Ушбу китоб 5000 нусхада сотувга чиқарилди. Россия Байналмилал Ёзувчилар уюшмаси нашриёти томонидан “Барча замонларга тегишли китоб” сериясида босмадан чиққан. Мазкур китобдан ёзувчининг қисса ва қатор ҳикоялари ўрин олган.

– Ўзбек адибининг нашриётимизда ўтган йили “Кўзларингни кўргани  келдим” китоби чоп этилганди, – дейди лойиҳа раҳбари, нашриёт бўлим бошлиғи Оксана Ковалёвская. – Китоб ўқувчиларда  қизиқиш уйғотди  ва кенг тарқалди. Ҳатто Европа давлатларига ҳам сотувга чиқарилди. Бир неча тилларга таржима қилинди. Шунинг учун ҳам истеъдодли адибнинг навбатдаги китобини ҳам чоп этишга қарор қилдик. Ҳамкорлигимиз давом этади.

Юртимиздаги ҳар бир ижодкорнинг ёзгани дунёнинг бошқа тилларига таржима бўлиши қувонарли ҳол, албатта. Хусусан, таниқли адиб Қўчқор Норқобил асарларининг дунё бўйлаб кенг қанот ёзаётгани нафақат бир ижодкорнинг, балки ўзбек адабиётининг тарғиботи десак, муболаға бўлмайди.

– Қўчқор Норқобил ижодида “Ер шари ҳаммамизнинг уйимиз. Бу уйдаги одамлар бир-бирига бегона эмас, дунёни муҳаббат нурга тўлдиради ва барча урушлар устидан муҳаббат ғалаба қозонади, муҳаббат инсон учун чексиз куч-қудрат бахш этади...” – деган юксак умуминсоний ғоя чуқур илдиз отган.  Шунинг учун ҳам унинг ҳикоя ва қиссалари барча миллат китобхонлари қалбидан жой олади, – дея эътироф этади нашриёт масъул ходими Ольга Якк.

Яна бир фахрлансак арзийдиган жиҳат шуки, китоб муқоваси ўзбек рассоми Баҳриддин Бозоров томонидан ишлаган.

Китоб бугунги кунда  Россияда китоб савдоси билан шуғулланадиган сайт ва интернет дўконлари орқали ҳам тарғиб қилинмоқда, деб ёзмоқда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати.