Ушбу халқаро анжуманга йўл 9 февраль куни Тошкентнинг Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойида бўлиб ўтган тантанали умуммиллий ва умуминсоний тадбирдан бошланди.

Президентимиз ташаббуси билан янги Ўзбекистонда шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг ибратли ҳаёти ва ижоди янада теран ўрганилмоқда, тарғиб этилмоқда, хорижий тилларга таржима қилинмоқда. Жумладан, бу йилги айёмда улуғ шоирнинг “Лисон ут-тайр” асари италян тилига таржима қилиниб, нашр этилгани жаҳон навоийшунослиги ва бадиий таржима тарихида улкан воқеа бўлди. Италиялик ҳамкасбим “Sandro Teti Editor” нашриёти раҳбари Сандро Тети жаноблари Римдан келтирган — Шарқ миниатюраси дурдоналари билан безатилган, жаҳон матбаачилик санъати тамойиллари асосида чоп этилган муҳташам китобни варақлаб кўрарканман, фахрландим.

Қирғизистоннинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшунқул Чотоновнинг қўшни давлатда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилгани ва сўлим боғ барпо этилгани ҳамда бу хиёбон обод манзилга айлантирилгани ҳақидаги дил изҳорларини тинглар эканман, бобомиз қолдирган назмий чаманлардан бутун дунё баҳраманд бўлиб келаётганини ўйлаб, кўнглимдаги ифтихор икки карра ошди.

Туркиянинг Анқара шаҳрида, нафақат Ўзбекистоннинг, балки барча туркий тилли халқларнинг, туркий тилли давлатлар адабиётининг қутлуғ санасига бағишлаб ўтказилган тадбирлар Алишер Навоий ҳазратларининг қарийб олти асрдан буён давом этиб келаётган яна бир жаҳоншумул зафарли юриши бўлди.

Ниҳоят 12 февраль куни ана шундай кўтаринки таассуротлар оғушида ­Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида бир гуруҳ шоирлар ва олимлар билан Тошкент аэропортидан Анқара шаҳрига учдик.

Туркияда Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган тадбирлар аввалида Анқара шаҳри Кечиўрен туманида қад ростлаган Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйилди. Бобомиз сиймоси бутун салобатию донишмандлиги, арбоблигию шоирлиги билан ифодаланган мазкур ёдгорлик Ўзбекис­тон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан очилган. Гул қўйиш маросимида ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Кечиўрен тумани раҳбарияти, туркий мамлакатлардан келган таниқли адиблар, олимлар ва адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

ТУРКСОЙнинг Анқара шаҳридаги бош қароргоҳида “Алишер Навоий — туркий адабиётнинг буюк намояндаси” мавзусида анжуман ўтказилди. Ташкилот бош котиби Султон Раев ушбу халқаро тадбир очилишида Навоий шахсини туркий дунёнинг умумий виждони ва тамаддуний тимсоли сифатида эътироф этди. Шунингдек, Ўзбекистонда аждодлар меросига кўрсатилаётган эътибор юқори даражада эканини таъкидлади. Хусусан, Президентимизнинг адабиёт ва маданиятни қўллаб-қувватлаш, Алишер Навоий меросини ёш авлодга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳавас билан гапирди.

Тадбир доирасида ўтказилган нафис мажлисларда Алишер Навоий асарларининг Ўзбекистонда ва халқаро миқёсда ­ўрганилиши, қўлёзмаларни илмий тадқиқ этиш, нашр ва таржима қилиш ишлари ҳақида маълумот берилди. Бу улуғ адабий мерос­ни замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш ҳамда ёш авлод онгига сингдириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Алишер Навоий меросининг умумбашарий аҳамияти ҳақида ҳам сўз бориб, шоир нафақат туркий халқларнинг, балки бутун инсониятнинг маънавий даҳоси экани таъкидланди. Навоий асарларининг бугунги талқини, маънавий-маърифий аҳамияти ва адабий тафаккур тараққиётидаги ўрни ҳақида ҳам салмоқли фикрлар билдирилди.

Бугун жаҳон адабиётшунослиги ва адабий муҳити туркий дунёнинг мумтоз адабиёти, хусусан, Алишер Навоий асарларини ўрганишга фаол ёндашаётир. Жумладан, “Хамса” озарбайжон тилига тўлиқ таржима қилиниб, Бокуда нашр этилди. “Маҳбуб ул-қулуб” рисоласи озарбайжон, қозоқ, қорақалпоқ тилларига ўгирилди. Шу тариқа дунё бўйлаб буюк шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий ва бадиий асарлар чоп этиб келинмоқда. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Хамса ҳайратлари” достон-манзумаси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи каби янги асарларда бобомиз сиймоси, ўша тарихий давр тасвирлангани, айни пайтда замонамиздаги ислоҳотлар ифодалангани билан муҳим.

Анжуманда Қозоғистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Еркебулан ­Сапиев, Туркманистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мекан Ишангулиев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов, Анқара ижтимоий фанлар университети ректори, Туркия Ёзувчилар уюшмаси раиси Мусо Козим Арижон, ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Эшдавлат, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, шунингдек, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистондан навоийшунос олимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Тадбир якунида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, академик Шуҳрат Сирожиддинов туркий дунёнинг маданияти ва адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшгани учун Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙнинг олтин медали билан тақдирланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов ТУРКСОЙ медали билан мукофотланди.

Туркия Ёзувчилар уюшмасида Алишер Навоий ижодига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Анқара ижтимоий фанлар университетида эса “Алишер Навоий ва туркий дунё” мавзусида илмий анжуман ўтказилди. Тадбирни Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров ҳамда Анқара ижтимоий фанлар университети ректори, профессор Мусо Козим Арижон очиб берди. Шундан сўнг анжуман икки шуъбага бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистондан келган соҳа мутахассислари, олимлар ва ёзувчилар Навоий шахсияти, қарашлари ва туркий дунё тафаккурига қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича сўз юритди.

Китоб нашри билан шуғулланадиган ноширларни Европада жойлашган туркий мамлакатда турли тилларда нашр этилаётган китоблар, китоб кўргазмалари, кутубхоналар фаолияти қизиқтиради. Шу боис, Туркиядаги машҳур “Халқ кутубхонаси”га кирганимизда кўзим яшнаб кетди. Бундай китоб саройида бўлиш, ниҳоятда кўплаб нусхадаги китоблар олдида абадиятни ҳис этиб туришнинг гашти ўзгача. Бу кутубхонадан Алишер Навоий бобомизнинг ҳам китоблари ўрин эгаллаган. Делегациямиз раҳбари Сирожиддин Саййид кутубхона мутасаддиларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Туркия “Халқ кутубхонаси”га китоблар ҳадя қилишга ваъда берди.

Ижодий сафар давомида Туркиянинг Кўниё шаҳрига саёҳат қилиб, Жалолиддин Румий қабрини зиёрат қилганимиз кўнглимизни ғоят ёриштирди.

Нодир СУВОНОВ,

“ADABIYOT” нашриёти

бош директори