“...Узоқ йиллик тажрибамдан хулосам шулки, ижодкор истеъдодининг даражасидан қатъий назар, иложи борича ўзини ёлғон-яшиқдан олиб қочсин. Иложи борича катта ва кичик ҳақиқатларни бир-биридан фарқлай олсин. Яъни ҳар доим ҳам шахсий кечинмаларини бутун бир халқнинг кечинмалари деб эълон қилишдан ўзин тийсин...” – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Кўрган билганларим” деб номланган мақоласида. Ҳа, устоз шоиримиз халқ дардини ўз шахсияти фильтридан ўтказа билган буюк истеъдод соҳиби эди. У ўзининг шахсий дардини халқники деб эмас, балки халқнинг дардини ўзиники деб билди. Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов билан бу улкан қалб ёлқинлари нурафшон этган кенгликлар ва ҳаёт ҳақиқатлари акс этган ижод дурдоналари борасида суҳбатлашдик.
– Абдулла Ориповнинг илк китоби – “Митти юлдуз” 1965 йилда нашр этилгани маълум. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов: “Митти юлдуз”нинг пайдо бўлиши шеъриятимиз осмонида янги қувноқ, чароғон юлдуз пайдо бўлганидан дарак беради”, деб ёзган экан ўшанда. Мунаққидларимизнинг таъкидлашича, замонавий ўзбек шеъриятининг кейинги олтмиш йиллик йўли “Митти юлдуз”га қараб белгиланган экан...
– Аслида, “Митти юлдуз”ни йўлчи юлдуз деб аташ мумкин. Абдулла Ориповдан кейин адабиёт майдонига кирганлар орасида ундан таъсирланмаган, унинг шеърият мактабидан сабоқ олмаган ижодкорни топиш маҳол. Масалан, шоирнинг тенгдоши Ўзбекистон Халқ шоири Рауф Парфи “Энг узоқ ёзилган таржимаи ҳолим” шеърида: “Дарс: Алишер Навоийдан то Абдулла Ориф”, дея эътироф этади. Атоқли шоир Усмон Азим шеър аслида нима эканини “Митти юлдуз” мутолаасидан кейин англаганини таъкидлайди. Азим Суюн: “Биз шеъриятга “Митти юлдуз” таъсирида кирганмиз”, дейди. Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, Иқбол Мирзо, Эшқобил Шукур, Азиз Саид.... бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг барчаси Абдулла Орипов ижодхонасидан сабоқ олганини эътироф этади.
“Митти юлдуз”нинг адабий жараёнга таъсири шундай бўлдики, Ватан, халқ ҳақида чучмал, таъсирсиз сўзлар назм намунаси ўлароқ тақдим этилаётган бир замонда ўзбек шеъриятида бирданига яшин чақнади, момоқалдироқ гулдиради гўё. Бу яшин сабабли ватанинг бутуниттифоқ, миллатинг – совет, деган сохта туйғуларга ўт кетди. Бу момоқалдироқ Ватан ҳақидаги кўнгилда яшириниб ётган кечинмалардан бонг урди. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” – бундай саволни Абдулла Ориповгача ҳеч ким бу тарзда кун тартибига қўя олмаган эди. Бунинг ўша замон учун қанчалик жасорат бўлганини ҳар бир инсофли одам эътироф этади.
Хўш шоир ўша кезлари урф бўлганидек, СССРни эмас, нима учун она юрти Ўзбекистонни севади? Нима сабабдан унинг тупроғини кўзига тўтиё қилади, муқаддас, танҳо дея сифатлайди уни?
Аслида дунёда танҳо нима бор?
Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?
Ёки қуёшими севгимга сабаб?
Ахир қуёшли-ку бутун Осиё.
Ана шундай кўнгилларга титроқ солувчи саволлардан сўнг шоир фикр оқимини кутилмаган ўзанга буради. Дилўртар саволларга ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган ҳароратли жавобни тақдим этади:
Хўш, нечун севасан Ўзбекистонни,
Сабабини айтгин десалар менга,
Шоирона гўзал сўзлардан олдин
Мен таъзим қиламан она халқимга:
Халқим, тарих ҳукми сени агарда
Мангу музликларга элтган бўлсайди,
Қорликларни макон этган бўлсайдинг,
Меҳрим бермасмидим ўша музларга?
