Тошкентда икки кун давомида бўлиб ўтган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми турли фикрларга бой бўлди. Форум иштирокчилари мазкур анжуманнинг аҳамияти ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.
Доктор Эрик Женсен,
АҚШ Бригама Янга университети профессори
– Қайсики юртда аҳолининг ҳар қандай тоифаси ўз дини, эътиқодини эркин намоён қиларкан, одатда, ўша заминда фуқаролар ўзларини шу Ватанга дахлдор, барча жараёнларга жалб этилган ҳис этади. Пировардида айнан шу ҳолат миллий хавфсизлик мустаҳкамланишига хизмат қилади. Диний эътиқод эркинлиги, бу аввало, ҳукумат диний озчилик вакилларини жамиятдан ажратиб қўймаслиги, уларни таъқиб этмаслиги, бошқа юртларга кўчиб кетишга мажбур қилмаслиги билан боғлиқ.
Тўғри, замонавий дунёмиз диний экстремизм тушунчасидан бутунлай холи, дея олмаймиз. Инсонларнинг вазифаси, шундай салбий ғоялар таъсирига тушиб қолган кишиларга миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, турли йўллар билан ёрдам беришдир.
Шу ўринда айни йўналиш бўйича Ўзбекистонда сўнгги йиллар сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берганини таъкидлаб ўтишим керак. Мамлакатингиз йилдан-йилга эътиқод эркинлиги дадил қадамлар ташламоқда. Ҳукумат дин ва эътиқод соҳасини миллий хавфсизликни қўллаб-қувватлаш масаласи билан уйғун мувофиқлаштириб боряпти.