Замонамизга хос халқаро муносабатлар тез ўзгарувчан жараёнлар билан чамбарчас боғлиқки, бундай мураккаб шароитда ҳар бир мамлакат ҳар томонлама ишончли ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга интилади. Шу жиҳатдан Евроосиё қитъасининг катта қисмини қамраб олган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ўз салоҳияти билан жуда катта аҳамият касб этмоқда.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 декабрь куни бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлиси ҳам бунинг яна бир тасдиғи бўлди.

Шуниси эътиборлики, жорий йилда Ўзбекистон илк бор МДҲ кенгаши йиғилишига раислик қилди ва раислик концепциясининг тўлиқ бажарганлиги тузилма иштирокчилари томонидан ҳам бир овоздан эътироф этилмоқда. Ваҳоланки, бу жараён ўта мураккаб шароитда – глобал пандемия даврида кечди. Шунга қарамай, ташкилот фаолияти тугаб бораётган йилда ҳар қачонгидан ҳам фаол бўлди, дейишимиз мумкин. Хусусан, республикамиз раислигида 60 га яқин кўп томонлама тадбирлар ўтказилди. 70 дан ортиқ муҳим ҳужжат қабул қилинди.  2030 йилгача мўлжалланган Иқтисодий тараққиёт стратегияси, транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати соҳаларидаги ҳамкорлик стратегиялари қабул қилинди.  Шу билан бир қаторда МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Кенгаши, Иқтисодий кенгаш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва тузилманинг бошқа низом ҳамда тармоқ органлари мажлислари ўтказилди.

Шу пайтгача инсоният тарихидаги энг оғир синовлардан бўлган пандемия шароитида МДҲда раислик қилаётган Ўзбекистон, аввало, тузилма доирасида иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш вазифасига алоҳида эътибор қаратди. Шу маънода МДҲ Иқтисодий кенгаши фаолияти юзасидан режалаштирилган барча тадбирларни юқори даражада ўтказиш учун анчагина саъй-ҳаракат ва янги ёндашувлар талаб этилди. Коронавирус пандемияси сабабли пайдо бўлган хавфсизлик ва транспорт билан боғлик чекловлар, масофадан туриб ишлаш шаклига ўтиш мулоқотнинг янги воситаларини излашга мажбур этди. Ўзбекистон томони бунда янги технологиялардан фойдаланиб, тадбирларни қисман бевосита, қисман видеоконференцалоқа тизимида ташкил этди. Шу тариқа, Ўзбекистон раислиги доирасида унинг олдига қўйилган барча вазифалар муваффақиятли ҳал қилинди. Жумладан, бир йил мобайнида Ўзбекистон МДҲ Иқтисодий кенгаши доирасида 115 та масалани кўриб чиқди, уларнинг катта қисми маъқулланди.

Қабул қилинган асосий ҳужжатлар орасида МДҲнинг 2030 йилгача бўлган даврда иқтисодий ривожланиши стратегияси, ушбу стратегиянинг дастлабки босқичини амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси ва бошқаларни келтириш мумкин. Шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси ва Минтақалараро ҳамкорлик стратегияси ҳам шулар жумласидан. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатлар муваффақиятли қабул қилинди.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистон 18 декабрь куни бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитига салмоқли натижалар билан келди. Саммитда сўзга чиқар экан, Давлатимиз раҳбари саноат кооперацияси бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди. Бунда агросаноат, машинасозлик, электротехника, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа устувор тармоқларда қўшма кластерлар ташкил этиш назарда тутилади. Ушбу дастур ҳамда инновацион лойиҳалар ва илғор технологиялар тақдимотини келгуси йил Тошкент шаҳрида ўтадиган МДҲ мамлакатлари саноат кооперацияси форуми доирасида ўтказиш таклиф этилди.

Президентимиз форумда айнан шу масалага алоҳида тўхталгани бежиз эмас. Шуниси эътиборлики, иқтисодий тараққиётнинг жорий босқичида саноат кооперацияси – нафақат ишлаб чиқариш соҳасида, балки хизмат кўрсатиш, илмий-техник ва инновацион соҳаларда ҳам турли-туман шаклдаги ўзаро ҳамкорликнинг бутун бир тизими ҳисобланади. Ҳозирда хизматлар, инвестициялар, ишчи кучи ҳаракати каби омилларни ҳисобга олмай туриб ишлаб чиқариш занжирлари самараси ҳақида сўз юритиш мумкин эмас. Шу жиҳатдан, Ҳамдўстлик мамлакатларининг глобал миқёсда рақобатбардошлигини таъминлаш учун айнан иқтисодий интеграциялашувни чуқурлаштириш лозим. 

Бу масалада МДҲга хос улкан салоҳиятдан фойдаланиш учун қўшма кооперацион лойиҳаларни рағбатлантириш  ва бунинг натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ўзаро манфаатли шартларда учинчи мамлакатларга экспорт қилиш схемаларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Айни ҳолатда эришиладиган асосий натижа шундан иборатки, якуний маҳсулот (товар ёки хизмат) нафақат ички, балки ташқи бозорларда ҳам рақобатбардош бўлади. Шу тариқа, саноат кооперацияси асосида инновациялардан фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш, ходимлар малакасини муттасил ошириш натижасида корхоналарнинг рақобатбардошлиги ошгани сайин, МДҲ ҳудудидаги кооперацион алоқалар ривожланаверади, демакки, иқтисодий манфаатдорлик ҳам юксалади. Энг муҳими, янги корхоналар пайдо бўлади ва бу янги иш ўринлари яратилишига замин яратади.

Албатта, Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида мен давлатимиз раҳбари томондан Саммитда урғу берилган яна бир масалага тўхталишим жоиз. Хусусан, анжуманда МДҲ маконида дўстлик ва яқин ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентларнинг ўрни ортиб бораётгани таъкидланди. Президентимиз Ўзбекистон келгуси йилда МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг йиғилишларидан бирини пойтахтимизда ўтказишга тайёрлигини билдирди. Бу жуда муҳим. Зеро МДҲ Парламентлараро ассамблеяси,  аввало, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар томонидан турли соҳалардаги қонунчилик негизини янада такомиллаштириш, ижтимоий сиёсат, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, гуманитар ва маданий ҳамкорлик масалаларини ҳал қилишга нисбатан келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишда алоҳида ўрин тутади.

Жорий йилда ўтказилган Парламентлараро ассамблея тадбирларида кўриб чиқилган кўплаб модель қонунлар ва норматив ҳужжатларнинг ҳар бири айнан ҳозирги пайтда долзарб масалалар ечими нуқтаи назаридан МДҲга аъзо мамлакатлар тараққиётида қўйилган муҳим қадамлар бўлди. Шу ўринда айтиш жоизки, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси бевосита Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини шакллантиришнинг бошида турган институт ҳисобланиб, унинг ҳуқуқий майдони шаклланишига катта ҳисса қўшган. Ҳозирда МДҲ Парламентлараро ассамблея Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар миллий қонунчилигини ўзаро яқинлаштириш ва уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг натижасида қабул қилинаётган намунавий ҳужжатлар ва тавсиялар ушбу йўналишдаги тараққиётга хизмат қилиши, шубҳасиз.  Шунингдек, МДҲ Парламентлараро ассамблея Ҳамдўстлик иштирокчилари бўлган мамлакатлар ўртасида хуқуқий тусдаги маълумот алмашинувини ташкил этмоқда. МДҲ доирасида имзоланган келишувларни парламентлар томонидан ратификация қилиш тартиб-таомилларини синхронлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиб, парламентлараро амалий ҳамкорликни таъминламоқда. Бу эса, ўз навбатида, халқаро майдонда муҳим бирлаштирувчи куч ҳисобланган парламент  дипломатияси ривожига хизмат қиляпти.

Шу маънода, МДҲ саммитида давлатимиз томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар қисқа муддатда бутун минтақада уйғун иқтисодий-ижтимоий ривожланишни таъминлаш, глобал пандемиянинг оқибатларини бартараф этиш, ўзаро манфаатли ва ишончли ҳамкорликни, миллатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда  ўз натижаларини намоён этишига ишончимиз комил.

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлис Сенати хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси