Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Mercedes-Benz русумли хизмат автомобили Malibu`га ўзгартирилди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.

Қайд этилишича, Абдулла Арипов 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатиш бўйича топшириқ берган.

«Президентимиз берган барча топшириқларни сўзсиз бажаришимиз шарт, муҳокамага ўрин йўқ. Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси», — деган бош вазир видеоселекторда.

Бош вазир матбуот котибининг қўшимча қилишича, бугунги кунда ҳукумат таркибидаги барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хизмат автомобили сифатида маҳаллий автотранспортлардан фойдаланишга ўтган.

Хусусан сенат раиси Танзила Нарбаева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Chevrolet Tahoe, бош вазир ўринбосарлари Malibu, вилоят ҳокимлари эса Tahoe ёки Traverse автомобиллардан хизмат машинаси сифатида фойдаланмоқда.

Шу кунгача фойдаланиб келинган автотранспорт воситалари эса босқичма-босқич E-auksion — электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилади.