Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Мурожаатномада илгари сурилган ташаббус асосида ташкил этилди ҳамда Стратегиянинг такомиллаштирилган лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда қайд этилишича, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси лойиҳасида 100 та аниқ мақсад бўйича 450 дан ортиқ самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган. Аҳоли фикрларини кенг жалб этиш мақсадида лойиҳа regulation.gov.uz ҳамда uzbekistan2030.uz платформаларида очиқ муҳокамага қўйилган.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг таъкидлашича, қисқа вақт ичида лойиҳа юзасидан 2 минг 500 га яқин таклиф ва изоҳлар келиб тушган.

— Бугун халқимиз билимли ва фаол. Фуқаролар ўз ҳаётига дахлдор масалаларга бефарқ эмас. Келиб тушаётган таклифлар ҳар куни мутахассислар томонидан сараланиб, чуқур ўрганилмоқда, — деди у.

Билдирилган таклифлар орасида таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология, шунингдек инсон капиталини ривожлантириш ва қонунчиликни такомиллаштиришга оид ташаббуслар салмоқли ўрин эгаллади.

Таклифларни ҳар томонлама муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган очиқ мулоқотда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбарияти бевосита фуқаролар билан учрашди. Таклиф муаллифлари ўз ташаббусларини тақдимотлар орқали асослаб бердилар.

Муҳокамалар жараёнида экспертлар, давлат органлари вакиллари ҳамда фуқаролар ўртасида эркин фикр алмашинуви бўлиб ўтди. Натижада таклифларни тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда янада аниқлаштириш, уларни ўлчаб бўладиган кўрсаткичларга айлантириш ва Стратегияга интеграция қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров ушбу жараённинг аҳамиятига тўхталиб ўтди:

— Президентимиз томонидан белгиланганидек, стратегик мақсадлар аниқ ва ўлчанадиган кўрсаткичлар билан ифодаланиши зарур. Шу боис келиб тушаётган таклифларни шунчаки ғоя сифатида эмас, балки аниқ натижа берадиган индикаторларга айлантириш устида ишлаяпмиз. Айрим таклифлар чуқур муҳокамани талаб қилади. Шунинг учун очиқ ва жонли мулоқотлар ташкил этилмоқда, — деди у.

Қайд этилишича, очиқ муҳокамалар нафақат Тошкент шаҳрида, балки ҳудудлардан Zoom платформаси орқалиҳам ташкил этилган. Бу эса чекка ҳудудлардаги фуқароларга ҳам ўз фикр ва таклифларини билдириш имкониятини яратмоқда.

— Ушбу мулоқотлар бугундан бошланиб, изчил давом эттирилади. Якунида аниқлаштирилган таклифлар соҳавий вазирлик ва идоралар билан муҳокама қилиниб, Стратегияга киритилади. Ишончим комилки, кўплаб таклифлар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ўз ифодасини топади, — деди Абдулла Абдуқодиров.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар, шунингдек ҳудудлардан ташриф буюрган ҳамда онлайн тарзда иштирок этган фуқаролар фаол қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Таъкидланганидек, бундай очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик билан мулоқот «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини чин маънода халқчил ҳужжатга айлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Зулхумор Акбарова