Ушбу тадбирда Озарбайжон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Эльнур Алиев, Озарбайжон Миллий фанлар академияси ва Тошкент шаҳридаги Г.Алиев маданият маркази раҳбарияти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, депутатлар, академиклар, адабиётшунослар ва бошқа меҳмонлар иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги қон-қардошлик, дўстлик, фан, маданият, адабиёт ва санъат соҳаларидаги анъанавий алоқалари кўп асрлик тарихга эга эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Дини, тили, урф-одати, дунёқараши яқин миллатларда маданий-маънавий муносабатлар бардавом бўлган. Бебаҳо асарлардан бири - “Китоби Дада Қўрқут” нафақат озарбайжонликларнинг, балки барча туркий халқлар, шу жумладан, ўзбекларнинг ҳам севимли достони сифатида тақдим этилди.

Элчи Баҳром Ашрафхонов охирги йилларда мамлакатимизда халқ достонлари ва фольклор санъатининг шаклланиши тарихини чуқур ўрганиш ва асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳар қайси халқнинг азалий тарихи ва маданияти, энг аввало, унинг оғзаки ижоди фольклор санъатида, достон ва эпосларида мужассам бўлиб, улар миллатнинг ўзлигини англаш, унинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда бебаҳо манба ҳисобланади”, деб айтган сўзлари тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этилди.