Жиноят ҳуқуқи назариясида "айб" деганда шахснинг содир этган ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) ва унинг оқибатларига (қасддан ёки эҳтиётсизлик кўринишидаги) бўлган руҳий муносабати тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 28-моддаси 1-қисмида ҳар бир шахснинг айбсизлик презумпциясига оид ҳуқуқи белгиланган ва бу амалдаги миллий қонунларнинг мазкур йўналишда ривожланишига асос бўлиб хизмат қилади.
Бинобарин, Жиноят ва Жиноят процессуал кодексларининг тегишли моддалари юқоридаги қоидага кўра шакллантирилган. Хусусан, ЖКнинг қонунийлик принципи деб номланган 4-моддасида “ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб жиноят содир қилишда айбли деб топилиши ва қонунга хилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас”лиги Конституциянинг 28-моддасида кафолатланган айбсизлик презумпциясига асосланган.
Айбсизлик презумпциясига кўра, жиноят содир этгани исботланган шахсга қўлланган унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш чоралари айбланувчи ёки айбланаётганга қўлланиши мумкин эмас. Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланмагунга қадар айбсиз ҳисобланиши таъкидланган.
Мазкур моддада юқоридаги конституциявий қоида кенгроқ талқин этилган, яъни:
а) гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади;
б) гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас;
в) айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим.
Юқорида келтирилган қонун нормалари мамлакатимиз жиноят процессида жиноят содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг айбсизлиги фараз қилиниши, исботланмаган айби бўйича оқлов ҳукми чиқарилиши ва судланувчининг тўлиқ реабилитация қилинишини кўрсатади.
Айнан ушбу қоидалар ҳам айбсизлик презумпциясининг мазмунини ифодалайди, барча фараз ва гумонларнинг судланувчи фойдасига ҳал этилишини билдиради. Бундан ташқари, жиноят содир этган шахснинг айбдорлигини исботлаш суриштирувчи, терговчи ва суднинг вазифасидир (ЖПК 86-м.). Айбланувчи ҳам ўзининг ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланиб, айбсиз эканини исботлашга ҳақли, бироқ ушбу фаолият унинг мажбурияти ҳисобланмайди.
ЖПК 23-моддаси 2-қисмида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги белгиланган. Улар ушбу ҳуқуқдан ўзи мустақил ёки ҳимоячиси орқали фойдаланиши мумкин. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароит яратиб берилади.
Иш бўйича адвокат Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ белгиланади. Бу масалани ҳал қилишда биринчи галда айбланувчининг хоҳиши ҳисобга олинади. У адвокатдан воз кечиши ҳам мумкин. Лекин айрим ҳолатлар бўйича адвокатнинг қатнашиши мажбурийдир. Масалан, агар айбланувчи муомала лаёқатига эга бўлмаган, соқов, кўр бўлса ва жисмоний, руҳий заифлиги туфайли ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, шунингдек, у суд олиб борилаётган тилни билмаса, ишда адвокат иштирок этиши шарт.
Мамлакатимизда суд тизимининг ҳуқуқий аосларини мустаҳкамлаш ва либераллаштириш, судлар мустақиллигию масъулиятини ошириш, уларнинг роли ва таъсирини кучайтиришга қаратилган ислоҳатлар изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичи бўлди. Унда судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини оширишга қаратилган янгилик сифатида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтининг бекор қилинаётгани ҳам айбсизлик презумпциясининг янада таъминланишига хизмат қилади.
Айбсизлик презумпцияси шахс ҳуқуқлари, қонунийлик ва барқарорликнинг муҳим конституциявий кафолати бўлиб, у бебаҳо ахлоқий моҳиятга ва муҳим ҳуқуқий оқибатга эгадир. Айнан мазкур конституциявий кафолатга кўра, у ёки бу жамиятдаги демократия, инсонпарварлик ва адолат даражасига баҳо бериш мумкин. Ушбу қоида ҳуқуқий давлатнинг ажралмас (бевосита) элементи ҳисобланади.
Қ.Абдурасулова,
Тошкент давлат юридик университети профессори,
юридик фанлари доктори