Учрашувда икки мамлакат сўнгги бир неча йил ичида аграр секторда савдони диверсификация қилишга муваффақ бўлганлиги, аммо ҳали ҳам фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Томонлар маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига ўзаро кириб бориши учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш орқали товар айирбошлаш ҳажмини ошириш зарурлиги хусусида якдил фикрга келдилар. Ўзбекистон 6 номдаги ҳинд маҳсулотларини, шу жумладан банан, манго, соя ва гуручни импорт қилиш учун фитосанитария рухсатномаларини тақдим этди. Ўз навбатида, Ҳиндистон томони узум, анор, олма, хурмо, қалампир, помидор, бодом ва тарвуз каби ўзбек агросаноат маҳсулотларига рухсат бериш имкониятини кўриб чиқяпти.

Музокараларда айрим қишлоқ хўжалиги компанияларининг инвестиция режалари билан боғлик масалалар муҳокама этилди. Жумладан, ҳозирги вақтда Ҳиндистоннинг Indo Organics компанияси тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни йўлга қўймоқчи. Бундай технологик лойиҳаларни рўёбга чиқаришда амалий ёрдам кўрсатишга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида томонлар янги юқори даромадли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва эришилган барча келишувларни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳамкорликни кенгайтиришда давом этишга содиқликни билдирдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.