Унинг муаллифи Анқара инқирозларни ўрганиш ва сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари, профессор Сайфиддин Эрол газетхонлар эътиборини Ўзбекистон – Туркия алоқалари ривожидаги ушбу муҳим санага қаратар экан, қуйидагиларни ёзади. “Бундан роппа-роса 30 йил муқаддам – 1992 йил 4 март куни мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди. Ўтган 30 йил ичида муштарак тамаддун ва маданиятнинг икки булоғи бўлиб келган расмий Тошкент ва Aнқара ўзаро муносабатларини замонавий дунё тартиботига мувофиқ равишда ривожлантириб, яқин алоқалар ўрнатишга эришди. Бу борада 1996 йил 8 майда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имзоланган “Aбадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома алоҳида аҳамиятга моликдир. Ушбу битим икки давлат ўртасидаги мустаҳкам тарихий ришталарнинг истиқболда ҳам изчил ва бардавом бўлишини англатади.

“Учинчи Ренессанс” жараёнини бошидан кечираётган Ўзбекистон 2016 йилда жаноб Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан сўнг амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Aнқара билан муносабатларини янада юқори босқичга олиб чиқди. Алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилар экан, кўплаб икки томонлама шартномалар имзоланди. Муносабатларнинг ташкилий асослари мустаҳкамланди, таъбир жоиз бўлса, қардошлик ҳуқуқига асосланган алоқалар ўрнатилди”.

Мақолада иқтисодий ва маданий соҳалардаги ўзаро муносабатларнинг самаралари билан бир қаторда минтақавий хавфсизлик, хусусан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, бу борада амалга оширилаётган йирик сармоявий ва инфратузилмавий лойиҳалар тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилган.  

Икки томонлама муносабатларнинг энг муҳим йўналиши иқтисодиёт экани алоҳида урғуланган. “2020 йилда 2,1 миллиард долларни ташкил этган ўзаро савдо ҳажми 2021 йилда 3,4 миллиард доллардан ошди. Биринчи босқичда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга, кейинроқ эса 10 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдосида Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейин тўртинчи ўринда туради. Бинобарин, иқтисодий муносабатларимиз мустаҳкам асосда ривожланиб бормоқда, дейиш мумкин. Қолаверса, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган либераллашув жараёни бу борадаги тараққиёт учун янги имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон жаҳон билан интеграциялашиб бораётган бир вақтда, савдо муносабатларимиз ҳар икки томоннинг манфаатларига мос келадиган мувозанатли асосда ривож топмоқда. Томонларнинг импорт ва экспорт рақамлари ўзаро мутаносиб экани ҳам буни тасдиқлайди. Бундан ташқари, 2021 йилда Ўзбекистонда турк капитали иштирокида 400 дан зиёд компания ташкил этилди ва Туркия бу жиҳатдан мамлакатга энг кўп сармоя киритган давлатлардан бўлди”.

Ўтган йилнинг декабр ойида Aнқара ва Истанбул шаҳарларида ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунлари, Истанбулда ташкил этилган “Қўрқут Ота” кинофестивали доирасидаги “Ўзбекистон махсус куни”, республикамизнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Хива 2020-2021 йилларда Халқаро Туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) томонидан Турк дунёсининг маданият пойтахти этиб танлангани, 2022 йилда эса Туркиянинг Бурса шаҳри Турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилингани икки томонлама маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг самарали эканлигига мисол бўла олади.  

Шу билан бирга, 2021 йил декабр ойида Испанияда бўлиб ўтган Жаҳон туризм ташкилотининг 24-йиғилишида Самарқанд шаҳрига 2023 йил Жаҳон туризм пойтахти мақоми берилишида Туркиянинг дипломатик кўмаги катта рол ўйнагани, ушбу дастак ўзаро муносабатларнинг адабий дўстлик руҳига муносиб равишда ривожланаётганининг ёрқин ифодаси эканлиги алоҳида таъкидланган. 

Мақолада Туркий давлатлар ташкилотининг ташкил топиши мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг ривожига янги суръат бахш этиши урғуланган. “Бугунги кунда Ўзбекистон 35 миллионлик аҳолиси ва ўсиб бораётган иқтисодий қудрати билан Ташкилотнинг энг муҳим аъзоларидан бири ҳисобланади. Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 12 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг Саккизинчи саммитидаги ташаббуслари Турк дунёси ва Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг яқин истиқболдаги равнақини кўрсатиб берди”, деб ёзади муаллиф.