Унда муаллиф Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан суҳбат уюштирган, деб хабар бермоқда “Дунё”АА.

Қуйида мақоланинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.

“Пандемия Ўзбекистонни тўхтата олмади: биз хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ишлаб чиқариш ва экспортни тезда тиклашга муваффақ бўлдик. Молия вазирлиги вирусга қарши курашиш, аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 950 миллион еврога яқин маблағга эга Инқирозга қарши кураш жамғармасини тузди. Шу билан бирга, қиймати 4 миллиард еврони ташкил қилувчи бизнесга ёрдам пакетлари қабул қилинди”.

Бош вазир ўринбосари -  инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ўзбекистон пандемия муаммосини қандай ҳал этаётганини тушунтириб берди.

– Вирусни тўхтатиш учун қандай чоралар кўрилди?

– Янги шифохоналарни фойдаланишга топширдик ва махсус карантин зоналарини қурдик. Беморларни даволаш халқаро илғор тажриба асосида, шу жумладан хорижий мутахассислар иштирокида амалга оширилмоқда. Ўзбекистон бошқа мамлакатларга, жумладан, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Россия ва Венгрияга ёрдам кўрсатди. 2020 йилнинг биринчи чорагида 2019 йилга нисбатан қўшнилар билан савдо алоқалари камаймади. Марказий Осиёда пандемия оқибатларини бартараф этиш учун муҳим бўлган яхши қўшничилик муҳити ҳукм сурмоқда.

– Бугунги ва ўтмишдаги Ўзбекистоннинг ўзига хос фарқли хусусиятлари нимада намоён бўлмоқда?

– Бугунги Ўзбекистон ривожланиб бораётган мамлакат ва бошланган ислоҳотлар ортга қайтмайди. 2019 йил тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил этди. Бу 2018 йилга нисбатан 3,7 бараварга кўп демакдир. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди. Иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни ташкил этди: саноат ишлаб чиқариши 6,6 фоизга, экспорт 28 фоизга ўсди, олтин-валюта захиралари 2,2 миллиард долларга ортиб, 28,6 миллиард долларга етди.

– Сиз раҳбарлик қилаётган вазирлик қандай мақсадлар сари интилмоқда?

– Биз хорижий инвестициялар, илғор технологиялар ва ноу-хауларни жалб қилаяпмиз, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатаяпмиз ҳамда халқаро молия институтлари, хорижий давлатлар молиявий ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтираяпмиз. Қулай инвестиция муҳитини яратиш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш устувор вазифалардан.

– Ўзбекистонда Италиянинг нечта компанияси фаолият юритади?

– Айни пайтда мамлакатимизда Италиянинг 53 та компанияси фаолият юритмоқда. Улардан 13 таси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида иш юритади. «Confindustria» Италия саноати умумконфедерацияси билан бошланган ҳамкорлик ва «Confindustria Uzbekistan»га асос солиниши италиялик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга қизиқишини янада оширишга ёрдам беради, деган умиддамиз. Биз Италия ташқи ишлар вазири Ди Майо ва 2019 йил Ўзбекистонга ташриф буюрган Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана билан фаол мулоқотни давом эттирмоқдамиз.

«Текинт» ва «Даниэли» компаниялари автомобиль шишаси ишлаб чиқариш ва металлургия соҳаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Тошкентда «Пьетро Фьорентини» компанияси иштирокида электрон газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш заводи фойдаланишга топширилди. Фотоэлектр қурилмалари соҳасида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдираётган компаниялар мавжуд. Агротуризм соҳасида илғор тажрибани ўрганишга қизиқиш бор. Биз Италиядан нефть, пўлат, тўқимачилик ва мева-сабзавот саноати учун замонавий машина ва қурилмаларни сотиб олмоқдамиз. Италияга Ўзбекистон газламалари, чарм, мева ва сабзаво маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини оширяпмиз. Истиқболда савдо соҳасида ўзаро ҳамкорликда ижобий ўсишни кутяпмиз, саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатишда улкан салоҳиятга эгамиз.

– Хорижий компанияларни жалб қилиш учун қандай ташаббуслар илгари сурилмоқда?

– Мамлакатимизда саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик фаолияти учун 21 та эркин иқтисодий зона яратилди. Уларда зарур инфратузилма шакллантирилган, резидентлар 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва бож тўловларидан озод қилинган. Ўзбекистоннинг қулай жойлашуви ва МДҲ давлатлари билан эркин савдо битими мавжудлиги қарийб 300 миллион аҳолиси бўлган бозорга, шунингдек, Афғонистонга маҳсулотларнинг божсиз экспорт қилинишини кафолатлайди.

- Президент Шавкат Мирзиёев парламентдаги чиқишларидан бирида банк тизимидаги ортда қолишларни қайд этди. Ушбу масалани қай тартибда ҳал этиш режалаштирилган?

– Биз банкларни мижозларга хизмат қилишига эришишимиз, давлатга анъанавий тарзда тегишли бўлиб келган секторни хусусийлаштиришимиз ва чет эллик экспертларни жалб қилишимиз керак. Италия банклари ва инвестиция фондлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Ушбу жараёнларда ЕТТБ, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа халқаро молия институтлари ҳиссаси муҳим аҳамиятга эга.

– «Ипак йўли визаси» ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бугунги кунда 86 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин. Мазкур тартиб натижасида италиялик сайёҳлар оқими ҳам икки бараварга ошди. «Ипак йўли визаси» XX асрнинг бошларига қадар чегаралар билан ажратилмаган, маданияти, урф-одатлари ва тиллари ўхшаш бўлган Марказий Осиё мамлакатларига саёҳат қилишни янда сифатли ташкил қилиш имкониятини тақдим этади. Уни амалга ошириш учун ташкилий ва техник масалаларда келишиб олиш керак.