Бу шеърнинг ёзилиш тарихи ҳақида шоирнинг ўз сўзларига қулоқ тутайлик: “Ўша даврда Ўзбекистонни пахтаси учун, олтини учунгина ҳурмат қилган, ҳурмат қилмаган бўлса-да, шундан фойдаланган қудратли мустамлакачи кучлар бўлган. Уларнинг руҳияти муқаррар кишининг ғашини қўзғар эди, шунда мен, хўп, сен бойлиги учун севар экансан, севмасанг-да фойдаланасан, ҳолбуки, ўша пахта ҳам меники, олтин ҳам, аммо мен нима учун севаман Ўзбекистонни?! Агар мангу музликларда яшаган бўлсанг ҳам, халқим, мен бир чукча ё ёқутга ўхшаган бўлганимда ҳам сен учун жонимни берар эдим-ку! – деган мухолиф кайфият ва фикр билан ўз вақтида ёзилган бу!”
“Халқим, тарих ҳукми сени агарда Мангу музликларга элтган бўлсайди, Қорликларни макон этган бўлсайдинг, Меҳрим бермасмидим ўша музларга?” – бундаги кинояни пайқаш қийин эмас. Энг муҳими, бу киноя катта бадиий умумлашмага асос берган:
Юртим, сени фақат бойликларинг-чун
Севган фарзанд бўлса кечирма асло.
– Катта шоиру адиблар ижодда ўз йўлига, тутумига эга бўлади. Нурбой ака, сизнингча, Абдулла Ориповнинг ижод концепцияси қандай мезонларга асосланади? Шоир асарларининг ўзига хослиги нималарда кўринади?
— Аввало, Абдулла Орипов дастлабки асарларидаёқ ўз сози билан куйлаш, бошқалардан туйғу олмаслик, шунинг баробарида, овозини ўзгаларга бериб қўймаслик сингари мезонларга асосланган ижодий дастурини эълон қилган эди. Иккинчидан, у адабиётнинг асл моҳиятини миллий руҳ ифодасида деб билди. Бу ҳақда шоир мана бундай ёзган эди: “Майли, буюкларга интилиш бўлсин, жаҳоннинг, башариятнинг энг илғор фикрларига ошнолик бўлсин, Ғарб, Европа, Америка дейсизми, майли Лотин Америкаси, майли Ойми, Марсми.... даражасида фикрлашсин, лекин ўзбек фикрласин, ўзбекча фикрласин! Агар шу “кичкинагина” шарт бажарилса, қолганига, албатта эришамиз”. Аслида, бу шарт “кичкинагина” эмас. У – асосий шартлардан бири. Адабиёт миллий руҳдан айрилса, айтиш мумкинки, ҳамма нарсадан айрилади. Шунинг учун ҳам шоир ана шу масалага алоҳида урғу беради.
Бу ўринда муҳим бир фикрни айтиш зарур: Абдулла Ориповнинг ўзи ижодда ана шу бадиий-эстетик талабга тўлиқ амал қилган. Биргина мисол. Шоир Данте ватани бўлган Италия сафарларидан бирига иқтисодчи академик Қаландар Абдураҳмонов билан бирга борган. “Манзаралар” деган шеъридаги мана бу сатрларга эътибор беринг:
Қаландар, ана бу денгизга қара,
Қайнаб ётган ҳис бу, илоҳий туғён.
Жазавага тушар бунда ҳар зарра
Абдуҳошим ғижжак чалганисимон.
Кўрдингизми, Абдулла Орипов Римдаги денгиз тўлқинида ҳам ўзбекнинг тимсолини кўради. Ҳар зарраси жазавага тушаётган тўлқинни қайнаб ётган ҳисга ташбеҳ қилган бошқа шоирни биласизми? Ёки уни ғижжак чалаётган Абдуҳошим Исмоиловга қиёслаш кимнинг хаёлига келиши мумкин?!
Кейинги бандда шоир мана бундай ёзади:
Гоҳида жим қолар тиниқиб, тўлиб,
Хаёлга нималар келмас шу онда.
Денгизни чой тўла пиёла қилиб
Елпиниб ўтирсанг Шоҳимардонда.
Қаранг-а, бошқа одам етти ухлаб тушида ҳам кўра олмайдиган бундай туйғу фақат чинакам шоир хаёлигагина келиши мумкин. Денгизни чой тўла пиёла қилиб, Шоҳимардонда елпиниб ўтириш – туйғу нақадар миллий, ташбеҳ нечоғлиқ оҳорли, бадиият қанчалар мукаммал-а! Ҳайратланмасликнинг иложи йўқ! Ана шу сатрларда Абдулла Орипов шеъриятининг яна бир етакчи хусусияти намоён бўлган: ижодининг дастлабки давридан то сўнгги асарларигача, нима ҳақда ёзмасин, Ватанга, халққа муҳаббат туйғуси билан йўғрилган бўлади.
Абдулла Орипов шеъриятга юксак талаблар билан ёндашган шоир. Мақолаларидан бирида шоир шеър қандай мезонларга жавоб бериши зарурлигини мана бундай кўрсатган эди: “Ҳозирги шеъриятимизда шаклдаги ранг-баранглик қарор топаётгани мени қувонтиради. Ранг-баранглик ҳеч қачон эскирмайди. Фақат унинг замирида бетакрор мазмун, гўзал ташбиҳ, сирли руҳ бўлса, бас”. Бу талабларни бажариш осон эмас. Агар ҳазрат Алишер Навоийдан то Абдулла Ориповгача бўлган шеъриятни кузатадиган бўлсак, қаламга олинмаган қайси мавзу қолган? Ана шу саволни қўядиган бўлсак, бетакрор мазмун деган талабни бажариш нечоғлиқ мушкул экани яққол аён бўлади. Лекин ҳақиқий шоир топада шундай мавзуни. Устоз шоирнинг ушбу сўзлари хусусида кўп ўйлаганман. Чинакам истеъдод эгаси заҳмат чекадиган бўлса, дастлабки икки шартни – бетакрор мазмун ва гўзал ташбиҳни уддалаши мумкин. Бироқ сирли руҳ деган талабни бажариш.... Тангри таоло ярлақаган, юксак салоҳият ато этилган шоирларгина бунга эриша олади. Абдулла Орипов ана шу неъматга муяссар бўлган бениҳоя кам сонли ижодкорлар сирасига киради. Машҳур “Баҳор” шеъри аслида достон даражасидаги асар. Ана шу шеърнинг якуний сатрларига бир эътибор беринг-а:
Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним.
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг, Ўзбекистон, дилбар Ватаним!
Кўнгилдаги ғамнинг қизғалдоқ баргидек учиши – бундай ифодани ўйлаб топиб бўлмайди. Тошқинлар киради қалбимга маним – туйғуни бундай ифодалаш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Абдулла Орипов – туйғуни ҳам моддийлаштира оладиган, шеърий ифодани сир руҳ уйғунлигида тасвирлай биладиган нодир истеъдод эгаси. Аслида табиат тасвирига бағишланган ана шу шеър ҳам Ватанга бўлган чўнг муҳаббат изҳори билан якунланаётир. Абдулла Орипов шеъриятидан бенасиб бўлиш, бу ижод сирларини ўрганмаслик – ижод аҳли учун оғир йўқотиш бўлади, деб ўйлайман.
– Истиқлол йилларида туғилганлар устоз шоиримизни кўпроқ мадҳия муаллифи деб билишади. Аслида, ўзига хос гимн бўлган, руҳ-фикр уйғунлигининг гўзал намунаси – “Биринчи муҳаббатим” ярим аср бурунги ёшларнинг севги номаларию хотира дафтарларини безаб, ошиқларнинг дил рози сифатида мактубларга жойланган экан...
– Китобдан йироқ, мутолаадан бебаҳра авлодга тегишли сиз айтган фикрлар. Ёшларимизнинг маърифатсиз қолишига рози бўлмаслигимиз керак. Ҳолбуки, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан бошлаб бир неча авлод ижодкорларгина эмас, ҳатто оддий одамлар ҳам Абдулла Орипов шеъриятининг оташин мухлислари бўлганига гувоҳмиз. Катта адибимиз Хуршид Дўстмуҳаммад устоз Абдулла Орипов таваллудининг етмиш йиллиги арафасида Миллий университетда бўлган адабий учрашувда қизиқ бир маълумотни ҳайрат билан айтгани эсимда. Гулистон шаҳрида бўлган тадбирда Хуршид ака Абдулла Ориповнинг “Биринчи муҳаббатим” шеърини ўқий бошлабди. Шунда шеърни бошдан-охир бутун зал жўр бўлиб ижро этган. Мен “ижро этган” дея таъкидлаётганим бежиз эмас. Чунки тасаввур қилдим: улар чин кўнгилдан муҳаббат билан ўқиган шеърни.
Устоз Абдулла Орипов шеър ёзиш бобида тенгсиз экани исбот талаб қилмайди. Шеърни тингловчининг қалбига етиб борадиган даражада ўқиш борасида ҳам беназир эди. Нечоғлиқ буюк шоир бўлса, шунчалик салоҳиятли нотиқ ҳам эди у. 2015 йили хорижда даволаниб келган кезлари устозни Миллий университетда ўтказиладиган тил байрамига таклиф қилдим. Устоз таклифни хурсандчилик билан қабул қилди. Университет маданият саройи катта зали профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан тўлган. Абдулла Орифни идеал деб биладиган ўзбек филологияси ва журналистика факультетигина эмас, математика, физика, кимё, биология, тарих, география.... хуллас, барча факультетлар ёшлари иштирок этяпти тадбирда. Устоз кирганда, зал оёққа қалқди ва олқишлар жаранглади. Сўз навбати замонамизнинг улуғ шоирига берилганда, талаба ёшлар яна бир карра самимий олқишлади.
Устоз оз эмас, кўп эмас, роппа-роса қирқ беш минут шеър ўқиди. Менинг эса жоним ҳалак: мабодо адабиётдан йироқ бирор талаба одобсизлик қилиб қўйса, устознинг кайфиятига ёмон таъсир қилиши мумкин эди-да, ахир... Лекин... Ҳақиқий шеър ҳаммани мухлис қилиб қўяр экан. Биз китобдан, адабиётдан йироқ деб ўйлайдиган замонамиз ёшлари қирқ беш минут давомида ҳайрат билан тинглади устознинг шеърларини. Абдулла акам нутқини якунлагач, зал яна оёққа қалқиб, гулдурос қарсаклар билан олқишлади. Тадбир тугагач, ёшлар устоз билан изма-из бориб, у кишидан дастхат олишди. Юзлаб талабалар замонамизнинг атоқли ва ардоқли шоирини машинагача эҳтиром билан кузатиб қўйди. Мен эса ҳаяжон билан: “Устоз, кўряпсизми, бугунги ёшлар ҳам сизнинг шеърларингизнинг оташин мухлисларидир. Улар сизни нақадар эъзозлашини исботлаяптилар”, дедим. Абдулла акамнинг юз-кўзидан хурсандлиги яққол сезилиб турар эди.
– “Ҳақиқий шоир ўз замонидан икки қадам олдинда юради, шу боис ўзи мансуб бўлган даврга кўпинча бегона бўлиб қолади”, дея кўп таъкидлашади. Ижодкорнинг муросасизлиги, назаримизда, замон ёки давр ўртасида эмас, балки унинг шахси ва ботинидаги “Мен” ўртасида кечади. Бу аёвсиз кураш ижодкорни ё саодат, ё фалокатга элтиши мумкин. “Мен” – Аллоҳнинг амри, илоҳий сас. Мана шу акс-садони англаган инсонгина ўзлигини кашф этишга қодир. Шундай эмасми?...
Абдулла Орипов ижодий тақдири мисолида бу гапларингиз айни ҳақиқатдир. У чиндан ҳам замонасидан ўзиб кетган ижодкор эди. Эҳтимол, шахс сифатида замон билан муроса қилган кезлари бўлгандир. Лекин ижодкор сифатида у озод руҳ эгаси эди. Масалан, ўтган аср олтмишинчи йилларида “Она тилимга”, “Тилла балиқча”, “Оломонга” сингари шеърларни ёзиш ўша давр муҳити билан зиддиятга бориш дегани эди. Жумладан, “Она тилимга” шеъридаги булбул – бетакрорлик рамзи. Бошқа ҳеч кимникига ўхшамагани учун унинг каломи минг йиллар ўтса-да, ўзгармайди. Бунга эҳтиёж ҳам сезмайди. Тўти эса – тақлид тимсоли. Шу боисдан у ачинмоққа сазовор. Шу сабабдан ҳам унга нисбатан “шўрлик” эпитетини қўллайди шоир. Шоирнинг булбул куйини шеърга солаётгани сабаби – она тилининг мавжудлиги. Тилини йўқотганлар эса тўти билан қисматдош бўлишга маҳкум – ана шеърдан келиб чиқадиган бадиий хулоса. Устознинг ўзлари бу шеър қандай оқибатларга олиб келгани ҳақида мана бундай ёзган эди: “Саккиз қаторлик шу шеър бошимга саккизта бомба бўлиб тушишини туш кўрибманми? Ҳозирги ёшлар она тилимизга Давлат тили мақоми бериш ҳақидаги Қонунни “ҳатто” уддалаб бажара олишмаяпти. У маҳалларда-чи?... Шеър чиққач, “Ҳали сенинг она тилинг борми? Ҳали сен жаҳон социализми ғоясига қаршимисан? Ота-онанг ким? Қайси миллатчининг боласисан?” – деган бир дунё тазйиқ остида қолганман. Катта миннатдорчилик билан бир гапни айтиб ўтишим керак: балки қамашга, балки мени йўқ қилиб юборишга асос бўладиган уч-тўртта шеърим, яъни “Она тилимга”, “Минораи калон тепасидаги лайлак”, “Ўзбекистон” каби тизмалар Александр Твардовский ҳамда Қайсин Қулиев ёрдами билан “Новый мир” журналида босилиб чиқмаганида эди, ўша тақдир чархпалаги қаёққа қараб айланиб кетиши мумкинлигини мен ҳозир ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман”.
Она тилимиз тақдирига куйиниш миллатнинг қисматига куйиниш демакдир. Ҳукмрон коммунистик мафкура миллий тилларнинг бора-бора йўқолиб, ягона тилга сингиб кетиши ҳақидаги сохта ва зарарли ғояни тарғиб қилиб турган бир вазиятда бундай шеърни ёзиш бошини кундага қўйиш билан баробар эди. Фақат катта жасорат соҳибигина бундай ишга қўл уриши мумкин эди. Бу амалда мустақиллик орзусини қаламга олиш билан баробар эди.
Замондан ўзиб кетгани учун ҳам Абдулла Орипов шеъриятининг тадқиқ қилинмаган жиҳатлари кўп. Уларни англаш, ўсиб келаётган ёшларимиз онгу шуурига, руҳиятига сингдириш адабиётшунослигимиз олдида турган долзарб вазифалардандир.
– Абдулла Орипов Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини адиб-арбоб Шароф Рашидов таклифига кўра таржима қилади. У кечани кеча кундузни кундуз демай бу ижодий жараёнга шўнғиб кетади. Бироқ устоз шоиримиз ўз суҳбатларидан бирида мазкур асар ва унинг таржимасини таҳлил қилишга адабиётшунослигимиз тайёр эмас экан, деган фикрни айтади...
– Фақат “Илоҳий комедия”гина эмас, Абдулла Ориповнинг жаҳон шеърияти дурдоналаридан амалга оширган бадиий таржималари ҳали ўрганилган эмас. Ҳолбуки, уларни ўрганиш улуғ шоиримизнинг ижод лабораториясига чуқур кириш имкониятини яратади. Тўғри, устоз шоир сиз таъкидлаган фикрни айтгандан кейин ёш адабиётшуносларимиз томонидан “Илоҳий комедия” ва “Жаннатга йўл”нинг қиёсий таҳлилига доир мақолалар эълон қилинди. Лекин булар етарли эмас.
Абдулла Орипов таржималари – улкан хазина. Бу хазинага эга бўлмоқ учун, таржима малакасини ҳосил қилиш учун ҳам уларни ўрганиш зарур. Масалан, “Илоҳий комедия” италян адабиётига хос ҳар бир банди уч мисрадан таркиб топган мураккаб шеърий шакл – терцинада ижод қилинган. Абдулла Ориповнинг маҳорати шундаки, у ана шу шакл қонуниятларини мукаммал ўрганган ва таржимада уни сақлай билган. Устоз шоирнинг ўзи мана бундай ёзади: “...терцинада уч қатор баравар келаверади. Лекин уч қатор баравар бўлгани билан қофиялар занжир бўлиб, бир-бири билан боғланиб кетаверади. Шарқ мумтоз адабиётидаги аруз вазнининг бузилиши қанчалик сакта бўлса, бу ерда терцинанинг бузилиши ҳам шеърий жиноятга айланиб кетиши мумкин”. Терцинага хос назарий қоидаларни ўзбек тилидаги таржимада бериш... Айтишгагина осон. Бу мураккаб ишни юксак даражада уддалагани, биринчидан, шоирнинг юксак маҳорати билан изоҳланса, иккинчидан, ижод заҳматидан лаззат ола билгани исботидир. Акс ҳолда бу иш ярим йўлда қолиб кетиши мумкин эмас эди. Демак, бу катта масъулият талаб қилади. Устоз шоирнинг айтишича: “Асарда агар бир сатрнинг иккинчиси билан қофияси бузилса, шу иморат таг-туги билан нураб кетади. Занжир узилади! Мен бу билан катта бир ишни бажардим, деб айтишни хоҳламайман. Лекин воқеликка объектив баҳо беришим керак”.
Назаримда, бу улуғ шоирнинг таржималари катта тадқиқотларга мавзу бўла олиши масаланинг бир жиҳати. Яна бир муҳим томони шундаки, Абдулла Ориповнинг таржима ҳақидаги қарашлари ҳам алоҳида ўрганилиши керак.
– Устоз шоиримиз тарих сохталаштирилгани, диний ва миллий қадриятлар топталганини кўплаб ҳасратли сатрларида ифода этади. “Муножотни тинглаб” дан бошлаб “Ўзимни мозийнинг...”, “Паҳлавон Маҳмуд қабри қошида”, “Алишер”, “Мўмин Мирзо”, “Темур боғлари”, “Фурқат нидоси”, “Оташга сиғинди бир замон халқим”, “Алишернинг онаси” ва ҳоказо ўнлаб шеърларида, “Барҳаёт обида” киносценарийси, “Ҳаким ва ажал” достони, “Соҳибқирон” номли беш пардали шеърий драмасида Абдулла Ориповнинг бадиий нигоҳи туркий улуснинг ўтмиш ҳаёти, буюк сиймоларининг тақдири орқали бугуннинг ижтимоий-фалсафий, маънавий-ахлоқий масалаларига жавоб излашга қаратилди. Нурбой ака, бу жавоблар қанчалик салмоқли ва ўринли бўлди?
– Ватан ва миллатга муҳаббат даъват ёки чақириқ эмас. У юракнинг туб-тубидан ички эҳтиёж сифатида туғилиши зарур бўлган туйғу. Ватанни севмоқ унинг тарихини, муайян даврлардаги тараққиёти ва таназзули сабабларини илмий асосда чуқур англамоқ, келажаги ёруғ ва нурли бўлиши учун жону жаҳонни бағишламоқ орқали бўлади. Миллатга муҳаббат унинг шону шарафи, юксалиши йўлида ўзни фидо этмоқ, бор билим ва салоҳиятини ана шу мақсадга сафарбар қилмоқдир. Абдулла Орипов шеърияти тарих ҳақиқатларининг бадиий ифодаси орқали ватандошларимиз қалбида ана шу муқаддас туйғуни комил бир даражада тарбиялашга хизмат қилди, хизмат қилаётир. Шоирнинг “Ўзбекистон”, “Қарши қўшиғи” каби шеърларида тарихий воқелик шунчалик маҳорат билан тасвирланганки, Ватан ва миллатнинг шонли ўтмиши кўз ўнгингиздан худди кино лентаси каби ўтади. Шоир сизни ўша муҳитга олиб кириб қўяди, буюк аждодлар нафасини сезасиз. Шунинг баробарида, тарихдаги хатоликлар, халқимиз бошидан кечган мусибатлар сабаблари теран ва кўнгилни титроққа соладиган даражада таъсирли бадиий талқин этилади.
Тарихни ўрганишдан мурод, аслида, ибратдир. Ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда, ўтмишда “не ишдин мамлакат обод, қаю ишдин улус барбод бўлганини” англамоқ ва хулоса чиқармоқдир. Абдулла Орипов шеъриятида тарих тасвир айни шу мақсадга хизмат қилади.
“Катта шоир ҳамиша ўз вақтида майдонга келади, у – ҳамиша тарихий. Зотан, катта шоир ўз халқининг овози, унинг орзу-умидлари ва инсон қалби изтиробларининг ифодачисидир. Бироқ энг асосийси, у – ўз даврининг ҳаками ва куйчиси, у – жарчи ва файласуф, у – сўз сеҳргари ва узлатга чекинган мутафаккир дарвеш. Буларнинг бари унга қалб изҳорини ҳаммага бирдай тушунарли, севимли ва шу билан бирга, кўтаринки, теран маънолар моҳиятини ифодалаш учун ато этилган. Шу боис шоирнинг сўзларидан замондошлари ҳам, келгуси авлодлар ҳам фахрланиб юрадилар. Абдулла Орипов менга XXI асрга қадам қўйган даврларимизнинг буюк маданий аҳамиятга молик ана шундай шоири бўлиб гавдаланади”. Дунёга машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматов улуғ шоирнинг халқимиз олдидаги хизматларини ана шундай эътироф этган эди. Ҳақиқатан, Абдулла Орипов – ўз халқининг овози бўла олган буюк ижодкордир. Шоир асарлари яна кўп асрлар давомида нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон халқлари адабий-эстетик тафаккури ривожига хизмат қилишига ишонамиз.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди