Ташрифнинг дастлабки кунида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Отава нашриёт уйи халқаро савдо бўлими раҳбари Мари Кийкинен билан учрашди.
Учрашув аввалида Мари Кийкинен хоним нашриёт тарихи, фаолият йўналишлари ҳамда китоблар, хусусан, дарсликларни чоп этишда эътибор қаратиладиган жиҳатлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, Отава нашриётига 1890 йилда асос солинган бўлиб, бугунги кунда бадиий, илмий-оммабоп адабиётлар, ўсмирлар ва болалар учун китоблар ҳамда дарсликлар, мультимедиавий ва ўқув материалларини чоп этиш билан шуғулланади. Бугунги кунда нашриёт томонидан чоп этиладиган китоблар 600 номдан ошган.
— Дарсликларни яратишда ўртача 600 нафарга яқин мутахассис иштирок этади. Ушбу таркибнинг асосий қисмини ўқитувчилар ҳамда университетлар ва бошқа таълим муассасалари вакиллари ташкил этади. Чет тилларини ўқитишга мўлжалланган ўқув материалларини яратиш учун эса ушбу тилда она тили сифатида гаплашувчи миллат вакиллари ҳам иштирок этади, – деди Отава нашриёти вакили.
Унинг қўшимча қилишича, дарсликларни тайёрлашда имкон қадар кенгроқ йўналишдаги мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш жуда муҳим. Бундан ташқари, ўқув дастурлари муайян кўникмаларни шакллантиришга қаратилган мавзулардан иборат бўлади. Ҳар бир фан учун умумий бўлган яна бир жиҳат, уларнинг барчаси ўқувчиларда XXI аср учун зарур бўлган кўникмаларни ҳам шакллантириши зарур. Нашриёт материаллари орқали ўқитувчи олдига ҳам аниқ мақсад қўйилади. Бунда ўқитувчига ҳам дарс жараёнларини режалаштиришда кўмак берилади.
Шу билан бирга, Финляндияда ўқув жараёнлари вақтида ўқувчилар вазифаларни дарсликларда кўрсатилган йўриқномалар асосида эмас, балки ўзлари учун қулай бўлган усул ёрдамида бажаришлари мумкин. Бунда энг муҳими, ўқувчининг қоидаларга бўйсуниши эмас, маълум вазифани бажаришда ўзининг мустақил фикрига эга бўлишидир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Таълим инспекцияси томонидан ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича Финляндия тажрибасини ўрганиш ишлари бир йил илгари бошлаган эди. Ўтган давр мобайнида Финляндияда амалда бўлган умумий ўрта (таянч) маълумот олиш учун давлат мажбурий таълим дастури ўзбек тилига таржима қилиниб, изчиллик билан ўрганилди, мавзу юзасидан фин экспертлари иштирокида семинарлар ташкил қилинди. Натижада 22 та фан бўйича узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурлари ишлаб чиқишда ушбу мамлакат тажрибасидан ҳам фойдаланилди, дея хабар беради Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати.