Ҳозир З.Камолова Истанбул тижорат университетида халқаро катта тадқиқотчи ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан Тошкент давлат шарқшунослик университети туркшунос талабаларга ватандош ўқитувчи сифатида Туркия тарихи фанидан масофавий таълим бермоқда.
— Худоёрхон Ўзбекистон давлат тарихида ўрганилиши лозим бўлган муҳим тарихий шахс. Шу кунгача у ва унинг даври тўлиқ ўрганилмаган. Қўқон хонлиги умумий тарихи, бошқарув масалалари ичида сиёсий жараёнлар соясида тилга олинади. Худоёрхон энг қалтис даврда, энг мураккаб сиёсий жараёнлар ичида бошқарувчилик вазифасини елкасига олган, яхши ва ёмон жиҳати билан тўғри ва хатолари билан чорак аср мобайнида Қўқон хонлигини идора қилган тарихий шахс сифатида муҳим фигура ҳисобланади. Худоёрхон ҳақида халқимиз орасида кўпинча салбий тасаввурлар мавжуд. Асарни ёзишда асосан бирламчи манбалардан фойдаланилди. Қўқон хонлигига оид қирққа яқин ёзма манбанинг аксариятидан фойдаланилди, — дейди З.Камолова.
Асарда Қўқон хонлигининг сўнгги ҳукмдори Худоёрхон, унинг ҳаёти, шахсияти, сиёсий фаолиятлари, давлатнинг ижтимоий-маданий жиҳатларидаги таъсирлари ҳамда унинг замонидан бугунимизга қолган моддий маданий мерос ҳақида маълумотлар жой олган. Шунинг билан бир қаторда ХIХ асрда Худоёрхоннинг бошқарув даврига тўғри келган Чор Россиясининг Ўрта Осиёни босиб олиш воқеалари тилга олинади.