Жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнлари, сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий қарама-қаршиликлар инсониятнинг маънавий дунёсини юксалтиришни талаб қилмоқда. Дунёнинг сиёсий манзараси давлатлар ва мамлакатлар ўртасида тинчлик ва барқарорлик йўлида самарали ҳамкорликни кучайтириш заруриятини вужудга келтирмоқда. Жаҳон халқлари ва мамлакатлари ўртасида ўзаро алоқаларни мувофиқлаштиришда Бирлашган миллатлар ташкилотининг аҳамияти ниҳоятда муҳимдир.

БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида сақланадиган машҳур эрон гиламига Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” асарларидан олинган “Олам аҳли бир тананинг турли аъзолари бўлиб, у бамисоли гавҳар каби яратилгандир. Агар тананинг фақат бир қисми яраланган бўлса, шунда бутун вужуд титрайди” мазмунидаги байти ёзилган. Ушбу байтда олам бир бутунлиги, агар қаердадир уруш ёки низо юз берса, унинг оғриғи бутун танага ёйилиши таъкидланган.

БМТ ҳозирга қадар инсоният тарихидаги ягона универсал халқаро ташкилот сифатида фаолият олиб бормоқда.

Ташкилот кишилар ҳаётида вужудга келаётган турли маҳаллий, минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал этишга ҳамда ўз фаолиятида барча соҳаларни қамраб олишга ҳаракат қилаётган халқаро тузилмадир. Унинг асосий мақсади — инсоният тинчлиги, миллатлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш ва барқарор тараққиётга эришиш. БМТга аъзо давлатлар ўз ташаббус ва фикрларини баён этиш, манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқларига эга.

БМТ 1945 йили АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида низоми имзолангандан бошлаб фаолият олиб бормоқда. Ушбу низом 24 октябрдан кучга кирган ва шу кундан эътиборан БМТ расман ташкил топди. Дастлаб унга 51 давлат аъзо бўлган, бугун Ташкилотга 193 мамлакат бирлашган. 

Ташкилот ўз фаолияти давомида дунёда тинчлик ва фаровонликни сақлашга, давлатлар ва миллатлар ўртасидаги турли можароларни ҳал этишга, келиб чиқиши мумкин бўлган тўқнашувларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Ялпи хавфсизликни таъминлаш, мустамлакачиликка барҳам бериш, қуролсизланиш, ирқий камситиш, касалликлар ва қашшоқликка қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экологик хавфларни бартараф этиш каби глобал муаммоларни ечиш масалаларида БМТнинг халқаро ташаббуслари ва ютуқлари унинг нуфузи ошиб боришини таъминлади.

1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ташкилотнинг умумжаҳон миқёсидаги улкан ютуғи бўлди. Бу ҳужжат давлатлар мустақиллигини қўлга киритиши, инсонлар ирқи, тили, дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли экани эътироф этилиши учун асос бўлди. БМТ ташкил топган вақтда дунё аҳолисининг учдан бир қисми мустамлака мамлакат эди. Ташкилот ташаббуси билан 100 га яқин давлат ўз мустақиллигини қўлга киритди.

БМTнинг Бош Ассамблея, Xавфсизлик кенгаши, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш, Васийлик кенгаши, Xалқаро суд ва котибиятлари сингари олтита бош органи, ўттиз бешдан ортиқ турли йирик муассаса ва дастурлари, ўн еттита махсус ихтисослашган муассасалари мавжуд.

XX аср охири ва XXI аср бошларида жаҳонда юз берган сиёсий жараёнлар БМТ фаолиятини қайта ислоҳ қилиш заруратини вужудга келтирди. Уни ислоҳ қилиш Ташкилот нуфузини оширишга ва дунёда тинчлик ва барқарорликни қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга эди.

БМТ ислоҳотлари бўйича Ўзбекистон ўз позициясини бир неча маротаба билдирган. Мамлакатимиз томонидан ташкилот ислоҳотлари бўйича дастлабки таклифлар 1995, 2000, 2010 ва 2017 йилларда илгари сурилган. Хавфсизлик кенгаши сафини кўпайтириш, унга жаҳон сиёсатида муҳим ўрин эгаллаган Германия ва Япония сингари давлатларни доимий аъзо сифатида киритиш, БМТ Бош котиби ваколатларини кенгайтириш, минтақавий ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини кучайтириш, тузилмаларни янада ривожлантириш шулар жумласидан.

1948 йилдан буён 24 октябрь ҳар йили Бирлашган миллатлар ташкилоти ташкил топган кун сифатида нишонланади. 1971 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ўз резолюциясида аъзо давлатларга ушбу кунни давлат байрами сифатида нишонлашни тавсия қилди. Бу кун шарафига Ташкилотнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида катта концерт ташкил этилади ва Бош котиб дунё ҳамжамиятига мурожаат билан чиқади.

Ўзбекистон ва БМТ: тенглар ичра тенг

Ўзбекистон БМТга 1992 йил 2 март куни қабул қилинди ва 1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТнинг ваколатхонаси иш бошлади.

Мамлакатимиз БМТ билан минтақавий хавфсизлик, таҳдидларга қарши курашиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, таълим, фан ва маданиятни ривожлантириш, миллий анъаналар, тарихий шахслар ва меъморий ёдгорликларни асраш, қайта тиклаш, уларни умумбашарий қадриятлар сифатида жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини эътироф этиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиб келади.

Ўзбекистонда БМТнинг Тараққиёт дастури, Соғлиқни сақлаш, Саноатни ривожлантириш, Озиқ-овқат, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилотлари, Аҳолишунослик, Болалар жамғармалари, Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Ахборот ва ижтимоий алоқалар бўйича бўлими, Кўнгиллилар дастури, Жаҳон банки каби ихтисослашган тузилмалари фаолият олиб боради. Мамлакатимизда БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномаси, жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ратификация қилинган.

Ўзбекистон БМТ доирасида бир неча глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари суриб келяпти. Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида эътироф этиш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, минтақада терроризм, экстремизм иллатлари, экологик муаммолар, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш каби масалалар шулар жумласидан.

Расмий Тошкент БМТ доирасида афғон можаросини ҳал қилишнинг бош тарафдори сифатида 1997 йилда “6+2 гуруҳи” мулоқот гуруҳини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Ўзбекистон ташаббуси билан 2006 йил “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш тўғрисида”ги шартнома имзоланди.

Мамлакатимиз фан, таълим ва маданият соҳасида ҳам БМТ билан фаол алоқаларни йўлга қўйган. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига Ўзбекистондан Хивадаги Ичан қалъа, Бухоро ва Шаҳрисабз шаҳарлари тарихий маркази, Самарқанд маданиятлар чорраҳаси, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон қўшма номзодлигида Ғарбий Тянь-Шан тоғлари киритилган. Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида 6 нафар тарихий шахс, 8 та қадимий шаҳар, 1 та халқ эпоси, 1 та қадимий тарихий мерос ва 1 та тарихий-илмий муассасаларнинг юбилей саналари халқаро миқёсда нишонланди.

Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида ЮНЕСКО кафедралари фаолият олиб бормоқда. Ташкилот кўмагида мамлакатимизда “Шарқ тароналари”, Бахшичилик санъати, Ҳунармандчилик фестивали, Мақом санъати анжумани каби қатор йирик халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда.

ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси дурдоналари рўйхатига Бойсун минтақаси маданий муҳити, Шашмақом, Катта ашула, Аския, Наврўз, Палов маданият ва анъанаси, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, анъанавий технологияларни ишлаб чиқарувчи атлас ва адрасларни ҳимоя қилиш, Лазги, Миниатюра санъати, Бахшичилик санъати киритилган. Ушбу рўйхатга маҳалла институти, ўлан, лапар, тановар, кўпкари, халфачилик, миллий таомлардан сумалакни киритиш Ўзбекистон тарихи ва маданиятини халқаро миқёсда тарғиб этишда катта ҳисса бўлди.

Ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан муносабатларида 2016 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб илғор тенденциялар кўзга ташланиб, ўзаро муносабатларда янги босқич бошланди.

2017 йил 10 июнда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш расмий ташриф билан Нукус, Самарқанд шаҳарларида бўлди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Ўз навбатида, Президентимиз 2017 йил БМТнинг 72-, 2020 йил 75-, 2021 йил 76-сессияларида, шунингдек, 2021 йил БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги маърузаси тарихий нутқ сифатида нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида ҳам қолди. Чунки ушбу нутқ илк маротаба халқаро доирада ўзбек тилида янгради. Бу нафақат Ўзбекистон, балки хориждаги кўп сонли ватандошларимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини ҳам ниҳоятда қувонтирди.

Ўзбекистон ташаббусига кўра, БМТ билан ҳамкорликда 2017 йили ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий кeлажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро конфeрeнция бўлиб ўтди. 2018 йилнинг 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида Афғонистон масаласига бағишланган юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ҳам муҳим аҳамият касб этди. Бундан ташқари, 2020 йил август ойида ўтган “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” Самарқанд форуми, 2022 йили юқори даражадаги “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” халқаро конференцияси ҳам довруқ қозонди.

2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ҳамда 2018 йил 12 декабрь куни “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган катта тадбирлар бўлиб ўтди. Шунингдек, 2021 йил Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги, 2021 йил БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Пандемия даврида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюциялари қабул қилинди.

2021 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди ташкил этилди. БМТ шафелигида Оролбўйи учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолият бошлади. Бугунги кунда Оролбўйида умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Ўзбекистон тарихда илк маротаба БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди ва ҳозирда унинг ишида фаол иштирок этмоқда.

Бу ташаббуслар Ўзбекистон дипломатиясининг муҳим ютуқлари бўлди. Мамлакатимиз ташаббуслари БМТ томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган янгиланишлар, кенг кўламли ўзгаришлар, бу борада БМТ билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янгича мазмун ва минтақавий аҳамият касб этмоқда.