уни сақлаш, ривожлантириш ва ундан оқилона фойдаланиш давлат аҳамиятига молик вазифа эканлиги тўла-тўкис англаб етилган. Шундай қилиб, ҳозирги босқичда жамиятда ахборот соҳасини ривожлантиришга қаратилган ва нафақат телекоммуникация воситалари, шу билан бирга ахборот (ишчанликка қаратилган, томошабоп ва илмий-таълим янгиликларидан хабардор бўлиш ва ҳ.к)нинг турларини яратиш, сақлаш, уларнинг устида ишлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жараёнлар ҳамда муносабатларнинг бутун жамламасини қамраб оладиган давлат сиёсати шаклланиб бормоқда.

Ўзим бугунги кунда «Инсон капитали ривожланиш жараёнларининг этносоциологик таҳлили» бўйича илмий тадқиқот олиб боряпман. Тадқиқот давомида жамиятимизда инсон капиталидан тўғри фойдаланиш фақат бир томонлама, яъни шахсий манфаат йўлида эмас, балки жамият манфаатлари йўлида фойдаланиш зарурати, инсон капиталининг том маънодаги инсоний моҳият касб этишида маънавиятнинг, яъни тарбия омилининг роли нечоғли муҳим эканлигини англаш кучайди.

Маълумки, жамият қандай бўлса, ижтимоий муносабатлар мажмуи бўлган инсон капитали ҳам унга мос бўлади. Инсон капиталининг ривожи ҳам шахснинг онги, одоб-ахлоқи, маънавияти, дунёқараши, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муносабатларга, ижтимоий тузум моҳияти ва табиатига бевосита боғлиқдир. Инсон ақл-идрок соҳиби бўлганлиги боис реал дунёдаги воқеаларни тушунади, илму тафаккури, меҳнати, салоҳияти билан дунёни бошқаради. Инсон капиталининг юксалишига уни ўраб турган ижтимоий муҳитда рўй бераётган барча воқеаларнинг таъсири кучлидир. Замонавий жамият ривожланишининг асосий омили – таълим, соғлиқни сақлаш, профессионал ижодкорлик ва ахборот технологияларнинг илмий ҳамда инновацион тараққий этиши билан юзага келади.

Наманган давлат университетида ўқув ва маънавий-маърифий ишларни янги ўқув йилидан бошлаб худди шу тамойил асосида фаолият олиб бориш ташкил этилган. Олий ўқув юртимиз профессор-ўқитувчилари вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган турли тадбирлар, танловларда, конференцияларда муносиб қатнашишмоқда. Шунингдек, Наманган тажрибаси сифатида вилоятда кимё ва биология фанлари бўйича ҳамда вилоятнинг олис ҳудудларидаги умумий ўрта таълим мактаблари оталиққа олиниб, университетнинг кафедра филиаллари самарали фаолият юритмоқда. Айни саъй-ҳаракатлар замирида ёшлар интеллектуал салоҳияти, қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқариш ҳамда замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштириб боришлари учун хизмат қилади.

Биз, ёш педагог ўқитувчилар устозлар кўмагида талаба-ёшларимизни илмий тадқиқот фаолиятини олиб боришга йўналтириш, ҳаётий позициясини белгилашда ҳамфикр бўлиш, назарий дунёқараши ривожланиши, фикрлаш мустақиллиги, юксак маънавиятли мутахассислар бўлиб етишишлари учун ҳиссамизни қўшишга доимо изланишдамиз.

Муҳриддин СОДИРЖОНОВ,

Наманган давлат университети таянч докторанти.