Мактабгача таълим тизими 1985 йилдаги таълим ислоҳотида белгиланган тамойиллар асосида йўлга қўйилган. Унга кўра, мактабгача таълим муассасаларини давлат корхоналари, ишлаб чиқариш гуруҳлари, ҳокимликлар, жамоалар ва ижтимоий гуруҳлар оталиққа олиши керак. Ҳукумат мактабгача таълимга ҳомийлик қилиш хусусий ва турли давлат ташкилотларининг ижтимоий хизматларидан бири эканини эълон қилди. Шунингдек, ўша йилги ислоҳотда мактабгача таълимни пулли қилиш ва педагог кадрлар тайёрлаш механизмини кучайтириш кўзда тутилган.
Хитойлик болалар одатда 3-6 ёшгача боғчага қатнайди. Тарбиячилар, албатта, бошланғич таълим ўқитувчиси мақомига эга бўлиши лозим. Асосий эътибор боланинг ўйин ўйнаши ёки дам олишига эмас, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилади.
Олти ёшга тўлган болалар анъанавий тарзда бошланғич мактабга юборилади. Бошланғич таълим мамлакатнинг барча фуқароси учун мажбурий. Ўқиш муддати – 6 йил. Стандарт ўқув йили икки семестрдан иборат бўлиб, сентябрдан июлгача давом этади. Бошланғич синф ўқувчилари хитой тили, математика, жамиятшунослик, табиатшунослик, жисмоний тарбия, мафкура ва ахлоқ, мусиқа, тасвирий санъат ҳамда меҳнат каби мажбурий фанларни ўрганади. Бошланғич таълим босқичида чет тилларни ўрганиш бола ва ота-она ихтиёрида.
Мамлакатдаги ўрта таълим тизими шартли равишда икки босқичдан иборат: қуйи (биринчи) ва юқори (иккинчи). Қуйи босқич 12 ёшдан 15 ёшгача бўлган уч йиллик ўқиш учун мўлжалланган ва мажбурий таълимнинг якуний босқичидир. Ўрта таълимнинг биринчи босқичида (3 йил) ўқувчилар камида 13 та асосий фанни ўрганади. Ўқув йили охирида якуний имтиҳонга кириш учун барча фандан камида 60 балл тўплаш шарт. Тўплай олмаганлар кейинги йилга қолдирилади.
Юқори ўрта таълим даражасида (15–19 ёш) ёшларга таълимнинг 2 тури таклиф этилади: академик ёки касбий. Ўқитишнинг бу босқичи пулли бўлиб, йиллик ўртача нархи 4-6 минг юан.
Бугун Хитойда 2500 га яқин олий ўқув юрти мавжуд. Уларда 20 миллиондан ортиқ талаба, жумладан, чет элликлар таҳсил олади. Анъанага кўра, олий таълим муассасаларига 18 ва ундан катта ёшдаги абитуриентлар қабул қилинади. Дунёдаги бошқа олий таълим тизимлари сингари Хитой университетлари ҳам бакалавр, магистр ва фан докторларини тайёрлайди. Бакалавриат таълим дастури 4 йил, магистратура 3 йил, докторантура 3-5 йил давом этади. Хитой университетларида кириш имтиҳони жуда қаттиқ бўлиши келгусида яхши кадрлар етиштириш, сарагини саракка, пучагини пучакка чиқариш билан изоҳланади. Аммо чет эллик талабалар учун баъзи енгилликлар мавжуд. Мамлакат таълим тизимининг асосий мақсади талабаларни илмий база билан таъминлаш, келажак касбига тайёрлаш ва ижтимоий масъулиятини шакллантиришдан иборат.
Ушбу мамлакат таълим тизимининг кучли жиҳатларидан яна бири академик мукаммалликка урғу берилиши ва муваффақиятли мутахассислар тайёрланишидир. Ўғил-қизларга таълимга масъулият, тартибга риоя этиш ва биринчи бўлишга интилиш болаликдан сингдирилади. Бу одат энди фазилатга, фазилат эса характерга айланиб, бутун дунё хитой миллатининг қиёфасини масъулият, тартиб ва ғалаба тимсолида кўра бошлади.
Хитой ҳукумати “фан ва таълим орқали мамлакат тараққиётига эришиш” тамойили ҳамда узоқ муддатли ривожланиш стратегиясига асосланиб, таълимни модернизациялаш, аҳолининг маданиятини оширишга устувор вазифа сифатида қарамоқда. Таълим ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун стратегик аҳамиятга эга экани эътиборга олиниб, “Таълимни ривожлантириш — модернизациялашув ва келажакни белгилаб берувчи омил” мазмунидаги янги йўналиш бўйича ислоҳотлар амалга оширилмокда.
Мамлакат замонавий олий таълим тизими таркибига университет, коллеж ва касбий олий мактаблар киради. Университет ва коллежларнинг асосий кисми Таълим вазирлиги назоратида фаолият юритади. Шу билан бирга, махаллий ҳокимликлар бошкарадиган олий таълим муассасалари ҳам мавжуд. Хитой ОТМлари олий таълимнинг уч босқичини таъминлайди: бакалавриат, магистратура, докторорантура.
