Хусусан, “Ренессанс” атамаси ҳам гарчи илк бора XVI асрнинг ўрталарида қўлланила бошланган бўлса-да, лекин у ифодалаган жараён XII-XIII асрларда амалга ошган. У маданият, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳасидаги юксалиш, тубдан эврилиш, янгиланиш маъноларини англатган. Европа олимлари узоқ муддат Ренессансни фақат Ғарб оламига хос ҳодиса, деб талқин этган.
Аммо хитой, грузин, арман, озарбайжон Ренессанси тарихи ва ўзига хос такомилини махсус тадқиқ қилган академик Н.И.Конрад, Ш.И.Нуцубидзе, В.К.Чалаян, И.С.Брагинский ва О.Ҳожиев каби олимлар Шарқда ҳам ўзига хос Ренессанс жараёни мавжуд бўлганлигини илмий далиллар асосида исботлаб берди. Ренессанс айни шу маънода кучли ижтимоий, сиёсий, иқтисодий асосда пайдо бўлган “маданий феномен” ёки оламшумул эврилишдир.
Тарих саҳнасида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон Шарқ Ренессанси марказларидан бири сифатида довруқ қозонган.
Президентимизнинг Учинчи Ренессанс ҳақида сўз юритиши ва уни мамлакатнинг сиёсий-иқтисодий, маънавий-маърифий масаласи сифатида кун тартибига олиб чиқиши, албатта, бежиз эмас. Бунинг учун бизда барча асос мавжуд. Илғор фикрли, янгиликка интилувчан, салоҳияти баланд, ғайрат-шижоатли қатлам учун ана шундай мотивация берадиган, уларни улкан марраларга чорлайдиган, руҳлантирадиган ғоя, режали тизим ва давлатнинг моддий кўмаги зарур эди. Бу кўпчиликнинг кўнглидаги гап, айни муддао бўлгани учун уни кенг жамоатчилик матбуотдаги чиқишлари, ўзаро мулоқот ва нуфузли анжуманларда қўллаб-қувватламоқда.
Бироқ, табиийки, ҳар қандай мақсадга эришмоқ учун фақат юксак орзу, эзгу муддаонинг ўзи камлик қилади. Катта ва буюк мақсадлар ҳаммамиздан чуқур билим, қаттиқ меҳнат ва фидойиликни талаб этади. Бу, айниқса, таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди.
Президентимиз кўп бор таъкидлаганидек, унинг бирламчи ечими — юксак таълим, изланиш, ўрганиш, илм-фанда салмоқли ютуқларга эришиш, кашфиётлар қилиш ва дунёга янгитдан юз очишдир!
Давлатимиз раҳбари бу борада илк ташаббускор сифатида аниқ йўналишни, олинадиган маррани, илм олишдек машаққатли меҳнат сафари беш босқич: боғча, мактаб, олий ўқув юрти, илмий тадқиқот муассасаси ҳамда оиладан иборат бўлишини кўрсатиб берди.
Қадим ва азим Ўзбекистон диёри неча асрлардан буён илм, маданият ва ҳикмат манбаи бўлиб, кўплаб олиму фузалоларни, муҳаддису шайхларни етиштирган, илму фан ютуқларини бутун оламга танитган ва тарқатган макон саналади.
Учинчи Ренессанс ўз-ўзидан амалга ошадиган жараён бўлиб қолмай, аксинча, катта меҳнат, машаққат, вақт ва узлуксиз саъй-ҳаракатни талаб этади. Айни пайтда унинг тамал тоши, пойдевори қурилмоқда. Бунда, энг аввало, оила муҳим ўрин тутади.
Донишмандларимиз таъкидлаганидек, тарбия бола туғилган илк кундан бошланади. Бунинг учун оилаларимиз маърифати учун қайғуришимиз, бепул китоб тарқатишни янада кенгроқ йўлга қўйиш, маҳалла ва турли муассасаларда маънавият ва маърифатни юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни янада кўпроқ ташкил этиш, муайян натижаларга эришаётган оилаларни рағбатлантиришни кучайтириш, ижтимоий кўмак (маълум муддатга газ, свет, коммунал тўловлардан озод қилиш ёки моддий ёрдам) кўрсатиш зарур.
Бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари ходимларининг маърифий савияси ва замонавий педагогик технологиялар билан ишлаш малакаси бугунги кун талабларига жавоб беради, деб бўлмайди. Бунга ҳам маълум бир имтиёз ёки рағбат орқали эришиш мумкин бўлади.
Умумий ўрта мактаб таълими сифатини ошириш борасида сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ бу борада ҳали қилинадиган ишларимиз кўплиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бизнингча, биринчи галда ўқитувчининг синфлардаги фаолиятига, яъни ўқувчиларга қай даражада тушунтира олиш маҳорати, тушунтириш техникасига қараб баҳо беришни йўлга қўйиш лозим. Бу эса мактабларда ўқитиш сифатининг босқичма-босқич ошишига олиб келади.
Бугунги кунда олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот муассасаларида олиб борилаётган янгилик ва ўзгаришлар ҳам таҳсинга лойиқ. Айни пайтда, бу борадаги энг оғриқли масалалардан бири илмий муассасалар ва мактаб орасида узвийликнинг етишмаётганлигидир. Бунга, айниқса, дарсликлардаги нотугаллик ёки узилишлар яққол мисол бўла олади. Бунинг учун мазкур уч даргоҳдаги дарсликлар мувофиқлигини таъминлаш зарур. Илм-фанда эришилган ютуқлар мактаб ва олий ўқув юртларидаги дарсликларда мунтазам акс этиши лозим. Қолаверса, бу илм-фан тараққиётини таъминлайдиган муҳим омилдир.
Бу борада камчиликлар ва амалга ошириш лозим бўлган вазифаларимиз талайгина. Масалан, биз X-XII, XV асрларда биринчи ва иккинчи Ренессанс даврини юзага чиқарган олиму фузалоларимизнинг фақат номларини санаш ёхуд рўйхатини тузишдан нарига ўтмаяпмиз. Уларнинг қайси соҳада қандай асарлар ёзгани, қанақа кашфиётлар қилганини чуқур билмаймиз. Олиму фузалоларимизнинг ижоди, кашфиётлари, жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси, ҳаёт ва фаолиятини таълимнинг барча босқичида ўқитиш ва ўргатишни йўлга қўйиш лозим. Мутафаккир алломаларнинг болалик чоғларидан билимни қандай даражада ўзлаштирганларини бир ёдга олайлик. Масалан, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ёки Али Қушчи Қуръони каримни ўн ёшлигидаёқ ёд олган. Алишер Навоий, Бобур Мирзо ўсмирлик чоғларидаёқ ўз даври ва ўзидан олдин яшаб ўтган шоирларнинг 50-100 минг мисра шеърини ёддан айтиб бера олган. Шу маънода болаларимизнинг билим олиш кўникмасини шакллантиришга жиддий эътибор қаратиш зарур. Зеҳни ўткир бола ҳар қандай фанни тез ўзлаштира олади. Зеро, Ренессанс даври олимларининг қомусийлиги, яъни бир вақтнинг ўзида бир неча фан ёхуд соҳада оламшумул ютуқларга эришганининг асосий сабабларидан бири ҳам болалик чоғларидан илм олишга бўлган катта иштиёқидан.
Албатта, кутилган ютуқ ва натижаларга фақат орзу-ният ёхуд ҳавас билан эришиб бўлмайди. Булар яхши хулқ, тартиб-интизом, ўқиш, чуқур билим, ғайрат ва шижоат билан қўлга киритилишини ёш авлод онгига қайта-қайта сингдириш лозим.
Дунё тажрибасидан маълумки, билим олишдаги мунтазамлик, ўқилганларни қайта мулоҳаза қилиш, мустақил фикрлаш ва янгиликка интилиш туйғуси барча ютуқ ва муваффақиятларга эшик очади.
Дарҳақиқат, илм буюк куч. Мамлакатни ҳам, инсонни ҳам тараққий эттирувчи таянчдир. Бугунги Ўзбекистонда ёшлар илм олиши учун имкониятлар кўлами кун сайин кенгайиб бораётир. Ҳар йили халқаро фан олимпиадаларида етакчи ўринни эгаллаётган иқтидорлар сафи кўпаймоқда. Модомики шундай экан, ҳеч иккиланмай айтиш жоизки, бизда Учинчи уйғониш даври учун пойдевор ва барча асос мавжуд.
Холмуҳаммад Хуррамов,
Тошкент вилояти Бўка туманидаги “Тошлоқ” жоме масжиди имом-хатиби