Кун тартибидан икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида алоқаларини фаоллаштириш ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олди.
Шу тариқа, Вьетнам Савдо-саноат палатаси президенти Фам Тан Конг билан икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар муҳокама этилди.
Давра суҳбати тарзида ўтган учрашувда электротехника, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда фаолият юритувчи 10 та корхона раҳбарлари ҳам иштирок этди. «G2B» ва «B2B» музокаралари сессияси ишбилармон доираларга ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, қатор йирик инвестициявий ва савдо лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
МТТ директори Нгуен Ван Тхан билан суҳбатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш масалалари муҳокама этилди. Корхона раҳбарияти мамлакатимизда бизнес юритишнинг муваффақиятли тажрибасидан келиб чиқиб, балиқ етиштириш ва озуқа ишлаб чиқариш йўналишларидаги янги лойиҳалар орқали фаолиятини кенгайтириш ниятини билдирди.
Vietnam National Textile and Garment Group раиси В.Анём билан мулоқотда тўқимачилик саноатида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича келишиб олинди.
Маълумот учун: Vietnam National Textile and Garment Group ҳозирда мамлакатдаги энг йирик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Корхона 12 та ишлаб чиқариш заводига эга ва 50 та давлатга маҳсулот экспорт қилади.
PetroVietnam Давлат корпорацияси раиси Ле Ман Хун билан нефть-газ ва нефть-кимё саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилди. Томонлар бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, геология-қидирув лойиҳалари бўйича сармоявий ташаббусларни ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
1954 COMPANY Бош директори А. Пҳунг Вьетнамнинг илғор тажрибасига асосланган йирик шоли етиштирувчи кластерларни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди. Гап экинлар ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириш имконини берувчи униб чиққан ниҳолларни экиш ва учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида кимёвий ўғитларни пуркашнинг янги технологияси ҳақида борди.
Учрашувлар якунлари бўйича иштирокчилар ўзаро ҳамкорликнинг барча муҳокама этилган йўналишларида ҳамкорликни фаоллаштиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар ва муҳокама этилган лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.