Хитой олий таълимининг сифати кўп мамлакатларда тан олинган. Шу сабабли, бу юртга алмашинув дастурлари бўйича четдан жуда кўп талабалар боради. Кўплаб олий таълим муассасалари хорижлик талабаларни қабул қилиш ҳуқуқига эга. Охирги йилларда у ердаги олий таълим муассасалари сони нодавлат таълим муассасалари ҳисобига 70 фоиз ўсди. Таълимни ривожлантириш режасига биноан, барча ОТМлар ҳар беш йилда кўрсатиладиган хизматлар сифатини баҳолаш жараёнидан ўтиши шарт. Бу иш махсус ташкил этилган Сифатни баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида таълим сифати учун масъул бўлинмалар ҳам мавжуд. Бундай тизим Хитойга ўқитиш соҳасида катта ютуқларни қўлга киритиш имконини берди. Шундан келиб чиқиб айтсак, давлатимиз раҳбарининг жорий йилдаги иккита фармони Ўзбекистон таълим тизимини ҳам янги босқичга олиб чиқишига шубҳа йўқ.
Шулардан бири Президентимизнинг 2025 йил 5 майдаги “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонидир. Унга кўра, “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси негизида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилди. Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш, малакани баҳолаш соҳасида ташқи сифат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органидир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 апрелдаги “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам ўқитиш тизимидаги ислоҳотларда муҳим ўрин тутади. Чунки мазкур ҳужжат асосида педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилотлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимига ўтказилди. Шу йўналишдаги олий таълим ташкилотларида халқаро тажриба асосида ўқув жараёнларини самарали бошқариш тизими жорий этилди. Самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) асосида раҳбар ходимлар фаолиятини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ҳамда олий педагогик таълим мазмунини халқаро талабларга мослаштириш каби вазифалар белгиланди.
Қолаверса, халқаро таълим дастурлари қўлланадиган йўналишлар учун профессор-ўқитувчиларни хорижий университетларга мақсадли малака оширишга юбориш тизими жорий этилди. Демак, Президентимиз фармонлари Хитой касбий таълим тизимидаги каби катта ўзгаришларга олиб келади. Сўнгги ярим асрда Хитой саводхонлик даражаси бўйича қолоқ мамлакатдан самарали ўрта ва олий таълим тизимига эга мамлакатга айланди. У иқтисодий тараққиёт учун зарур кадрлар тайёрлаш борасида етарли шароит ярата олди. Хитойнинг бу борадаги ютуқларини чет элдан таълим олиш мақсадида келаётганлар йилдан йилга кўпайиб бораётгани ҳам тасдиқлайди. Айни пайтда Хитой Япония билан бир қаторда Жануби-шарқий Осиёда хорижий талабалар оқими бўйича етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Хитой олий таълими тараққиёти унинг глобал таълим маконига интеграциялашуви билан боғлиқ.
Ушбу мамлакат таълим тизимининг ўзига хос хусусияти ва афзаллиги, энг аввало, қатъий интизом ва меҳнатсеварликда. Ўқувчилардан қатъий интизомга риоя этиш ва тинимсиз меҳнат талаб қилинади. Бу ёш авлоднинг мақсадга эришиш йўлида сабр-тоқатли бўлиши ва ўз устида мунтазам ишлашига замин яратади.
Иккинчидан, таълим тизими аниқ мақсадларга йўналтирилган, ҳар бир босқич билим ва кўникмани оширишга қаратилган. Бу эса, ўз навбатида, келгусида муваффақиятга эришишни таъминлайди.
Учинчидан, фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) фанларига алоҳида эътибор қаратилади. Бу мамлакатнинг инновацион ривожланиши ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Тўртинчидан, Хитойда ўқитувчи жуда обрўли ва масъулиятли касб эгаси. Педагоглар мунтазам малака ошириб, жараёнга янги технологияларни жорий этиб боради.
Бешинчидан, ҳукумат таълимга катта инвестиция киритмоқда. Замонавий мактаблар, лабораториялар ва кутубхоналарда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун барча шароит яратилган.
Ўзбекистон Хитой тажрибасини ўрганиш орқали қатор мақсадларни кўзламоқда. Ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини халқаро стандартларга мослаштириш, STEM фанларини ривожлантириш орқали ёшларни инновацион ғоялар яратиш ва замонавий технологияларни ўзлаштиришга рағбатлантириш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, уларни замонавий педагогик технологиялар билан таништириш, мактаблар, коллежлар ва университетларни замонавий жиҳозлаш, мутахассисларни ички ва ташқи меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш шулар жумласидан.
Хитой таълим тизими мукаммал эмас, албатта. Ўзига яраша камчиликлари ҳам бор. Бироқ ушбу тизимнинг муваффақиятларини инкор этиб бўлмайди. Мана шу инкор этиб бўлмас ютуқлар ушбу давлат иқтисодиётини жадал ривожлантиряпти.
Юртимизда таълим ва илмга эътибор қанчалик кучли эканини охирги кунларда бўлиб ўтган соҳага дахлдор воқеалар ҳам яққол тасдиқлайди. Бинобарин, Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли педагоглар муносиб тақдирланди, рағбатлантирилди. Давлатимиз раҳбари муаллимлар билан яна бир бор самимий мулоқот қилди. Мулоқот жараёнида билдирилган фикр-мулоҳазалар, ташаббус ҳамда ғоялар эса ушбу йўлдаги мақсадимиз аниқ ва ортга қайтмас эканлигини такрор исботлади. Бу йўл эса бизни янги Ўзбекистон тараққиёти сари етаклайди.
Машъал САИДОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор
Ҳамкорлик материали