Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2020 йил 10 апрелдаги “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қишлоқ хўжалиги экинлари, ўсимликлар дунёси ва улардан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор мақсад ва вазифалар белгилаб берилган. Қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида яхши ҳосилдорликка эришиш учун, аввало, ерга яхши ишлов бериш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш талаб этилади.

Экиладиган ҳар бир ўсимлик муайян агротехник босқичлардан ўтгач яхши ҳосил бериши мумкин. Бундан ташқари, ўсимликларни касалликлар ва зараркунандалардан ҳимоя қилмай туриб, улардан сифатли ва юқори ҳосил олиб бўлмайди. Бу масала, айниқса, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Соҳа мутахассислари фикрича, бугунги кунда мамлакатимиз экин майдонларида зарарли касаллик турларининг салмоғи ортиб бормоқда. Зараркунандалар ҳамда бегона ўтлар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва етиштирилган маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатувчи унсурлардир. Бугунги кунда ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда осон ва тезкор усул сифатида кимёвий усул қўлланилмоқда. Аммо бу усулни экологик ва иқтисодий нуқтаи назардан афзал деб бўлмайди.  Кимёвий усулдан фақат охирги чора сифатида фойдаланиш мумкин.

Аждодларимиз ўсимлик зараркунандаларига қарши кузатувлари ва йиллар давомида орттирган тажриба ҳамда имкониятдан  келиб чиқиб, маҳаллий хомашёдан кенг фойдаланганлар. Масалан, дарахтнинг пастки қисмини оҳак эритмаси билан оқлаш азалдан мавжуд. Сабаби, дарахт пўстлоғи остидаги зараркунандаларнинг тухуми оҳак таркибидаги ишқор таъсирида нобуд бўлади. Эрта баҳорда қилинган бу усул яхши самара беради, дарахт мевасининг сифати ва ҳосилдорлигининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади, атрофга ўзгача чирой бағишлайди. Юртимизнинг кўп ҳудудлари, айниқса, қишлоқ жойларда боғдорчилик билан шуғулланадиган кекса, тажрибали деҳқонлар томорқаларидаги экин, дарахт баргига ширача тушганда эрталабки шабнамда оддий кул сепишади. Кул таркибидаги ўюв­чи модда таъсирида шира битлари ўз фаоллигини йўқотади, яъни ўлади. Қишлоқ хўжалигида бегона ўт ва зараркунандаларга қарши курашишда кўп ҳолатда таркибида кимёвий заҳарли модда бўлган турли пестицидлардан фойдаланилади. Пестицидлар, юқорида айтилганидек, биринчидан, инсон организми ва атроф- муҳит учун зарарли саналади. Улар билан ишлаганда, албатта, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш шарт. Чунки улар таркибидаги кимёвий моддалар нафас йўлини заҳарлаб, бутун организмга таъсир кўрсатиши мумкин. Иккинчидан, бу кимёвий препаратлар зараркунандаларнинг табиий душмани, яъни фойдали ҳашаротларни ҳам қириб ташлайди. Шу сабабли бу препаратлардан фақат ўта зарарланган жойга сўнгги чора сифатида фойдаланиш мумкин, акс ҳолда у ҳам ўсимликка, ҳам фойдали ҳашаротларга салбий таъсир кўрсатади: уни умумий ҳолда қўллаш тавсия этилмайди. Учинчидан, ушбу кимёвий препаратнинг нархи қиммат, иқтисодий жиҳатдан зарар келтиради. Пировардида ўз-ўзидан маҳсулот таннархи ошади. Бироқ зараркунандаларга қарши чора-тадбирлар вақтида қўлланилмаса, мевали дарахтларни шира босади,  бит ва каналар кўпаяди ва улар баҳор фаслининг охирида бошқа ўсимлик ва сабзавотларга ҳам ўтиши мумкин.          

Ўзбекистон Фанлар академияси Навоий бўлими олимлари қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш учун табиий маҳсулотлардан тайёрланган, экологик жиҳатдан тоза комплекс бирикмадан кенг миқёсда фойдаланишни тавсия қилмоқда. Узоқ йиллик тажриба ва кузатувлар асосида энг самарали бирикма танлаб олинади. Унинг таркиби бир қатор фойдали, доривор хусусиятларга эга маҳсулотлардан ташкил топган.

Масалан, ёнғоқ барги ўзида жуда кўплаб макро ва микро, жумладан азот, олтингугурт, фосфор, магний, темир ва бошқа элементларни сақлайди, шунингдек, турли органик кислоталар, эфир мойлар, гликозидлар, алкалоид­лар, витамин ва минералларга бой. Аминокислоталар таркибининг бойлиги, аскорбин кислотаси, Е, РР ва В гуруҳи витаминларининг мавжудлиги яшил хомашёни мукаммал тикловчи восита сифатида фойдаланиш имкониятини беради. Ёнғоқ барглари ўғит сифатида ҳам бошқа баргларга нисбатан жуда яхши самара беради. Унинг таркибида катта миқдори фойдали элементларнинг органик моддалари мавжуд. Таркибида заҳарли моддалар йўқлиги сабабли ёнғоқ баргларидан олинган кул нафақат мевали дарахтларни, балки юмшоқ ва инжиқ сабзавотларни парвариш қилиш, зараркунандаларга қарши курашда ҳам яхши самара берадиган табиий ўғит сирасига киради.

Саримсоқпиёз таркибидаги аллицин замбуруғларга қарши курашиш хусусиятига эга. Саримсоқпиёз таркиби доривор хусусиятига эга бўлиб, унда бактерия ва вирусларга қарши табиий курашувчанлик хоссалари, аниқ қилиб айтганда, ўсимликларни паразит ва бактериялардан ҳимоя қилувчи учувчи моддалар — фитонцидлар мавжуд. Саримсоқпиёз таркиби калий, кальций, фосфор, С ва В гуруҳ витаминлари, селен, марганец, йод ва эфир мойларга бой.

Кулнинг кальций карбонати метаболик жараёнларни яхшилайди, ўсимлик­ларнинг янада барқ уриб гуллашига ёрдам беради. Кальций силикати эса ўсимликка витаминларни сингдиришга кўмаклашади, касаллик ва ноқулай иқлим шароитига чидамлилигини оширади. Илдизларнинг ривожланиши ва ўсишини тезлаштиради. Кальций хлориди фотосинтез жараёнида иштирок этади, ферментларнинг шаклланишига ёрдам беради, ўсимликларнинг иммунитетини, совуққа чидамлилигини оширади. Калий ортофосфати ўсимликларга сув мувозанатини тартибга солишга, қишнинг совуғига бардошли бўлишга ёрдам беради. Магний силикати, магний карбонати, магний сульфати, нат­рий хлориди ва натрий ортофосфатлари углеводларни шакллантиришда иштирок этади, улардан кейинчалик целлюлоза ва крахмал ҳосил бўлади, ўсимликлар таркибидаги сув мувозанатини меъёрлаштиришга, шунингдек, ферментлар фаоллигини оширишга ҳисса қўшади.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Томорқа хўжалигидаги мева-сабзавот ва полиз экинлари жорий йилда баҳорнинг серёғин келиши оқибатида шира, турли ўсимлик битлари ва бошқа зараркунандалар билан сезиларли даражада зарарланди. Бу ҳолатда бирданига кимёвий препаратлардан фойдаланиш бир томондан фойда бўлса, иккинчи томондан ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан зарарлидир. 

Шу боис, олимларимиз ота-боболаримиз қўллаб келган ноанъанавий усулларга мурожаат қилиб, табиий доривор ўсимликлардан тайёрланган комплекс бирикмани тажрибада синаб кўрди ва самарали натижаларга ­эришди.

Ушбу комплекс бирикма Фанлар академияси Навоий бўлими олимлари ҳамда “Электрокимёзавод” ҚК АЖ мутахассислари ҳамкорлигида яратилган ва ишлаб чиқарилаётган “ЭлСМиК” препарати билан бирга қўлланилганда янада яхши натижа бериши кузатилди. Бу соҳадаги тажрибаларни турли экинларда қўллаш ва ундан янада кенг фойдаланиш жараёни давом этмоқда.

 Ўктам ҲАКИМОВ,
ЎзФА Навоий бўлими катта илмий ходими,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди