DentalSlim Diet Control — бу беморларнинг юқори ва пастки орқа тишларига ёпиштириладиган магнитланган бириктирма. Унинг ёрдамида одам оғзини атиги икки миллиметрга очиши мумкин, бу кўп овқат ейишнинг олдини олади, лекин суҳбатга ёки нафас олишга халақит бермайди.
Қурилмани ўзларида синаб кўришга рози бўлган Данидин шаҳрилик кўнгиллилар икки ҳафта ичида ўртача 6,36 килограмм вазн йўқотди ва ушбу техникадан фойдаланишни давом эттириш ниятида. Тажриба давомида улар калория миқдори кунига 1200 килокалорияни ташкил этадиган махсус парҳезга риоя қилишди.
Отаго Университетининг Twitterдаги аккаунтида муаллифлар семириш эпидемиясига қарши курашишда ёрдам берадиган дунёдаги биринчи вазн йўқотиш мосламасини ихтиро қилганликларини таъкидлади. Аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу ишланмани «қийноқ воситаси» деб аташди.
Бироқ, лойиҳа муаллифлари таъкидлаганидек, ғоя «беморларнинг оғзини ҳар қандай йўл билан ёпиш»га йўналтирилмаган, мақсад янги одатларни шакллантиришдир.
«Вазнни йўқотиш пайтида одамлар учун энг катта муаммо бу қатъий кўрсатмаларга риоя қилишдир. Бизнинг қурилмамиз уларга маълум вақт давомида кам калория парҳезга риоя қилиш орқали янги одатларни ривожлантиришга ёрдам беради» — дея тушунтирди лойиҳанинг етакчи тадқиқотчиси Пол Брантон.
Унинг сўзларига кўра, қурилма тиш шифокори томонидан ўрнатилади ва ҳар қандай киши уни махсус восита ёрдамида тезда олиб ташлаши мумкин.