Мамлакатимизда таълим тизимини янада ривожлантириш масаласи Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасидаги энг асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. жумладан, 2022–2026 йилларда халқ таълими тизимини ривожлантириш бўйича миллий дастур қабул қилинди. Мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича миллий кенгаш ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. таълим соҳаси доимий эътиборда экани, унинг барча тизим ва йўналишлари баравар ривожланаётгани ҳамда бу ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида яна бир бор таъкидланди.

Дархақиқат, бугун мамлакатимизда таълим соҳасида узлуксиз ва самарали тизим яратилди. Унинг ривожи ўзаро узвий боғлиқ занжирли жараёндан иборат. Агар ана шу занжирнинг битта ҳалқаси сустлашса ёки узилса, соҳа ривожланмаслиги, кутилган натижа кузатилмаслиги мумкин. Шу боис, давлатимиз раҳбари таълим-тарбияни боғчадан бошлаб олий таълимгача бир маромда ислоҳ қилиш ва ривож лантириш йўлини танлади. Ўқитишнинг муҳим ҳалқалари бўлган мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим жабҳаси бир вақтнинг ўзида босқичма- босқич ислоҳ қилинмоқда.

Президентимиз байрам табригида педагог кадрлар зиммасидаги асосий мақсад ва вазифалар ҳақида тўхталиб, жумладан, бундай деди: “Бизнинг мақсадимиз — Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланиши зарур”.

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар том маънода айни шу мақсадга қаратилган. Бунинг учун, энг аввало, пойдевор мустаҳкам бўлиши зарур. Шу сабабли мактабгача таълим тизими ҳам чуқур ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, кейинги 6 йилда мактабгача таълим муассасалари сони 5,5 баробар кўпайди, боғчаларга қамров мамлакатимиз миқёсида 70 фоиздан ошди. Ҳақиқат шуки, боғчага борган бола билан бормаган бола ўртасида тафовут катта бўлади. Боғчага борган бола ўқиш, ўрганишидан тортиб ўзини тутишигача кескин фарқ қилади. Келажакда мактабгача таълимга қамровни оширишдан кутилаётган мақсад-муддао ҳам аслида ана шу.

Давлатимиз раҳбари умумий ўрта таълим мактабларига Учинчи Ренессанс пойдевори қўйиладиган табаррук маскан деб баҳо берди. Ана шунга муносиб равишда жамиятимизда ўқитувчи нуфузи ва обрў-эътибори юксалиб бормоқда, касб эгаларининг шарафли ва машаққатли меҳнати рағбатлантириляпти. Бугун малакали тоифага эга муаллимлар сони 300 мингдан ошди. Таълим тизимини ривожлантиришнинг энг муҳим омили бўлган ўқув дастури ва дарсликлар яратиш бўйича нуфузли халқаро ташкилотлар ва таълим ривожланган бир қанча давлатларнинг тажрибали экспертлари иштирокида изланишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари мактабларнинг ўқув дастури, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича бошланган ишларни мантиқий якунига етказиш зарурлигини таъкидлади. Бугунги даврнинг ўзига хосликлари ҳамда ўткир талабларидан келиб чиққан ҳолда юртимизда ихтисослаштирилган мактабларнинг мутлақо янгича тармоғи ташкил қилинди. Ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатадиган юзлаб масканлар, IT парклар бунёд этилмоқда. Янги ўқув йилида 51 та янги мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди, 1660 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Президентимиз табригида йигит-қизларимизга замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, бу жараённи бугунги таълим тизимининг барча соҳаси, хусусан, мактабдан ташқари таълим йўналишида ҳам яққол кузатиш мумкин. Бунинг натижасида ўқувчилар, энг аввало, бўш вақтини бекор ўтказмайди. Ёшлар муайян йўналишни танлаб, унга пухта тайёргарлик кўриш, олий таълим муассасаларига ўқишга киришдан ташқари касб-ҳунар ўрганиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.

Пировардида, ота-оналарнинг “Баркамол авлод” болалар мактабларига қизиқиши ва интилиши ортмоқда. Тўгаракларимиз сони, сифати ва йўналиши ошяпти, болалар қамрови тобора кенгайиб боряпти. Социологик тадқиқотлар кўрсатдики, таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, сўнгги йилларда абитуриентлар орасида педагогика университетларида ўқишга қизиқиш бир неча маротаба ошган.

Бу ҳам бўлса ёшлар шуурига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб ўқитувчилар Янги Ўзбекистонда юксак қадр ва э ъзоз топаётгани туфайлидир. Зеро, айни пайтда мамлакатимизда соҳага қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик ва рағбат муаллимларни тараққиётимизнинг жадал суръатига мос, замонавий кадрлар тайёрлаш, янги авлодни тарбиялашда бор куч, билим ва салоҳиятини сарфлашга ундамоқда.