“Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари жорий йилнинг 10 ноябрь куни Франкфуртда шаҳар Кенгаши раиси Хилиме Арсланер билан учрашди. Мазкур учрашув Ўзбекистон делегациясининг Германия Федератив Республикасига хизмат сафари доирасида ташкил этилди.
Мулоқот давомида немис томони Франкфурт шаҳридаги аҳоли таркиби, шаҳар Кенгашидаги сиёсий партиялар ўрни, ундаги турли соҳалар бўйича комиссиялар таркиби, шаҳардаги коалицион ҳукуматнинг фаолият асослари каби масалалар юзасидан қисқача тақдимот ўтказди. Шунингдек, учрашувда Франкфурт шаҳар Кенгаши мисолида Германиянинг маҳаллий вакиллик органлари фаолияти тажрибаси муҳокама қилинди.
Самимий мулоқот давомида немис томони ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди. Бу жиҳатдан амалий қадамларни мувофиқлаштириш учун мунтазам алоқаларни сақлаб туришга келишиб олинди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларининг Германияга сафари ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори кўмагида ташкил этилди.