Бугунги глобаллашув даврида Ўзбекистонда давлат тилининг ижтимоий аҳамиятини ошириш, уни доимий ривожлантириб бориш, фуқароларнинг ўзбек тилидан ҳам она тили, ҳам давлат тили сифатида фойдаланиш доираларини кенгайтиришдек муаммолар кундан-кун долзарблашмоқда. Ўзбек тилининг давлат тили сифатида амалиётга тўла татбиқ қилинишида луғатларнинг хизмати жуда жиддий. Шу жиҳатдан луғатларнинг янги авлодларини яратиш давлатнинг тил билан боғлиқ тадқиқотларни ривожлантириш сиёсатида алоҳида ўрин тутади. Кейинги икки  йилда эълон қилинган Президент фармонлари ва ҳукумат қарорида изоҳли, имло терминологик ва таржима луғатларни яратиш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилган, чунки халқни тилимиздаги мавжуд сўзларнинг маънолари билан таништириш ҳамда саводхонлигини оширишда бундай луғатларнинг хизмати катта.

ЎзФАнинг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тилшунослари бугун ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш, таълим тизими ва иш юритишда ўзбек тили имкониятларидан тўла фойдаланишга хизмат қиладиган луғатларни, ўқув-амалий тадқиқотларни яратиш устида иш олиб бормоқда. Масалан, 2020 йилда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 2-нашри,  “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси (кирилл ва лотин ёзувларида), 2021 йилда “Ўзбек тили меъёрлари. Пунктуация”, “Ижтимоий-сиёсий терминларнинг изоҳли-иллюстратив луғати”, “Юридик терминларнинг русча-ўзбекча изоҳли луғати” тузилди ва улар Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси ва молиявий кўмаги билан чоп этилди.

Саводхонлик таълимнинг бош масалаларидан биридир. Бугун таълимнинг турли босқичларида ўқиётган ўқувчи-талабаларнинг саводхонлиги талаб даражасида эмаслиги она тили таълимининг асосий муаммоси сифатида тилга олинмоқда. Албатта, саводхонлик масаласини кўтаришда дарслик ва ўқув қўлланмалари билан бирга, луғатларнинг ҳам ўрни муҳим. Чунки таълим олувчи сўзларнинг имло қоидаларига мувофиқ, хатосиз ёзилишини имло луғатлари ёрдамида ўрганади. Тилдаги сўзларнинг маъноларини эса изоҳли луғатлар орқали билиб олади. Ана шу ҳаётий зарурат ва таълимий эҳтиёжни теран англаган ҳолда институтда мактаб ўқувчилари ва талабалар учун “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати” нашрга тайёрланди. 25 000дан ортиқ сўзнинг тўғри ёзилишини кўрсатишга мўлжалланган мазкур луғатда кундалик ҳаётда фаол қўлланадиган, таълим жараёнида ишлатиладиган сўзлар қамраб олинди. Имловий саводхонлик борасидаги ишларни умуммиллий миқёсда яхшилаш мақсадида институт ходимлари томонидан “Ўзбек тилининг катта имло луғати” қайта нашрга тайёрланди ва унда ўзбек тилидаги 90 000 га яқин сўзнинг имло қоидаларига мувофиқ шакллари берилган. Ушбу имло луғати 2013 йилда кирилл ва лотин ёзувида чоп қилинган луғатнинг тўлдирилган, такомиллаштирилган варианти бўлиб, унда ўзбек тилининг ўз сўзлари ҳам, тилимизга янги кириб келган ва ўрнашган сўзлар ҳам қамраб олинган, ўтган муддат давомида тўпланган тажрибалардан фойдаланилган. Албатта, ўзбек-лотин алифбосини такомиллаштириш бўйича ишлар ҳали ниҳоясига етмаганлиги сабабли ушбу луғатлар нашр қилингани йўқ. Бизнингча, мазкур имло луғатларини бу жараёнлар ниҳоясига етгандан сўнг чоп мақсадга мувофиқ.

Ҳозирги кунда институт тилшунослари “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни ўзбек-лотин ёзувида такомиллаштиришдек катта лойиха устида меҳнат қилмоқда. Табиийки, ушбу луғат аввалги нашрларни такрорламайди. Хўш, изоҳли луғатнинг ўзбек-лотин алифбосидаги нашрида нималарга эътибор берилмоқда?

Биринчидан, луғат сўзлиги кенгайтирилмоқда. Яъни аввалги нашрларга кирмай қолган сўзлар, иборалар аниқланиб, уларнинг маънолари изоҳланмоқда. Шунингдек, кейинги йилларда тилимизга кириб келган янги ўзлашма сўзлар лингвистик экспертизадан ўтказилиб, лексикографик изоҳ берилмоқда. Луғат сўзлигини кенгайтиришда шева материалларидан, этнографизм ва фольклоризмлардан ҳам фойдаланилмоқда. Албатта, шева сўзларини изоҳли луғатга киритишнинг лексикографик тартиблари, таомиллари бор. Хусусан, изоҳли луғатга қабул қилинаётган шева сўзи бир- икки ҳудуд шеваси бўлмаслиги, жуда тор доирада қўлланмаслиги, аксинча, аксар шеваларда мавжуд бўлиши ҳамда ёзма манбаларда учраши керак.

Луғатга киритилаётган сўзларни иккига ажратиш мумкин: тилимизда аввал ҳам бор бўлган, бироқ луғатга кирмай қолган сўзлар; тилимизда янги пайдо бўлган сўзлар.

Тилимизда аввалдан бўлгани ҳолда луғатга кирмай қолган сўзлар сифатида ҳилол сўзини келтириш мумкин. Луғатга ҳилол сўзи “янги чиққан ой” маъносини ифодалайдиган сўз сифатида киритилган. Ҳозирги ўзбек тилида шундай номдаги қуш ва ўсимлик бор. Диққат қилинса, ҳилол шаклли 3 та сўз юзага келмоқда. Шуни ҳисобга олиб, ушбу сўзлар омонимлар сифатида қуйидагича изоҳланди: HILOL I 1 Yangi chiqqan oy. 2 Hilol (erkaklar va xotin-qizlar ismi) HILOL II Tog‘da yashab, tunda sayraydigan, chipor rangli qush. HILOL III Hiloldoshlar oilasiga mansub ildizpoyali, ko‘p yillik o‘simlik; salomalaykum.

Шунингдек, биргина ҳ ҳарфи бўйича hakaklamoq, haramza, hakaltayoq, hakarkovush, hallozilik, hamdo‘zi, hamguzar, hamishalik, hap-hap, haptakach, haptakach, hasayni, hilmlik, hisobvaraq, hisobraqam, hiq-hiq, hindu, horiqulodda, hoyu havas, hoziru nozir, hovli-haram, hovli-tuz, hovar, hoqon, hojirayhon, hojiya, hududiy, hurparvar, hunarpesha каби сўзлар қўшилди, уларга лексикографик изоҳлар берилди ва иллюстратив мисоллар билан маънолари далилланди.

Такомиллаштирилаётган луғатдан халқ тилида аввалдан қўлланиб келган, аммо қайсидир сабаб билан ёки иллюстратив мисол топилмаганлиги туфайли кирмай қолган ёки киритилмаган турғун бирикмалар ҳам жой олмоқда. Бундай турғун бирикмаларга мисол қилиб havoyi jahon, haq bermoq, hayotdan orqada qolmoq, hisob kuni, paytini topmoq, xol tortmoq, xol tashlamoq кабиларни келтиришимиз мумкин. Масалан, havoyi jahon бирикмаси луғатда шундай изоҳланди: Havoyi jahon. ayn. Havo, ob-havo. Yо tavba, shuncha bulut qayerda turganakan-u havoyi jahon qachon aynib ulgura qoldi?! M.Mansur, Judolik diyori.

Луғатдаги айрим сўзларнинг маънолари учун келтирилган иллюстратив мисоллар ХХ асрнинг 60 – 70-йилларигача бўлган асарлардан олинган ва бу ҳолат сўзнинг ўша даврларда фаоллигини кўрсатишга ҳам хизмат қилган. Ёки Комил Яшин, Парда Турсун, С.Анорбоев, И.Раҳим каби ижодкорларнинг асарларидан ҳам иллюстратив мисоллар ўша вақтда олинган. Аммо бу каби иллюстратив мисолларни луғатдан чиқариб ташлаш ҳам номақбул, чунки айни мисоллар тилимизнинг ХХ аср ярмигача бўлган ҳолатини рост ва расо кўрсатади, ўша даврда шундай сўзларнинг ишлатилганлигини тасдиқлайди. Биз бу ҳолатда ҳозирги ўзбек насридан олинган иллюстратив мисолларни уларга қўшиш йўлидан бордик. Масалан, ҳамоқат сўзи учун Мирмуҳсиннинг “Умид” асаридан олинган иллюстратив мисолгина келтирилган. Ушбу сўзга Эркин Аъзамнинг “Жаннат ўзи қайдадир” асаридан олинган иллюстратив мисол қўшилди (Xayr, biz yaxshiyu, ular yomonmi? Yo‘q, ularning nazarida biz yomonmiz, jamiki hamoqat uchun biz aybdormiz) ва бу билан сўзнинг ҳозирги ўзбек тилида ҳам қўлланиши даллилланди.

Луғатдаги бир қатор сўзларнинг маънолари изоҳланган бўлса ҳам, маъноларини далиллайдиган топилмаганлиги сабабли иллюстратив мисоллар берилмаган эди. Шундай сўзлар ўз маъноларига мос иллюстратив мисоллар билан бойитилди. Масалан, ҳамовоз сўзи учун Н.Раҳматнинг Жадид асаридан “Gohida Abbas muallim bilan Fuzuliy she’rlarini navbatma-navbat qiroat qilganimiz yoki “Qurbon o‘lam”ni bilganimizcha hamovoz xirgoyi qilganimizda, qo‘shnilar tahsinlar aytishardi” жумласи берилди. Бу тамойил Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиева, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Иқбол Мирзо, Абдуқаюм Йўлдош, Наби Жалолиддин, Рисолат Ҳайдарова, Ҳалима Аҳмедова ва бошқа ижодкорларнинг асарларидан фойдаланишга ҳам татбиқ этилмоқда.

Маълумки, синоним сўз ва иборалар ҳар бир тилнинг кучини, ифода имкониятларини кўрсатади, қолаверса, тилнинг яшаш шакллари бўлган расмий, илмий, публицистик ва бадиий услубларнинг ривожланганлиги, исталган фикрни исталган услубда ифодалаш мумкинлиги ҳам тилнинг синонимик фондининг бойлиги, адабий меъёрларнинг шаклланганлиги билан белгиланади. Институтда навбатдаги лойиҳа — “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати” ҳамда “Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати”ни тузиш ана шу мақсад-муддао билан бошланган. Синонимлар тавсифига бағишланган ҳар икки луғат маънодош сўзларнинг қамровига кўра аввалги синонимлар луғатидан фарқ қилади. Унда тилимизда юзага келган янги синонимик қаторлар аниқланади ва изоҳланади. Шунингдек, аввалги синонимлар луғатида ўша давр мафкураси талаби билан бош сўз сифатида изоҳланган, аммо аслида ундай бўлмаган сўзларнинг бош сўзлик мақоми ўзгартирилади. Сўзларнинг услубий фарқланишига кўра маъно нозикликларига жиддий эътибор қаратилади, янги иллюстратив мисоллар билан бойитилади.

Умуман, институтда бажарилаётган ишлардан кўзланган пировард мақсад она тилимизни бойитиш, унинг давлат тили сифатидаги ролини ошириш ва шу орқали давлатнинг миллий тил сиёсатида кўмаклашишдир.

Ёрқин ОДИЛОВ,

ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва

фольклори институти бўлим мудири,

филология фанлари доктори, профессор