- Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасини «оинаи жаҳон» орқали тўғридан-тўғри, диққат билан томоша қилдим. Эътиборлиси, Давлат раҳбари ўз нутқини таълим-тарбия масаласидан бошлади. «Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур», деди у.
Бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб 1976 йилдан буён шунча вақт давомида фақат бир жойда, бир жамоада меҳнат қилдим. Педагогик фаолиятимга 44 йил тўлибди. Касбимни жуда яхши кўраман. Мустақилликнинг илк йилларида «Йилнинг энг яхши ўқитувчиси» танловининг вилоят босқичида фахрли ўринни олдим. Турли тадбирлар, семинарларда фаол қатнашдим, тажрибам оммалаштирилди. 5 йил «Маҳорат мактаби»ни бошқардим, ёш ҳамкасбларимга билганларимни ўргатдим. Вилоят халқ таълими бошқармасининг услубий кенгаш аъзосиман. Ўқувчиларим қатор ютуқларни қўлга киритишди. Ҳозиргача раҳбарлигимда 16 та бошланғич синф болаларига ҳарф танитиб, уларни учирма қилибман. Таълим-тарбиямни олган кўплаб шогирдларим жамиятда ўз ўрнига эга, юқори лавозимларда давлат ва халқ хизматида. 1991 йилда Халқ таълими аълочиси, 2006 йилда давлат мукофоти - «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. Якунланаётган йил эса оиламиз учун унутилмас бўлди. 1 октябрь санаси арафасида Юртбошимиз фармони билан мени «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси» фахрий унвонига муносиб кўришганидан ғоят хурсандман.
Буларни нима учун гапиряпман. Айтмоқчиманки, чекка қишлоқдаги оддий бир муаллимни шунчалик эътироф этишяпти. Таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратаётганлари учун Президентимиздан чексиз миннатдорман. Уларнинг «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади!» деган ҳикматли сўзлари қулоғимга ўрнашиб қолди. Рост-да, фарзандларимизни бежиз ниҳолга қиёсланмайди. Кўзи қора, юраги оқ дилбандларимизга ўз меҳримиз, билимимиз ва фазилатларимизни берсак, ёшлигидан чиройли парваришласак, келажакда комил инсон бўлиб етишади.
Турмуш ўртоғим Абдумалик Исомиддинов ҳам меҳнат-технология фани ўқитувчиси. Шу билим даргоҳида ҳаётимиз давомида ҳамроҳ бўлиб, елкама-елка ишладик, мени доимо, ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватладилар. Бизга ҳавас қилиб, икки қизим ва икки келиним касбимизни тутишди. Очиғи, энг бахтли аёлман ва ўқитувчи эканлигимдан фахрланаман!
Мурожаатномада яна бир масала – педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш тўғрисида ҳам сўз борди. Ўқитувчи, мураббий ва методистлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича бошланган ишлар келгуси йилда ҳам давом эттириларкан. Яъни бунинг учун халқ таълими ходимларини рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларига 330 миллиард сўм йўналтириларкан.
Маълумки, муаллимлар ҳозирги вақтда эскича усулда ҳар 5 йилда малака оширади. Бундан буён уларнинг, «ҳаёт давомида ўқиш» тамойили асосида, ўз малакасини узлуксиз ошириб бориши йўлга қўйилади. Шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқиларкан. Ўқув дарсликлари ва дастурлари такомиллаштириларкан. Келгуси ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига илғор хорижий тажриба асосида болага ортиқча юклама бермайдиган «Миллий ўқув дастури» жорий этиларкан.
Дарвоқе, мактабимиз битирувчиларининг 42 нафари жорий йилда олий ўқув юрти талабасига айланди, уларнинг 20 нафари мен ўқитган йигит-қизлардир. Мазкур натижа билан мактабимиз туман бўйича рейтингда биринчи ўринни эгаллади.
Шахсан мен олий тоифали ўқитувчи сифатида 35-40 фоиз устама оламан. Бу эса албатта, доим каминани руҳлантиради, ғайрат-шижоат билан ишлашга ундайди. Хуллас, ўқитувчи ўз вақтида ишлаши, дам олиши ва рағбатланиши мақсадга мувофиқ.
Тўғриси, биз бир пайтлар бир йилда иккита синф чиқариш бўйича тажриба-синов тарзида ҳам дарс ўтганмиз ва ҳаммасига улгурганмиз, яхши натижалар кўрсатганмиз. Шундай экан, ҳозир битта синфни ҳар томонлама намунали даражада жамиятга топшириш учун барча шароит ва қулайлик, имкону имтиёзлар етарли. Агар ўқитувчи ўқувчисини ўз фарзандидек қабул қилса, борини уларга улашса, болаларни таълимга қизиқтиролса, аждодлар ҳаёти билан боғлаб, саломатлик ва маънавият машғулотларини кучайтирса, тинмай изланса, фидойилик билан мактабни ҳаётининг ажралмас бўлаги деб ҳисобласа, олдига қўйган мақсадига албатта етади. Энг аввало, ота-оналар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, улар билан дўстона муносабат ўрнатиш кўнгилдагидек самара беради.
Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида қайд этилганидек, катталарнинг билими ва тажрибасини ёшлардаги ғайрат-шижоат билан бирлаштира олсак, марра бизники. Зеро, Янги Ўзбекистонни биз ёшлар билан барпо этамиз!
«Янги Ўзбекистон» газетасининг Намангандаги мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.